Яқин орада Ўзбекистон темир йўлини Афғонистон орқали Покистон темир йўл тармоғи билан боғлайдиган Трансафғон темир йўли қурилиши бошланиши керак. Ўтган йил декабрь ойидаёқ қурилиш шу йилнинг баҳорида бошланиши тўғрисида хабарлар тарқалганди. Бу улкан лойиҳа амалга оширилса, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида юклар ташиш нархи анчагина камаяди. Бироқ, бу лойиҳа жуда қиммат, шунингдек Афғонистон тоғлари туфайли йўлларни ётқизиш қийин кечади. Бундан ташқари, Афғонистондаги вазият ҳам муҳим тўсиқ бўлиши мумкин – янги ҳукумат ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган ва у ерда жанговар ҳаракатлар давом этмоқда. Шунга қарамай, кўпгина давлатлар Трансафғон темир йўли қурилишидан манфаатдор, улар пул, маблағ ажратиш ва «Толибон» * радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб боришга тайёр.
Лойиҳанинг молиявий томони
2020 йил охирида Ўзбекистон, Покистон ва 2021 йил августида толиблар томонидан ағдарилган ўша пайтдаги Афғонистон ҳукумати Мозори Шариф-Кобул-Пешовар (Покистон) темир йўли лойиҳасига молиявий ёрдам сўраб қўшма мурожаатни имзолади. Мурожаат энг йирик халқаро молия компаниялари, жумладан, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ)га юборилди. Мазкур йўналиш бўйлаб темир йўл қурилиши ўша пайтда 4,8 миллиард долларга баҳоланган эди.
Маблағлар ҳисобига Покистоннинг Пешовар шаҳридан Афғонистон пойтахти орқали Мозори Шарифгача бўлган 573 км темир йўл қурилиши керак эди. Мозори Шариф, ўз навбатида, Ҳайратон чегара пункти орқали Ўзбекистон темир йўл тармоғи билан боғланган.
2020 йил охирига қадар Россия ва Қозоғистон ҳам Трансафғон темир йўли қурилишида иштирок этиш истагини билдирди. Бундан ташқари, Тошкентда Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши бўйича молиявий консорциум тузилди, унинг таркибига бешта давлат – Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари кирди.
2021 йил февраль ойида Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон давлатлари лойиҳа бўйича йўл харитасини имзолади. Май ойида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши топширилиши керак эди. Афғонистон бўйлаб янги темир йўл қурилиши 2021 йил сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Аммо, бу режалар Афғонистондан чет эл қўшинларининг чиқиб кетиши бошланиши билан бузилди. Август ойи ўрталарида толиблар Кобулни эгаллаб олдилар. Сентябрь ойида фақат радикал ҳаракат аъзоларидан ташкил топган толиблар ҳукумати билан Ғарб давлатлари, шунингдек, турли халқаро молия институтлари ҳамкорлик қилишдан бош тортдилар. Яъни, Трансафғон темир йўли учун DFC, Жаҳон банки ва ОТБ дан пул кутишдан умид йўққа чиққанди. Яна бир фикрни айтмоқчиман: ОТБ, шунингдек, Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон лойиҳасининг куратори ролидан воз кечди ва покистонлик расмийларнинг фикрича, бу ҳолат лойиҳани амалга ошириш йўлидаги энгиб бўлмас улкан тўсиқга айланганди.
Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, тез орада «Толибон» билан муносабатларни яхшилай бошлади. Масалан, толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан бир ой ўтгач, инсонпарварлик юклари темир йўл орқали Термиздан Мозори Шарифга етказилди. 3 ноябрь куни Ўзбекистондан афғон транзити орқали Покистонга биринчи партия етиб келди.
Декабрь ойида эса толиблар ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки ва Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов ўртасида Ўзбекистон томони 2022 йил баҳорида Трансафғон темир йўли қурилиши бўйича ишларни бошлаши ҳақида келишувга эришилди. Январда толиблар ҳукумати унинг йўналишини тасдиқлади.
Март ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистонга ташрифи чоғида маҳаллий ҳокимият органлари билан Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни тезлаштириш бўйича келишиб олди. «Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли умумий келажагимиздир. Ушбу йўналиш қурилиши тугаллангач, Покистонни Марказий Осиёга, Ўзбекистонни эса Карачи, Гвадар ва Қосим портлари билан боғлайдиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз. Бу темир йўл ҳудудларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартиради», — деди ўшанда Мирзиёев.
Бироқ, бу ерда янги муаммо пайдо бўлди. 3 апрель куни Мирзиёев Афғонистон орқали темир йўл қуришни имкон қадар тезроқ бошлашга келишиб олган Покистон бош вазири Имрон Хон ўз лавозимидан четлатилди. Покистон президенти Ориф Алви 52 кишилик вазирлар маҳкамасини, шунингдек, Бош вазир маслаҳатчилари ва ёрдамчиларини ишдан бўшатди. Янги вазирлар маҳкамаси ҳали тузилмаган, шу боис янги ҳукумат қўшни Афғонистондаги улкан темир йўл лойиҳасига қандай муносабатда бўлиши номаълум. Ўзбекистон ҳукумати бу борада барча музокараларни Имрон Хон бошчилигидаги ҳукумат билан олиб борганди.
Лойиҳанинг техник томони
Трансафғон темир йўлини ётқизиш учун 912 та сунъий иншоот, 18 км кўприк ва умумий узунлиги 70 км дан ортиқ 7 та туннел қуриш режалаштирилган. Шунингдек, 27 та станция қурилиши лозим. Афғонистон орқали ўтадиган 537 км темир йўлнинг барчаси 1520 мм русумли калибр билан қурилиши режалаштирилган. Худди шундай ўлчов стандарти Ўзбекистон темир йўл тармоқларида ҳам қўлланилади. Покистонда эса ўлчагич 1676 мм.ни ташкил этади.
Лойиҳага кўра, Трансафғон темир йўли Ҳиндукуш тоғидаги баландлиги 4000 метргача бўлган довонларини кесиб ўтиши керак, бу эса уни дунёдаги энг баланд тоғ темир йўлларидан бирига айлантиради.
Лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Араб денгизи соҳилидаги йирик Покистон портларига (Карачи ва Гвадар) чиқиш имкониятига эга бўлиб, улар учун Жанубий Осиё бозорларига энг қисқа ва арзон йўлга айланади. Покистондан Ўзбекистонга товарларни етказиб бериш муддати 35 кундан 4-5 кунгача қисқартирилади. Ҳозирда Ўзбекистон жанубий денгизларга Эрон ҳудудидан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўллари орқали чиқади, уларнинг самарадорлиги эса анча паст ҳисобланади.
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат компанияси Афғонистонда битта йирик лойиҳани амалга оширгани Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишда қўл келади. 2010 йил ноябрь ойида машҳур «Дўстлик кўприги» ва Ҳайратон чегара пункти орқали Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳри Мозори Шарифгача бўлган Термиздан темир йўлнинг бир йўлли қисми фойдаланишга топширилди – қурилиш ишлари февраль ойида бошланган. Ушбу йўналиш узунлиги 75 км бўлиб, унинг қурилишига ОТБ томонидан ажратилган 129 миллион доллар маблағ сарфланган. Ўша пайтдаги қийин хавфсизлик шароитига қарамай, йўлни айнан ўзбек ишчилари қурган.
Ҳайратондан Мозори Шарифгача бўлган темир йўл текислик бўйлаб ўтади. Трансафғон темир йўлини амалга оширишда эса кўприклар ва туннелларни қуриш талаб этилади.
Албатта, Афғонистон орқали ўтадиган темир йўл қурилишидаги энг муҳим техник масала ишчилар, айниқса, чет эл мутахассисларининг хавфсизлиги ҳисобланади. Ҳозирча толиблар ҳукумати етарлича барқарор кўринмайди. Гарчи у мамлакатнинг катта қисмини назорат қилса-да, турли исёнчи гуруҳлар уларга қарши партизан урушларини олиб бормоқда. Жумладан, темир йўл қурилиши режалаштирилган ҳудудларда «Толибон»га қарши қаршилик кучлари фаолият юритади. Улар билан ким ва қандай музокара олиб бориши ҳозирча номаълум. Толиблар яқин орада исёнчи кучларини бутунлай бостиришга қодир, дейиш қийин, зеро пуштун бўлмаган халқлар, аёллар ва шиа жамоалари аъзоларининг камситилаётгани сабаб уларнинг толибларга нисбатан норозилиги юқори. Исёнчилар толибларга иқтисодий ва обрў томонидан зарар етказиш мақсадида Афғонистон орқали темир йўл қурилишига тўсқинлик қилишлари мумкин.
Турган гап, Ўзбекистон яқин келажакда Трансафғон темир йўлини қуришга киришади. Бироқ, ҳеч ким буни амалга ошириш учун қанча вақт ва пул талаб этилишини аниқ айтолмайди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
14 Октябрь14.10Шунчалар ўзгача ва шунчалар ўхшашЎзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди