31 июль куни АҚШ армияси энг кўп қидирилаётган террорчилардан бири, «Ал-Қоида»* етакчиси Айман ал-Завоҳирий дрон зарбаси билан йўқ қилди. У оиласи билан яшаётган Кобулдаги уйнинг балконига чиққанида Hellfire ракетадан ҳалок бўлган. 2001 йил 11 сентябрь хуружлари ташкилотчиси деб ҳисоблаган ал-Завоҳирийнинг Афғонистонда экани тўғрисида АҚШ ўтган йил сентябрида – чет эл қўшинлари мамлакатдан олиб чиқиб кетилганидан сўнг эълон қилганди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ал-Завоҳирий дунёда террорчилик фаолиятининг ҳақиқий ташкилотчисидан кўра кўпроқ рамзий шахс сифатида намоён бўлаётганди. Бироқ, унинг йўқ қилиниши америкаликлар ва толиблар ўртасидаги муносабатларни тубдан яхшилаши ёки вайрон қилиши мумкин (гарчи ҳозирда икки томон ўртасидаги расмий муносабатлар унчалик илиқ бўлмасада). Нега айнан ҳозир «Ал-Қоида» раҳбарини йўқ қилинди ва бу нималарга олиб келиши мумкин?
Усама бин Лодиннинг вориси
Разведка идоралари маълумотларига кўра, аз-Завоҳирий 1951 йил 19 июнь куни Мисрда бадавлат оилада туғилган. Унинг отаси Қоҳира университетида фармакология профессори, бобоси Муҳаммад ал-Аҳмади ал-Завоҳирий эса Мисрнинг дунёда етакчи ислом университетларидан бири бўлган Ал-Азҳар олийгоҳининг буюк имоми бўлган.
1970 йиллари Айман жарроҳ сифатида тиббий маълумотга эга бўлгандан сўнг диний радикалларга яқинлашади. 1981 йили Миср президенти Анвар Садат радикаллар томонидан ўлдирилганидан кейин аз-Завоҳирий хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинади ва кейинги уч йилни қамоқда ўтказади.
1984 йили озодликка чиққан ал-Завоҳирий Афғонистонга жўнаб кетади, у ерда афғон мужоҳидлари билан бирга Совет қўшинлари ва Кобулдаги советпараст режимга қарши курашган араб жангариларига қўшилади. Афғонистонда у Саудия Арабистонидан келган, яманлик бой оиладан чиққан Усама бин Лодин билан учрашади. Аслида бин Лодин гуруҳи Совет қўшинларига қарши фақат биттагина жангда қатнашади (1987 йилдаги Жажи жанги, кейин Совет десантлари араб лагерини мағлуб этади) — Усама кейинчалик асосан афғон мужоҳидлари ва бу ерга келган арабларга молиявий ёрдам кўрсатади.
Саудия Арабистони Ироқ диктатори Саддам Ҳусайн армиясига қарши «Чўл бўрони» операциясини ўтказиш учун Америка қўшинларини ўз ҳудудига жойлаштиришга рухсат берганидан сўнг, бин Лодин мусулмонлар учун муқаддас Макка шаҳри шу тариқа паймол қилинганини айтади ва у ерда Қўшма Штатлар ва арабларнинг эски душмани Исроилга нисбатан жиҳод эълон қилади.
Тахминларга кўра, «Ал-Қоида»га худкуш-террорчилардан фойдаланиш амалиётини айнан ал-Завоҳирий киритган.
Совет қўшинларига қарши уруш пайтида афғонлар ва уларга қўшилган араблар худкуш-террорчилардан фойдаланмаган. Ал-Завоҳирий худкушлик ҳужумларини «Ал-Қоида»нинг ўзига хос ташриф қоғозига айлантирган. 1995 йили унинг етакчилигида Мисрнинг Исломободдаги элчихонасига худкуш машинасини портлатади ва оқибатда 16 кишини ҳалок бўлади.
1998 йил август ойида «Ал-Қоида» жангарилари Кения пойтахти Найробидаги АҚШ элчихонасини портлатишади. 213 киши, шу жумладан 12 америкалик ҳалок бўлади. Ўша ойда «Ал-Қоида» аъзоси Аҳмад «Немис» Танзаниянинг Дар эс-Салам шаҳридаги АҚШ элчихонаси автотураргоҳида фургонни портлатиб юборади, 11 киши ҳалок бўлади ва юзлаб африкаликлар жароҳат олади. Ва 2000 йил 12 октябрда Яманнинг Аден портида икки худкуш-террорчидан иборат қайиқ Американинг Коул ҳарбий кемасига келиб урилади — 17 америкалик ҳарбий ҳалок бўлади.
Кейин бин Лодин гуруҳининг «бахтли онлари» келади — 2001 йил 11 сентябрда унинг аъзолари томонидан ўғирлаб кетилган самолётлар Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига қулайди. Америка разведка идоралари ҳужумнинг координатори айнан ал-Завоҳирий бўлганини таъкидлайди. Қўшма Штатлар Афғонистонда бин Лодинга бошпана берган «Толибон»* радикал ҳаракатига қарши операция ўтказишини эълон қилади.
Толиблар, асосан тожик ва ўзбеклардан ташкил топган Шимолий иттифоқ кўмагида тезда мағлубиятга учрайди ва Покистоннинг тоғларига ёки бориш қийин бўлган чегарадош ҳудудларга яширинишади. Бин Лодиннинг ўзи Покистондан бошпана топади ва у ерда 2011 йил май ойида АҚШ махсус кучлари томонидан йўқ қилинган. «Ал-Қоида»нинг янги раҳбари этиб Ал-Завоҳирий эълон қилинади.
Рамзий фигура
2011 йилдан бери «Ал-Қоида» раҳбарига айланган ал-Завоҳирий бутун дунё бўйлаб қонли ҳужумларнинг ҳақиқий ташкилотчисидан кўра кўпроқ рамзий шахс ва террорчилик хуружларининг мафкуравий илҳомлантирувчисига айланади. Бундан ташқари, 2014 йили «Ироқ ва Шом ислом давлати»* (ИШИД) гуруҳи халқаро терроризмнинг биринчи қаторига чиқади. Ал-Завоҳирий вақти-вақти билан дунёнинг турли мамлакатларидаги ўз тарафдорларига мурожаатлар қилади, бироқ у терактларни режалаштириш ва амалга оширишда муҳим эмасди. Буни АҚШ разведка хизматларининг ҳисоботлари ҳам тасдиқлайди, улар «Ал-Қоида» етакчисининг боши учун 25 миллион доллар мукофот тайинлаган бўлсалар-да, 2011 йилдан кейинги терактларга алоқадорлигини исботлай олмаганлар.
Толиблар Қатар пойтахти Доҳада АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп маъмурияти билан тузган тинчлик келишувига кўра, улар террорчи гуруҳлар билан барча алоқаларини узиши керак эди (албатта, бу кулгили туюлади – зеро, «Толибон» дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи ташкилот сифатида тан олинган).
Ўтган йил август ойида «Толибон» Кобулни жангсиз эгаллаб олган ва Афғонистоннинг америкапараст президенти Ашраф Ғани чет элга қочиб кетганида, ушбу шартни бажариш рўёга айланиб қолганди.
Сентябрь ойидаёқ ижтимоий тармоқларда ал-Завоҳирий «Толибон» назорати остидаги Афғонистон бўйлаб хотиржам ҳаракатланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Сентябрь ўрталарида АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари вазифасини бажарувчи Майкл Морелл «Ал-Қоида» етакчиси Афғонистонда эканини таъкидлаганди.
Ўшандан бери аз-Завоҳирий ҳақида бирорта янгилик ўртага чиқмаганди. У омма олдида ўзини намоён қилмади, исломий радикаллар учун ҳам, Қўшма Штатлар учун ҳам муҳим рамзий шахс сифатида қолишда давом этди.
Шу ҳафта бошида мисрлик аз-Завоҳирий ҳақида янгиликлар яна диққат марказида бўлди. АҚШ президенти Жо Байден унинг Кобулда дрон ҳужуми орқали йўқ қилинганини эълон қилди. Бу ўтган йил август ойидан бери Афғонистондаги илк Америка ҳаво ҳужуми эди.
Бу ерда бир нечта нарсаларни тушуниш муҳимдир. Ал-Завоҳирийнинг йўқ қилиниши Афғонистон бўйича Тошкентдаги халқаро конференциясида «Толибон» ҳаракатининг америкаликлар билан учрашувидан бир неча кун ўтиб содир бўлди. Афғонистон делегациясига ҳаракатнинг либерал қаноти тарафдори, Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки бошчилик қилди. У америкаликлар билан ёпиқ эшиклар ортида музокаралар олиб борди. Маълумки, улар Америка банкларида толиблар террорчилик мақсадида фойдаланмаслиги учун музлатиб қўйилган 7 миллиард долларлик афғон активларни озод қилиш масалаларини муҳокама қилганлар.
ОАВ маълумотларига кўра, ал-Завоҳирий «Толибон»нинг радикал қаноти тарафдори, АҚШ томонидан энг кўп қидирилаётган террорчилардан бири – толиблар ҳукуматининг Ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққонийнинг уйида яшаган. «Толибон» раҳбариятидаги либераллар ва радикаллар ўртасидаги қарама-қаршиликлар вақти-вақти билан омма олдида ўзини намоён қилади.
Ижтимоий тармоқларда фаол ёзилишича, Муттаки афғон активлари озод қилиниши эвазига ал-Завоҳирийни «тутиб берган» деган тахминлар мавжуд. Ростданам бу гапларда жон бор бўлса, у ҳолда биз тез орада АҚШ блокланган пулларни аста-секин «Толибон»га ўтказа бошлашига гувоҳ бўламиз.
Яна бир версияга кўра, америкаликлар Тошкентда толиблар билан ҳеч қандай келишувга эриша олмаганлар, шунинг учун улар «қўллари узун» эканини кўрсатиб қўйиш ва «Толибон» террорчилик гуруҳлари билан ҳамкорлик қилишда давом этаётгани ва террорчиларга ўз ҳудудидан бошпана бераётгани учун ал-Завоҳирийни намойишкорона йўқ қилгакнлар. Дарҳақиқат, америкаликларнинг бундай ҳаракатидан толибларнинг чшчиши даргумон. Зеро, толиблар 20 йил давомида америкаликларга қарши партизан уруши олиб боришган ва ўз етакчилари ва иттифоқчиларига бошпана бериб келган.
Толиблар ал-Завоҳирийни Кобул марказидаги уйда яширганини аниқлаш орқали америкаликлар ҳозирда «Толибон» билан фаол ҳамкорлик қилаётган мамлакатларга жиддий таъсир ўтказа олмайди. Афғонистон қўшнилари учун радикал ҳаракат билан ҳамкорлик қилиш рамзий аҳамиятга айланган кекса одам тақдиридан кўра муҳимроқдир.
Бундан ташқари. Қўшма Штатлар Туркия ва турк армиясининг ҳарбийлаштирилган ишончли вакиллари томонидан назорат қилинадиган Суриядаги ИШИД етакчиларини бир неча бор йўқ қилди. Бироқ, бу Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига сабаб бўлмади.
Ҳар ҳолда, ал-Завоҳирийнинг йўқ қилиниши қандай қиймат эвазига амалга оширилганини тез орада билиб оламиз.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди