Ядровий чегара

Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида
ESCENARIOMUNDIAL.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

2025 йил 13 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасидаги мангу сиёсий зиддият тезда очиқ ҳарбий қарама-қаршиликка айланиб кетди. Исроил Эроннинг ядро ва ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари билан операция бошлади, юқори мартабали ҳарбийлар ва олимларни ўлдирди ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилди. Эрон бунга жавобан Исроилга йирик ракета ҳужумларини уюштирди, ҳарбий базалар ва Тел-Авив каби шаҳарларни нишонга олди ва бу қурбонлар ва вайронагарчиликларга олиб келди.

Икки кундан кейин можаро янги босқичга кўтарилди: Эрон ҳужумлари Исроилдаги тинч аҳолини қамраб олди, болалар ҳалок бўлди ва юзлаб одамлар жароҳатланди, Исроил эса Эроннинг ҳарбий салоҳиятини мунтазам равишда йўқ қилганини даъво қилди.

Можаро нефть нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди ва глобал эскалация қўрқувини оширди. Исроил Бош вазири Эроннинг ядровий таҳдиди бартараф этилмагунича операцияни давом эттириш қатъиятини таъкидлади, таҳлилчилар эса Қўшма Штатлар иштирок этиши ва можаро янада кенгайиш хавфига ишора қилмоқда...

Бу воқеалар Эрон ядро қуролига эгами ёки йўқми, агар бўлмаса, яқин келажакда уни яратиш имкониятлари қандай деган саволни яна бир бор кўтарди.

Ғарб давлатлари Эронда ядровий бомбани тезда яратиш учун зарур бўлган барча нарса мавжуд, деб ҳисоблайди, аммо мамлакат аллақачон бу қадамни қўйишга қарор қилганига тўлиқ ишонч йўқ. Исроил Эрон ҳарбий-саноат мажмуасига қилинган ҳужумни изоҳлар экан, ўзининг расмий мақсади дея ўз хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблаган Эрон ядровий дастурини йўқ қилиш эканини таъкидлади. Бу ҳақда ўтган жума куни Бош вазир Бенямин Нетаняху: «Бу бир йил ичида ёки бир неча ой ичида содир бўлиши мумкин», — деди у Эроннинг атом бомбасини яратишдаги муваффақиятига ишора қилиб. Аммо шуни таъкидлаш лозим, Исроил ўз даъволарини тасдиқловчи ҳеч қандай ишончли далилларни ҳозирча тақдим этмаган.

Исроил ҳарбийлари ва разведкаси расмийлари, масалан, Теҳроннинг ядровий бомба учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришдаги «аниқ муваффақиятлари»ни тилга олади. Жумладан, улар Эрон нейтронни ишга тушириш манбаларини ишлаб чиққанини даъво қилмоқда — бу қурилма реактор ёки ядровий бомбада ядровий занжир реакциясини қўзғатувчи заррачаларнинг оз миқдорини ишлаб чиқади. Бироқ, бу иддао Исроилнинг асосий иттифоқчиси АҚШ позициясига зид келади: жорий йил 25 март куни АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбард Эрон ҳозирда ядро қуролини фаол ривожлантирмаётганини айтганди.

«Разведка қўмитаси аввалгидек Эрон ядро қуроли яратмаётганини ва олий раҳбар Хоманаий 2003 йили тўхтатиб қўйган ядровий қурол дастурига рухсат бермаган, дея ҳисоблайди», — деганди у Сенат разведка қўмитасининг тингловида.

Габбард Хоманаийнинг фатвосини ҳам келтирган, унда у Ислом дини ядро қуролидан фойдаланишни тақиқлашини айтади, бу эса мамлакат атом доктринасининг асосига айланган.

Бироқ, Ғарб давлатлари ҳамон Эроннинг юқори даражада бойитилган уран заҳирасига эга эканини таъкидлаб, ядровий бомба яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини тезлаштириши мумкинлигидан гумон қилмоқда. Уранни атом электр станцияларида ишлатиш учун уни фақат 5% гача бойитиш керак. 20% дан юқори уран фақат сув ости кемалари ёки тадқиқот реакторлари учун мос келади. Эрон ҳозирда уранни 60 фоизгача бойитмоқда, бу эса бомба яратиш учун зарур бўлган 90 фоизга яқин. Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЭ) 31 майдаги сўнгги квартал ҳисоботига кўра, Эроннинг 60 фоизгача бойитилган уран захираси 408 килограммдан ортиқни ташкил этади, бунда концентрация 90 фоизга оширилса, тўққизта ядро каллакларини яратиш учун етарли. Февраль ойида захира 274 кг ни ташкил этган.

МАГАТЭ ҳисоботида қайд этилишича, агентлик назорати остида уранни бойитиш фаолияти тақиқланмаган бўлса-да, Эроннинг бундай заҳирасига эга бўлиши жиддий хавотирларни уйғотади, хусусан, Эрон 60 фоизгача бойитилган уран ишлаб чиқарадиган ва сақлайдиган ядро қуролига эга бўлмаган ягона давлатдир.

Бироқ, ҳисоботда Эрон ядровий бомба яратишга яқин экани даъво қилинмаган ва эълон қилинмаган ядровий дастур ҳақида далиллар ҳам келтирилмаган. У фақат Теҳронни инспекторлар билан етарлича ҳамкорлик қилмагани учун танқид қилади.

Қатар университети қошидаги Форс кўрфази тадқиқотлари маркази профессори Луциано Заккарга кўра, на МАГАТЭ ҳисоботи, на бошқарув кенгаши резолюцияси Исроил ҳужумини оқламайди. Унинг қайд этишича, ҳужжат мазмуни сўнгги 20 йил давомида айтилганлардан фарқ қилмайди: инспекторлар объектларда радиоактивлик изларини топганлар, бироқ Эрон уларнинг келиб чиқишини тушунтирмаган. Бу танқид ўзгаришсиз қолмоқда, аммо ҳарбий ядро дастури мавжудлигини исботламайди.

Эроннинг атом бомбасига бўлган қизиқиши Ислом инқилобидан олдин бошланган. АҚШ иттифоқчиси Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида биринчи ядровий дастур бошланган. 2015 йили Эрон АҚШ, Франция, Буюк Британия, Россия, Хитой, Германия ва Европа Иттифоқи билан биргаликда кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолаб, ядровий амбицияларини жиловлаш ва бойитилган уран заҳираларининг 97 фоизини йўқ қилишга ваъда берган.

Теҳрон уранни 3,75% дан ортиқ бойитмасликка, 200 кг дан кўп бўлмаган материални сақлашга ва санкцияларни юмшатиш эвазига қаттиқ текширувдан ўтишга рози бўлган. 2018 йили Эрон келишувга деярли қаттиқ итоат қилиб келаётган пайбда Дональд Трамп Исроил маслаҳатига кўра бир томонлама келишувдан чиқди. Қўшма Штатлар санкцияларни қайта жорий қилди ва Эрон энди ўзини келишувга боғлиқ деб ҳисобламади, чекловларни бузди ва ўрнатилган лимитдан ошиб кетди. 2021 йили Эрон сўнгги ҳужумнинг асосий нишонларидан бири бўлган Натанз заводида уранни 60 фоизгача бойитишни бошлади.

2025 йил апрель ойида МАГАТЭ директори Рафаэль Гросси Эроннинг собиқ юқори мартабали амалдорлари Теҳрон тезда ядро қуролини яратиш имкониятига эга эканини тан олишганини айтганди. Эрон, шунингдек, назарий жиҳатдан ядро каллакларини ўзига жойлаштириши мумкин бўлган катта баллистик ракета арсеналига эга. Бироқ, бунинг учун нафақат бомбани ясаш, балки уни ракетага сиғадиган қилиб кичрайтириш ҳам талаб қилинади. Эрон бундай жанговар каллакни қачон яратиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Гросси: «Вақт ҳар доим шартли тушунча. Лекин бу кўп вақт талаб қилмайди. Бу йиллар эмас, ойлар масаласидир», — дея жаоб берганди.

Эрон чеварагидаги ҳозирги вазият бизга кўп жиҳатдан яқин ўтмишни эслатади, ўшанда оммавий қирғин қуролига эга бўлиш айбловлари ҳарбий аралашув учун баҳонага айланганди.

Гап 2003 йил АҚШнинг Ироққа бостириб кириши ҳақида кетмоқда. Ўшанда Жорж Буш маъмурияти Саддам Ҳусайн кимёвий ва биологик қуроллар яратиб, яширган, шунингдек, ядровий дастурни қайта тиклашга уринаётганини даъво қилган эди. Ушбу баёнотлар ҳарбий операцияни оқлаш учун фаол ишлатилган, аммо мамлакат босиб олинганидан кейин оммавий қирғин қуроллари мавжудлигини тасдиқловчи далиллар топилмаган.

Парадокс шундаки, Исроил ҳужуми тескари таъсир кўрсатиши мумкин: оқибатда Эрон ўзини ҳимоя қилиш учун ядровий кучга айланиши кераклигига ишонтиради. Айтганча, Исроил аллақачон бундай кучга эга, гарчи у буни ҳеч қачон расман тан олмаган.

Американинг Quincy таҳлил маркази вице-президенти Трита Парси таъкидлаганидек, «ҳеч нарса ҳақиқий ҳужум каби ядровий тўсиқни қўлга киритиш истагини кучайтирмайди». Шунингдек, у Исроил ҳужуми тескари натижа бериши ва Эронни ядровий давлатга айланиш зарурлигига ишонтириши мумкинлигидан огоҳлантиради.

АҚШ разведка бошқармаси директори Турси Габбард ўз чиқишларида Эронда ядровий қуролни оммавий муҳокама қилиш тақиқи аста-секин барҳам топаётганини, бу эса Эрон раҳбарияти ичида ядровий бомба яратиш тарафдорларининг позициясини кучайтириши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаганди.

2024 йил октябрь ойида 39 нафар ўта консерватив депутат Миллий хавфсизлик Олий Кенгашига мамлакат ядровий доктринасини қайта кўриб чиқишни сўраб мактуб йўллаган. Мактуб муаллифларидан бири, депутат Ҳасан Али Ахлаги Амирий буни, унинг фикрича, ҳеч бир халқаро ташкилот, ҳатто Европа давлатлари ва АҚШ томонидан ҳам назорат қилинмаган Исроилни тийиб туриш учун ядровий қурол яратиш зарурлиги билан изоҳлаган.

Шундай қилиб, Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий таранглик хавфли доирани юзага келтирди, бу эрда янги ядровий давлат пайдо бўлишига қарши уринишлар мутлақо тескари натижага олиб келиши мумкин.

Исроилнинг Эрон ядровий дастурини куч билан зарарсизлантириш истаги тинч йўл билан тўхтатилиши керак бўлган жараённи парадоксал тарзда тезлаштиради.

Сўнгги ойлардаги воқеалар Эрон жамияти ва сиёсий элитасида туб ўзгаришларни кўрсатмоқда: ядровий қуролни анъанавий рад этишдан тортиб, уни миллий хавфсизликнинг зарур элементи сифатида фаол муҳокама қилишга қадар. Кўп йиллик табуларнинг барбод бўлиши ва депутатлар томонидан ядровий доктринани қайта кўриб чиқиш талаблари кучайиб бораётгани ташқи босим диний ва сиёсий сабабларга кўра шу пайтгача атом бомбасини яратишдан ўзини тийган мамлакатнинг ички динамикасини тубдан ўзгартириши мумкинлигини кўрсатади.

▫️Вазиятнинг истеҳзоли томони шундаки, минтақадаги ягона ядровий кучга эга мамлакат бу борада ўз монополиясини сақлаб қолишга ҳаракат қилган ҳолда ўз уринишлари билан беихтиёр рақобатчини пайдо қилиши мумкин. Тарих шуни кўрсатадики, айнан экзистенциал таҳдид туйғуси давлатларни ядро қуролини яратишга қарор қилишларига асосий рағбат бўлади. Шу нуқтаи назардан, Исроилнинг Эрон объектларига зарбалари ядро таҳдидининг олдини олиш эмас, балки Теҳроннинг ядровий дастури учун катализатор бўлиши ва потенциал таҳдидни ҳақиқатга айлантириши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ