Европанинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикеланинг 2025 йил 12-18 март кунлари Марказий Осиёнинг бешта давлатига кенг қамровли ташрифи якунланди. Ушбу ташриф Европа Иттифоқи ва минтақа давлатлари ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришда муҳим босқич бўлди ва бунинг натижасида бир қатор муҳим шартномалар имзоланди. Ташриф 2025 йил 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити олдидан ташкил этилди ва у Европа Иттифоқининг минтақадаги Global Gateway инвестиция стратегиясини кенгайтиришга қаратилган. Батафсил маълумотлар — «Фарғона» директори Даниил Кислов мақоласида.
Ташрифнинг стратегик мақсадлари ва Global Gateway дастури
Йозеф Сикела ўз ташрифи олдидан ундан кўзланган асосий мақсадларни айтиб ўтган эди: «Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим ҳамкор ҳисобланади ва бизнинг ҳамкорлигимиз келажакда катта имкониятлар яратади. Ҳозирги глобал муаммолар ҳар қачонгидан ҳам кучли ҳамкорликка эҳтиёж борлигини урғуламоқда ва мен ўз миссиям давомида буни кучайтиришни мақсад қилганман».
Комиссар ташрифидан кўзланган мақсад янги иш ўринлари яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишга қаратилган Global Gateway инвестиция стратегияси кўламини кенгайтиришдан иборат эканини таъкидлади.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен бошчилигида ишлаб чиқилган Global Gateway дастури Хитойнинг «Бир камар ва бир йўл» ташаббусига нисбатан Европа томонидан ишлаб чиқилган муқобил лойиҳадир. Ушбу стратегия доирасида Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг тўртта асосий йўналишига эътибор қаратади:
👉 Транскаспий транспорт йўлагига алоҳида эътибор қаратган ҳолда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;
👉 муҳим хомашё соҳасида ҳамкорлик;
👉 ҳудудда рақамли коммуникацияларни такомиллаштириш;
👉 сув, энергетика ва иқлим соҳаларини ривожлантириш.
Ўзбекистон: ташриф давомида имзоланган асосий келишувлар
18 март куни Тошкентда Марказий Осиё учун Европа сунъий йўлдош интернет дастури (TEI Digital Connectivity) бўйича келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Битимларнинг томонлари Европа Иттифоқи, Expertise France халқаро техник ҳамкорлик агентлиги, Европа провайдери SES ва Европа инвестиция банки бўлди.
«Мен Expertise France билан шартнома имзолаганимдан фахрланаман. Марказий осиёлик ҳамкорларимиз билан биргаликда сунъий йўлдош алоқаси сиёсати ва меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш устида ишлаймиз. Бу иш барчага, жумладан, қишлоқ жойларида ҳам очиқ, хавфсиз интернетдан фойдаланиш имконини беради», — деди Йозеф Сикела.
Иккинчи келишув Европа инвестиция банки ва SES ўртасида инфратузилмани ривожлантиришга тегишли эди. Европа Иттифоқи гранти ва ЕИБ кредити эвазига SES компанияси Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг чекка ҳудудларини интернет тармоғига улаш учун сунъий йўлдош технологиялари ва ер терминалларини жойлаштиради.
Қозоғистон: «муҳим хом ашё» ва транспорт бўйича келишувлар
13 март куни Остона шаҳрида яна иккита муҳим келишув имзоланди. Биринчиси, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида муҳим хомашё соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 3 миллион евролик шартнома. «Ҳужжат қўшма лойиҳаларни аниқлаш ва муҳим хомашё секторида барқарор ва масъулиятли таъминот занжирларини яратиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни илгари суришда ёрдам беради», — дейилади пресс-релизда.
Шу нуқтаи назардан, «муҳим хомашё» Европага технологик етакчилик ва энергетика мустақиллигини, Қозоғистонга эса инвестицияларни жалб қилиш ва жаҳон иқтисодиётидаги ролини кучайтириш имкониятини берувчи ресурслардир. Бунга нодир металлар, литий, кобальт, уран ва юқори технологияли саноат, жумладан, аккумулятор ишлаб чиқариш, қайта тикланадиган энергия, рақамли технологиялар, мудофаа ва космик соҳалар учун зарур бўлган бошқа материаллар киради. Оддий сўз билан айтганда, булар АҚШ президенти Дональд Трамп Украинадан олмоқчи бўлган айни ноёб металлардир.
Иккинчиси, Европа инвестиция банки ва Қозоғистон тараққиёт банки ўртасида 200 миллион евро миқдоридаги 18 миллион евролик Евроиттифоқ кафолати билан тузилган кредит шартномаси бўлди. Ушбу маблағ барқарор транспорт ва қайта тикланадиган энергия манбаларига инвестициялар киритишни дастаклашга йўналтирилади.
Тожикистон: энергия йўқотишларини камайтириш, пахтачилик ва таълимни қўллаб-қувватлаш
14 март куни Душанбеда иккита шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Биринчиси Европа Иттифоқи мамлакатлари, ЕИБ ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)ни ўз ичига олган Team Europe (Европа жамоаси ) ҳамкорлари билан имзоланди. Ҳужжатга кўра, ЕТТБ Тожикистонга электр тармоқларини модернизация қилиш, энергия йўқотишларини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини модернизация қилиш учун 20 миллион евро миқдорида инвестиция гранти ажратади.
Европа Иттифоқи ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Тожикистон пахта секторида барқарорликни таъминлаш учун 20 миллион евро миқдоридаги грант шартномасини имзолади.
Бундан ташқари, 30 миллион евролик бюджетни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 10 миллион евро ажратилиши эълон қилинди. Ушбу маблағ 2030 йилгача Таълимни ривожлантириш миллий стратегияси ва 2021-2025 йиллари Касб-ҳунар таълими дастурини амалга оширишга йўналтирилади. Асосий мақсад Тожикистонда ўрта таълим ва касб-ҳунар таълими сифати ва долзарблигини оширишдан иборат.
Бўлажак Европа Иттифоқи-Марказий Осиё саммити
Европа комиссари Йозеф Сикеланинг Марказий Осиёга ташрифи 2025 йил 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида (Ўзбекистон) ўтказилиши режалаштирилган ЕИ – Марказий Осиё саммити олдидан муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади. Саммит Европа томонининг минтақа билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва эришилган келишувларни мустаҳкамлаш борасидаги дипломатик саъй-ҳаракатларининг якуни бўлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтадиган тадбирда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Йиғилишда Европа Иттифоқидан Европа Кенгаши президенти Антониу Коста ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен иштирок этади.
Саммитда турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, транспорт, рақамли алоқа, стратегик хомашё, иқтисодиёт ва энергетика хавфсизлиги, тоза энергия манбаларига ўтиш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Минтақада ўзгариб бораётган геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Хулоса
Йозеф Сикела сафари чоғида имзоланган, жумладан, сунъий йўлдош интернети ва муҳим хомашё соҳаларида келишувлар саммитдаги кейинги муҳокамалар ва қарорлар учун асос бўлади. Саммит якунида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун 2030 йилга қадар мўлжалланган Global Gateway стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси қабул қилиниши кутилмоқда.
Йозеф Сикела ташрифи ва бўлажак саммит Марказий Осиё минтақасида Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой ўртасида геосиёсий рақобат кучайиб бораётган шароитда ўтмоқда. ЕИ давлатлари постсовет маконини биринчи навбатда етакчи ўйинчилар ўртасидаги рақобат зонаси сифатида кўради ва уларнинг мавжудлиги Россия ва Хитой иштирокидаги интеграция жараёнларининг кучайишига йўл қўймайди.
Европа Иттифоқи Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда, зеро бу йўл «Европа ва Осиёни 15 кун ёки ундан ҳам камроқ вақт ичида боғлайдиган тез ва хавфсиз йўналиш ҳамда Россия ва Қизил денгиз орқали ўтадиган йўналишларга муқобил» вариант сифатида кўрилади.
Европа иқтисодиётини модернизация қилиш учун зарур бўлган муҳим хомашёдан фойдаланиш ҳам Европа Иттифоқи учун стратегик аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан Қозоғистон билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади, буни Сикеланинг сўзлари тасдиқлайди: «Европа иқтисодиётимизни модернизация қилиш учун зарур бўлган муҳим хомашёдан ишончли фойдаланишга муҳтож ва биз уларни қазиб олиш ва ривожлантиришда Қозоғистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоримиз».
Йозеф Сикела ташрифи давомида имзоланган келишувлар Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатларига ҳамкорликнинг муқобил вариантларини таклиф қилиш орқали минтақадаги ўз мавқеини мустаҳкамлаш истагини кўрсатади.
Апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган саммит ҳамкорликни кенгайтириш тенденциясини мустаҳкамлаган ва Global Gateway стратегияси доирасида аниқ лойиҳаларни амалга оширган ҳолда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда муҳим босқич бўлиши лозим. Шунингдек, у ўзгарувчан глобал архитектура шароитида минтақалар ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий мулоқотга янги туртки бериши мумкин.
Европа Иттифоқи минтақа давлатларини Европа тизими билан боғлаш механизмлари бўлиб хизмат қиладиган транспорт, логистика ва энергетика дастурларига эътибор қаратган ҳолда Марказий Осиёда ўз стратегиясини ривожлантиришда давом этмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш, инфратузилма ва иқтисодиётни ривожлантиришга қўшимча сармоя жалб қилиш имкониятига эга бўлади.
-
17 Март17.03«Агар Ўзбекистон футболи тўғри йўлдан кетса, бундан ҳамма фойда кўради»Алишер Аминов — ўзбек футболи истиқболлари ва камчиликлари ҳақида
-
07 Март07.03ФотоРассомлардан аёлларга совғаТошкентда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган кўргазма очилди
-
05 Март05.03«Ўзбек клублари ҳар йили Хусанов даражасидаги футболчиларни етиштириб беролмайди»«Нефтчи» бош менежери Жафар Ирисметов — трансфер тақиқи, Виталий Левченко ва келажак режалари ҳақида
-
04 Март04.03Маҳаллий корхоналарни сиқиб чиқарган ҳолдаХитой цемент заводлари Ўзбекистон бозорини эгаллай бошлади
-
03 Март03.03Ҳам анъаналар, ҳам замонавийликНега айнан бугунги кунда Ўзбекистон диний соҳада давлат сиёсати концепциясини қабул қилгани ҳақида
-
27 Февраль27.02Ўзбек футболи нималарга эришди ёҳуд калаванинг учи қаерда?Алишер Аминовдан муқобил хулосалар