«ЎФА президенти лавозимига янг яхши номзод – давлат молиявий ресурсларига йўл топа оладиган шахсдир»

Алишер Аминов — ўзбек футболига оид аччиқ ҳақиқат ҳақида
Алишер Аминов. Унинг архив фотосурати

22 февраль куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг (ЎФА) навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтади. Янги президент лавозимига Давлат хавфсизлик хизматининг янги раҳбари Баҳодир Қурбонов номзоди илгари сурилди. Шу тариқа, ДХХ янги раҳбари ўзидан аввал беш йил давомида ЎФАни бошқарган Абдусалом Азизов ўрнини эгаллаши мумкин. «Фарғона» бўлажак ўзгаришларни таҳлилчи, иқтисод ва ҳуқуқ соҳалари бўйича халқаро эксперт, ФИФА эксперти, РФИ президентлигига номзод Алишер Аминов билан муҳокама қилди.

— Аввало дунёнинг бошқа мамлакатларида, шунингдек, етакчи ихтисослашган ташкилотлар – ФИФА, УEФА, ОФКдаги сайловлар қандай йўлга қўйилганини тушуниш яхши бўларди. Сайловларадолатлими? Демократия оёқда турибдими?

— Дунёнинг турли мамлакатларида турли тамойил ва услублар мавжуд бўлиб, улар бошқа нарсалар қатори миллий анъана ва хусусиятларга жавоб беради. Лекин ФИФА ва унга аъзо конфедерацияларга келсак, очиғини айтганда, манзара унчалик яхши эмас. Шундай қилиб, сўнгги барча сайлов конгрессларида ФИФАнинг амалдаги президенти Жанни Инфантино ўз ваколатларини муқобилсизлик асносида узайтириб борди. Унинг рақобатчилари йўқ — ҳатто ФИФАнинг энг кучли, бой, номдор аъзолари ҳам жим туришади. Шу билан бирга, демократик тартиблар гўё таъминлангандек. Масалан, 2023 йил март ойида, сайловлар арафасида ФИФА миллий федерацияларга кимларни номзод сифатида кўришларини сўраб анкеталар юборди. Шундан сўнг идораларга собиқ Бош котиб Фатма Самурадан Инфантинога аниқ ишоралар қилинган қўнғироқлар бўлди. Аслида ФИФАнинг 211 нафар аъзоси деярли 10 йилдан бери амалдаги президентга муқобил номзодни таклиф қила олишмаяпти. Бу жуда ёмон тенденция.

Ёки яна бир мисол. 2024 йил 5 апрелда Лиссабонда УEФА сайлов конгресси бўлиб ўтди. УEФА президенти Александр Чефериннинг ягона рақиби Чефериннинг ўзи бўлди, у яқин вақтгача тор доираларда унчалик машҳур бўлмаган спорт мулозими бўлган, Инфантино кўмагида ҳокимиятга келган. ФИФА раҳбарининг мотивацияси аниқ: номаълум, содиқ ва итоаткор, жиддий мартаба истиқболига эга бўлмаган словенияликни асосий ўринга қўйиш эди. Яна бир нарса шундаки, словениялик унчалигам оддий одам бўлиб чиқмади ва энди эса ФИФА ва УEФА ўртасидаги муносабатлар унчалик яхши эмас.

Давом этамиз. 2015 йили Инфантино билан рақобатлашган, аммо сайловолди кампаниясини ёмон ўтказган Шайх Салмон Ал-Халифа 2013 йилдан бери Осиё Конфедерациясини бошқариб келади ва муқобилсиз аснода қайта-қайта қайта сайланди. Ҳозир эса, билишимизча, шайх ОФК аъзолари ва шахсан ФИФА президентини ФИФА сайлов қоидалари бузилишини қонунийлаштиришга «кўндирмоқда»: у бундан кейин ҳам Осиё футболини бошқармоқчи.

Шайх Салмон. newslocker.com сайти фотосурати

Бу мазкур мавзуга оид мисоллар. Ер сайёрасида саккиз миллиарддан ортиқ одам яшайди, аммо маълум бўлишича, фақат бир нечта шахсгина футболни бошқаришга қодир. Нимагадир одамлар конгрессларга тўпланишади, бизнес-классда учадилар, ҳашаматли меҳмонхоналарда яшайдилар, банкетлар ташкиллаштирадилар – лекин номигагина овоз беришади. Юқори даражали йиғинлар шунчаки чиройли қоғоз ўрамларидир. Бундай йиғинларда анчадан бери тизимли муаммолар муҳокама қилинмайди, баҳс-мунозаралар, полемикалар маъқулланмайди. Асосийси, субъективлигингизни яна бир бор тасдиқлаган ҳолда «тўғри» овоз беришингиз керак. Вассалом. Натижада, жаҳон миқёсида футбол вужудидаги касалликлар «даволанмасдан» қолмоқда.

Швейцарияда бўлганимда мен сиёсий ва хавфсизлик тузилмалари билан мулоқот қилиш ва ҳатто ФИФАдаги коррупция бўйича терговда қатнашиш имконига эга бўлганман. Бу тажриба бизга футболни бошқариш тизимига танқидий назар билан қараш имконини беради. Ишончим комилки, ФИФА бугунги кунда ўзини ичкаридан тозалашга қодир эмас ва буни уддалай оладиган Швейцария адлия тизими жиддий тарзда обрўсини йўқотмоқда. Энди ФИФА президенти очиқ-ойдин жиноятлардан «тозаланган»идан сўнг, «қонун бешиги»да ҳам яширин ўйинлар қоидалари борлигини бутун дунё билади. Бундан бутун футбол олами азият чекмоқда. Инфантино раҳбарлигида у ривожланмайди, балки қонунийлик чегарасида мувозанатни сақлаган ҳолда ҳукмрон элитани сақлаб қолишга уринади.

Бу ерда бир қизиқ нарса бор. Дунёнинг турли мамлакатларида хизмат сафарларида бўлиб, ҳамкасбларимга ўйинни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёрдам бераётганимда, минтақа футбол раҳбарлари, қоида тариқасида, бўлиб ўтаётган барча интригаларга худди олис Ойда содир бўлаётгандек қарашларини кўраман. «Катта тоғалар» ўзини қандай тутаётган бўлса, демак шундай бўлиши керак. Энг муҳими, навбатдаги йиғилишига келиш керак, тугмаларни адашмай босиш, хотиржам овоз бериш лозим, чунки ҳаммаси аллақачон ҳал бўлган, асосийси оҳурдаги ўринни йўқотмаслик керак.

Инфантино ҳокимиятда бўлган йилларида 150 га яқин миллий ассоциацияларда сайловлар ўтказилди ва кўп ҳолларда сайлов нормаларига риоя қилинмади. Давлатнинг «ақлли» аралашуви, муқобилсиз сайловлар, баҳс-мунозаралар ёки ривожланиш дастурлари йўқлиги – буларнинг барчаси футболни ичкаридан емирадиган жуда жиддий тизимли муаммоларни келтириб чиқаради.

— Лекин ҳақиқий рақобатли курашларга мисоллар борку?

— Ҳатто Испания ва Германия каби ривожланган мамлакатларда ҳам коррупция билан боғлиқ можаролар бўлиб туради. Президентлар кўпинча ўзларининг талабларини бажармайдилар, лекин шунга қарамай, қоида тариқасида, ҳокимиятга келган одамлар жуда профессионал ва нисбатан мустақилдирлар. Масалан, АҚШда спорт федерациялари ва Миллий олимпия қўмитасининг роли одатда минималлаштирилади. Барча асосий масалалар клублар ва касаба уюшмалари томонидан ҳал қилинади.

Цунеяму Миямото. jiji.com сайти фотосурати

— Осиё давлатларида сайловлар қандай кечмоқда?

— 46 та ассоциацияли аъзодан фақат Австралия, Япония ва Жанубий Корея президентликка номзод учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга. Шу билан бирга, давлат пуллари ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас: уюшмалар мустақил равишда кучли ҳомийларни топиши мумкин.

Масалан, Япония футбол ассоциациясининг амалдаги президенти собиқ футболчи Цунеяму Миямото терма жамоаси сафида еттита ўйин ўтказган. Аммо у муддатининг охиригача курсисида ўтирмаслиги ҳам мумкин: Қуёш чиқар мамлакатда президентлик ўзгаришлари тез-тез содир бўлади – бунга миллий жамоанинг ёмон ўйини кифоя.

Жанубий Кореяда давлат ва корпоратив ресурслардан фойдаланиш муҳимроқдир, шунинг учун миллий ассоциация президенти Hyundai корпорацияси асосчиларининг авлоди бўлмиш йирик тадбиркор Чон Мон-Гю бўлиб, у офисни 2013 йилдан буён бошқариб келмоқда ва у билан 2024 йили Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида бир нечта ишчи учрашувлари ўтказдим. Бундан ташқари, 1993 йилдан 2009 йилгача унинг қариндоши Чон Мон-Жун уюшма президенти бўлган.

Аммо агар осиёлик учта «кит» учун президентликка номзоднинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имконияти унчалик аҳамиятли бўлмасада, Осиё давлатларининг мутлақ кўпчилиги, жумладан, Ўзбекистон учун бу омилнинг аҳамияти умумий қийматнинг 90 фоизини ташкил қилиши мумкин. Чунки ҳомийларни тижорат асосида жалб қилиш моҳиятан реал эмас. Яъни, юқори мартабали амалдор бу лавозимга қутқарувчи, молия таъминловчи сифатида келади, бунга ассоциациянинг ўзи ҳам, футбол идораларидаги кўплаб одамларнинг ҳам фаровонлик даражаси боғлиқ. Маълум бўлишича, юқоридан тайинланган катта хўжайин ҳокимиятдан чиқмаган профессионалдан кўра кўпроқ «вазн»га эга.

— Сизнингча, Абдусалом Азизов ўз ташаббуси биланми ёки юқоридан келган буйруқ билан ишдан кетишга қарор қилди? Ва нима учун унинг ДХХдаги вориси ЎФАнинг янги президенти бўлиши керак?

— Жавоб аниқ: Азизов давлат раҳбарининг назаридан четда қолди.

Алишер Аминов тилга олган фотосурат. Аминов томонидан тақдим этилди

Бу сурат ўтган йил декабрь ойида олинган. У Азизов президент этиб тасдиқланган ЎФА йиллик конференцияси олдидан олинган. Аммо бир ой ўтгач, у ишини давом эттира олмаслиги тўсатдан маълум бўлиб қолди. Бундай қисқа вақт ичида нимаям ўзгариши мумкин?

Хўш, профессионал нуқтаи назардан мантиқий савол: нега ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтган йиллик конференцияда ЎФА янги президенти сайланишига урғу берилмади? Ёки ҳеч бўлмаганда, январь ойида бўлгани каби Равшан Эрматовни вақтинчалик раҳбар этиб тайинлашмади?

Регламент ва меъёрларга тўлиқ эътиборсизлик, футбол жамоатчилигининг позициясига мутлақо эътиборсизлик шундоқ ҳам кўзга ташланиб турибди.

Айтганча, фотосурат жудаям қизиқ. Унга жиддий қараш лозим. Мана, кулиб турган Ўзбекистон ПФЛ президенти Диёр Имомхўжаев, Азизовнинг ўзи ва Футзал федерациясининг бўлажак президенти Бекзод Маматқулов. Унинг ёнида президент маслаҳатчиси, марҳум Алишер Азизхўжаевнинг укаси Аваз Азизхўжаев терма жамоага Осиё Кубоги ва Олимпия саралаш турнирларига барча сафарларда ҳамроҳ бўлган яна бир навбатдаги сохта «генерал». Собиқ темирйўлчи, Азизовнинг эски дўсти.

Бироқ, Маматқулов Азизовга боғлиқ эмас эди – у футбол уфқида кутилмаганда пайдо бўлган бизнесмен. Унинг ўз клуби бор, у ерда шундай жаноби олийларики, бошқага йўл бўлсин.

Сал нарида ўнг томонда суд департаментининг собиқ директори Лазиз Қўчқоров турибди. У гўёки жамоада, лекин қил устида турибди ва буни ҳамма билади. Ёзда Лазизни бўшатишмоқчи бўлишди, лекин Азизов ҳокимиятда экан тегишмади. Азизов орбитани тарк этиши биланоқ Қўчқоров ҳам йўқ бўлди ва у турбо режимда, алмаштирилмасдан туширилди.

Бир нави улар билан, лекин улардан айри бўлган Ойбек Қосимов турибди. Кучли ҳомийларга эга инсон. Ойбекка, аслида, «ўртоқлар»нинг қизиғи йўқ: у бошқа «клан» дан.

Мана шунақа картина. Табиатан хавфсизлик хизмати ходими Азизов қадимги римликларнинг «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» тамойилига амал қилишга одатланган. Президентнинг асосий низом вазифаси ўйинни ривожлантириш йўлида соғлом кучларни бирлаштиришдан иборат бўлган ЎФА жамоат ташкилоти каби нозик соҳани бошқариш учун бундай қаттиқ усул мутлақо яроқсиз эканлиги ҳақида ўйламайди ҳам. Ассоциация раҳбариятига, президент маслаҳатчилари ва сафдошларига бир қаранг – қани, соғлом кучлар, малакали мутахассислар?

Айни пайтда, ўзбек футболида коррупция борлиги ҳеч кимга сир эмас: «откатлар» бор, тотализаторлар ишлайди, олдиндан келишилган ўйинлар, ҳакамларни «сотиб олиш» ҳолатлари мавжуд.

Абдусалом Азизов. championat.asia сайти фотосурати

Шу билан бирга, профессионал хавфсизлик ходими мазкур соҳани тозалашга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказмади. Унинг ҳукмронлиги даврида бирорта ҳам жиноий иш қўзғатилмаган. У футболда катта жанжал бўлмаслиги керак деб ҳисобларди, гарчи у, албатта, ЎФА раҳбарияти ва кўплаб клублар раҳбарияти учун махсус папкаларга эга бўлган. Ассоциация президенти ким, нима учун, қанча пул олаётганини, пуллар ким орқали ювилганини, қандай схемалар борлигини, вилоят ҳокимларидан қайси бири «доля» да эканини жуда яхши биларди.

Лекин ҳеч ким қамоққа олинмади ва жазоланмади ҳам. Одамлар тизим манфаати йўлида астойдил меҳнат қилишда давом этмоқда, чунки кимга тегманг, ҳамманинг ҳокимият тепасида ўз ҳомийси борлиги аниқланади.

Мутлақо кулгили иш: ЎФА ҳисобчиси 350 минг долларни ўғирлайди, уни Туркияда қўлга олишади, у пулни кассага қайтаради, лекин жиноий иш очилмайди, чунки тасодифан пуллар ҳисобга олинмаган, ЎФА бухгалтерия бўлимидан ўтмаган.

Мантиқий савол: агар бош хавфсизлик ходими битта ташкилотдаги коррупцияга барҳам беролмаса, унда мамлакат хавфсизлиги қай аҳволда?

— Сизнингча, ЎФА раҳбарларидан қайси бири самарали ишлаган? Охирги, айтайлик, 20 йил ичида шундайлар бўлганми?

— Аслида Ўзбекистондаги барча спорт федерациялари «ким қизга овқат олиб берган бўлса, ўша у билан рақсга тушади» тамойили асосида ишлайди. Бундан ташқари, улар фақат давлат ҳисобидан «рақсга тушишади». Амалиёт шуни кўрсатадики, бу тизим расво, шафқатсиз ва фойдасиз, чунки давлат компаниялари ва «мажбурий ҳомийлар» томонидан тақдим этилган маблағлар имкон қадар самарасиз сарфланади. Ва бу вазиятга берилган жуда нозик таъриф.

Ўзбек футболи тарихида шундай бир ҳунук мисол бўлган. 2006 йили футбол бўйича бош раҳбар этиб тайинланган сенатор Мираброр Усмонов собиқ Бош вазир ўринбосари сифатида давлат бюджетисиз ҳам пул топиш имконига эга бўлган. Шу билан бирга, Мираброр Зуфарович, албатта, эртадан кечгача ЎФА ва умуман футбол манфаати учун ишламаган, гарчи фаолияти бошида анча фаол ва самарали бўлган бўлсада. Аммо сўнгги йилларда унинг самарадорлик кўрсаткичи пасайиб кетган, чунки шахсий манфаат умумийникидан юқори бўлиб чиққан ва Усмонов ташкилот харажатларини кескин камайтирган. Шу билан бирга, узоқ йиллар давомида футболдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан берилган имтиёзлардан ўзининг шакар заводлари учун фойдаланган.

Натижада авторитар бошқарув услуби футболга ҳақиқий зарар етказа бошлаган. Мутахассислар, фахрийлар ҳақорат ва таҳқирларга учраган. Иш шу даражага етиб борганки, бошлиқ йиғилишларда қўл остидагиларни онасидан келиб ҳақорат қила бошлаган ва ҳатто ўзбек футболи афсонаси Берадор Абдураимовга кулдонни улоқтирган.

Усмонов ёлғиз ўзи қарор қабул қилган. Бош котиб унинг қўл остида ўйинчоқ фигура бўлган, турли даражадаги коррупция гуллаб-яшнаган, «откатлар» одатий ҳолга айланган (масалан, терма жамоаларни тайёрлаш маркази раҳбари ҳатто ўз ходимларининг маошидан ҳам улуш олган). Президент тор доирадаги мутахассислар фикрини эътиборсиз қолдириб, мураббийлар кенгаши иштирокисиз терма жамоага бош мураббийларни тайинлаган. Ва муваффақиятсизликка учраган тақдирда, у ЎФА техник директори, профессор Рустам Акрамовни футболдан четлатиш билан таҳдид қилган.

Мираброр Усманов. ufa.uz сайти фотосурати

Шуниси эътиборга лойиқки, ЎФА ходимлари ўзларига нисбатан бундай муносабатга тоқат қилишган, тизимга интеграциялашишга бор кучлари билан ҳаракат қилишган. Одамлар лавозимига тиш тирғоғи билан ёпишиб олганлар ва охир-оқибат қўғирчоққа айланишган. Тан олиш қанчалик аламли бўлмасин, 1994-йилги Осиё ўйинларида миллий терма жамоани ғалабага етаклаган, улкан профессионал, футбол назарияси ва методологияси соҳасида тенгсиз мутахассис, марҳум амаким Рустам Акрамов ҳам шулар қаторида бўлган...

Яна бир эпизод. 2017 йили ЎФАни спорт доираларида унчалик таниқли бўлмаган амалдор Умид Аҳмаджонов бошқарган ва у молиявий манбаларга тўғридан-тўғри кириш имконига эга бўлмаган. Лекин бу ресурсларни унинг лоббичилари, биринчи навбатда, ўзидан олдинги раҳбар Мираброр Усмонов ва Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Абдужабар Абдувахитов кафолатлаган.

Аҳмаджонов на бошқарув маҳоратига, на футболдан билимга эга бўлмаган ҳолда ФИФА сайлов нормаларини қўпол равишда бузган ҳолда ҳокимиятга келгани барчага аён эди. Эсимда, сайлов конференцияси олдидан футбол фахрийлари вазиятга эътибор қаратишни, сайловни кейинроққа қолдиришни ва ФИФА стандартларига мос равишда ўтказишни сўраб, ҳатто мамлакат президентига мурожаат ҳам ёзишган эди. Президент администрациясининг муносабати нолга тенг бўлган.

Ахмаджонов ҳукмронлиги даври қисқа бўлган бўлсада, унинг оқибатлари ҳалокатли бўлди. Кўпгина муаммолар бугунги йўқ қилинмади. Ва «доно» кадрлар танлаш қарори учун ҳеч ким жавобгар бўлмади! Кейинчалик, темирйўлчи Очилбай Раматов даврида Аҳмаджонов ЎФА вице-президенти лавозимига туширилди, аммо у ўз функцияларини сақлаб қолганди. Ваниҳоят Ахмаджонов истеъфога кетгандан сўнг Раматовнинг ўзи ҳам кетди.

Бироқ, унинг ўрнига дарҳол футболдан ўта йироқ яна бир топ-менежер — Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Абдусалом Азизовни танлашди, унинг қўл остида эса бошқарув ишида тажрибаси йўқ, ҳозирги ҳакам Равшан Ирматов вице-президент бўлди. Уч йил аввал Азизов яна бир популистик қадам ташлади: бутсисини эндигина миққа илиб қўйган, муносиб маълумотга эга бўлмаган ўзбек футболи юлдузи Одил Аҳмедовни ЎФА нинг иккинчи вице-президенти этиб тайинлади. Ўзбекистон Президенти, ўз навбатида малакали спорт маслаҳатчиси билан маслаҳатлашиш имкониятига эга бўлмасдан, ушбу тайинловларни расман тасдиқлади.

Фаолиятини яқинда тугатган, ҳаётида база, меҳмонхона ва стадиондан бошқа ҳеч нарсани кўрмаган футболчи ва ҳакамларни жиддий вазифаларга эга масъулиятли лавозимларга тайинланиши соф популизмдир. «Мутахассисларни жалб қилиш» ёрқин сарлавҳаси остида ғояни профанация қилиш. Ҳа, бир томондан улар Ўзбекистон футболи учун салмоқли инсонлар, бироқ иккинчи томондан улар умуман тайёр эмас, иқтисодиёт ва спорт ҳуқуқи бўйича на иш тажрибасига, на махсус маълумотга эгадирлар. Ва бу уларнинг айби эмас, балки бахтсизликдир, чунки тизим ҳеч қандай тарзда сифатли таълим олиш истагини рағбатлантирмайди.

Ўша Ирматов яна олти йил ҳакамлик қилиши керак эди. Бу одам мукаммал эди, ўз соҳасида жаҳон рекорди учун кетаётган эди! Аммо барча тақдирни узил кесил ҳал қиладиган масалалар Президент администрацияси томонидан ҳал қилинди: улар йигитнинг ёрқин профессионал карьерасини барбод қилишди ва уни амалдор курсисига ўтқазиб қўйишди. Ахир Равшан белгиланган вақтда ҳакамликни ҳақиқий шараф билан тарк этиб, тўлиқ таълим олиши мумкин эди. Мен ишонаманки, бундай одам нафақат ЎФА, балки ОФК ёки ҳатто ФИФА тузилмаларида ҳам муносиб ўрнини топади.

Лекин, афсус: инсон тизимга мослашди ва унга бевосита қарам бўлиб қолди. Афсуски, Равшаннинг тайёргарлик даражаси ҳамон ассоциация бошқаруви сифатига таъсир қилмоқда. Ҳар ким операцияларни бажаришга ўргатилган бўлиши мумкин, аммо стратегия ва ривожланиш масалаларини илгари суриш учун чуқурроқ билим ва тажриба талаб этилади.

— ЎФАнинг янги раҳбари ўзидан олдинги раҳбарлардан кўра самаралироқ бўлади ва унинг келиши билан футбол ишларида ҳеч бўлмаганда бироз илиқлик бўлади, деган умид борми?

- Ҳар доим умид бор. Бундан ташқари, ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар аниқ. Афсуски, тан олиш керак, Президент Администрацияси раҳбарияти бошчилигида давлат спортни бошқарувининг анча самаралироқ бошқа усуллари мавжудлигини ҳалигача тушунишни ҳоҳламаяпти ва тушуна олмаяпти.

Баҳодир Қурбонов ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Токи ҳокимиятнинг юқори бўғини бундай сиёсатнинг зарарли эканлигини англаб этмагунча, муаммолар барҳам топмайди. Бу шахсий манфаатлар йўлидаги парда ортидаги урушлар йилдан-йилга давом этаверади. Ҳеч нарса ўзгармайди ва бусиз ҳам торайиб кетган доирадаги мутахассислар ўз билим ва кўникмаларини ўз ватанидан ташқарида излайдилар.

Яна такрор айтаман: Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери спортни бошқаришнинг қатъий вертикал усуллардан бошқа усуллари пайдо бўлмади. Лекин футбол — ва ҳар қандай спорт соҳаси демократик шакл ва тамойилларсиз, объектив зарур горизонтал ўзаро ҳаракатларсиз ривожланмайди. Майдонда тараққиётнинг асосий мезонларидан бири бу — рақобатдир. Худди шундай мезон бошқарув тизимида ҳам қўлланилиши керак. Ваҳоланки, барча навбатдан ташқари конференциялар, президентлар ва ижроия қўмита раисларини қайта сайлашлар кайфиятни туширади. Буларнинг барчаси тўлиқ «тасдиқлаймиз»га асосланган маъносиз маросимлардир.

Очиғини тан олишимиз керак, мамлакат раҳбарияти нафақат жамоатчилик билан мулоқот қилишни ўргана олмади, балки спорт субъектлари позициясини ҳисобга олмасдан, уларга тайёр ечимларни буюришни маъқул кўрмоқда. Дарҳақиқат, спорт жамоатчилигининг субъективлиги спорт тўғрисидаги қонунда тўлиқ ўз аксини топмаган. Овоз бериш тизимини ўзгартириш ва қуйидагиларни тақдим этиш лозим:

👉 оммавий спорт федерациясининг олий бошқарув органи ва олий коллегиал бошқарув органи умумий овозлар сонининг камида учдан бирини — аккредитация қилинган ҳудудий спорт федерацияларига бериш;

👉 овозларнинг камида учдан бир қисмини – оммавий спорт федерацияси таркибига кирувчи профессионал спорт лигаларига бериш;

👉 овозларнинг камида учдан бир қисмини — спортчилар ва/ёки мураббийлар касаба уюшмаларига (касаба уюшмалари бирлашмаларига) ёки тегишли спорт тури бўйича профессионал спортчилар ва/ёки мураббийлар уюшмаларига бериш лозим.

Ўзбекистонда Президент ҳузуридаги Спорт бўйича давлат кенгаши каби давлат раҳбари доимий алоқада бўлиши мумкин бўлган институт йўқ. Айни пайтда, бу спорт жамоатчилиги билан ўзаро муносабатларнинг энг замонавий, маданиятли ва самарали шаклидир. Ва унинг маргинал қисми билан эмас, балки ҳокимият билан биргаликда энг долзарб кун тартибини шакллантиришга, суҳбатни очиқ ва ҳалол олиб боришга қодир юқори малакали мутахассислар билан иш юритмоқ лозим.

Мухтасар қилиб айтганда, ЎФА президенти лавозимига номзодлар ҳақидаги барча гапларни ҳали ҳам ресурслардан фойдаланиш даражасига қараб баҳолашга тўғри келади. Асосий мезон эса, менимча, ҳар куни замонавий бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда, соғлом кучларни бир муштга бирлаштирган ҳолда, оғир, кўпинча заҳмат билаш ишлаш истагида бўлиши керак. Ва, албатта, футболни ҳар томонлама чуқур билиш зарур – болалар ўсмирлар футболидан тортиб профессионалгача. Шунингдек, спорт ҳуқуқи ва иқтисоди бўйича илғор тушунчага эга бўлмоқ лозим. Такрор айтаман: яхши нарсалар умид — ҳалиям тирик.

Давоми бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ