Битта-биттадан ўтамиз

Москвадаги қурилишлар қайтадан ишини бошлаб юборди. Ниқоблар, қўлқоплар, санитайзерлар — қолгани эса эски ҳолатда
МОСКВАДАГИ ОБЪЕКТ ҚУРИЛИШИДА. MOS.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Москва регионида қурилишларга яна рухсат берилди, бу янгиликни хушхабар деса ҳам бўлаверади, негаки мигрантлар бекорчиликдан қутилиб ишлашни бошлаб юборадилар. Мажбурий ишсизлик даври учун компенсация ҳақида ҳозирча ҳеч ким эшитгани йўқлиги ҳам рост, ваҳоланки Путин телевидение орқали компанияларнинг персоналини сақлаб қолиниши ҳақида гапирган бўлса ҳам. Бундан ташқари, янгича санитария талаблари боис, қурилишларда ишлаш шароити мураккаблашди. Хусусий сектордаги ишлар эса самоизоляция талабларига риоя қилиш бўйича расмий талабларга эмас, балки аввалгидек, иш берувчининг ҳамёнидаги пулларнинг миқдорига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Квартиралардаги ремонт ва хусусий қурилиш

Хусусий сектор қурилишларида ишлаётган ёки квартираларнинг ремонти билан шуғулланаётган мигрантлар учун карантин бўйича расмий талаблар иш берувчининг ўзи буни истаган ҳолатда дахлдор бўлиши мумкин. Мисол учун, унинг пули тугаб қолгани ёки зарур харажатлар тўғрисида бошқача тасаввурлар пайдо бўлиб қолган ҳолатларда.

Ўзбекистонлик Воҳиднинг “Фарғона” мухбирига айтишича, шахсан у карантин пайтида ишламаган, моддий ёрдамни эса юртдошларидан ва ҳуқуқ ҳимоячилардан олиб келган. Унинг учун иш тахминан бир ҳафта олдин бошланган, бироқ иш ҳажми самоизоляцияга қадар бўлган даврга қараганда анча паст.

“Ҳозир иш фақат хусусий уйларда бор. Иш ҳақини илгаригидек тўлашяпти. Бироқ ишнинг ўзи ҳозирча оз. Ўйлашимча, бу ҳозирги кунда кўпчилик одамларнинг ишсиз қолгани ва ишлайман деган одамлар ишлатаман деганлардан кўпроқ эканлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Боз устига, хусусий уй эгаларининг ўзлари ҳам қурилиш билан фаол шуғулланаётганлари йўқ”, — дея тушунтиришга уринади Воҳид.

Шавкат Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги Чирчиқ шаҳридан келган, у ҳам “хусусий иш берувчилар” қўлида ишлайди. Лекин “ишлайди” дейиш муболаға бўлади, у назорат қилувчи органларнинг эътиборидан ҳоли қолиши керак бўлган квартиранинг “бешовқин” пардозлаш ишлари билан банд.

Москвадаги объект қурилишида . Mos.ru сайти фотосурати

“Самоизоляция даврида гўё “сўнгги нафасда” яшаётгандек бўлдим. Пул йўқ эди. Пулни олиш учун тугатилган ишни топшириш керак, аммо бунинг иложи йўқ, негаки ишлаш мумкин эмаслиги боис бунинг имконияти йўқ, — дейди Шавкат “Фарғона” билан суҳбатда. – Карантин пайтида “шовқинсиз” ишларни қилдик – қаердадир шпатлевка билан сувоқ ишларини бажардик, бўядик, обой — гулқоғоз ёпиштирдик... Аммо болгарка ёки дрель билан ишлаш мумкин эмас, ҳамма қўшнилар уй-уйларида ўтиришган, шовқин чиқса, дарҳол шикоят қилишлари мумкин. Ана ўшанда муаммолар бошланади”.

Расмийлар қурилиш ишларини олиб боришга рухсат берганларидан кейин вазият ўзгардими, деган саволга Шавкат шундай деб жавоб берди: “Йўқ, қаёқда дейсиз... Улар катта объектлардаги қурилишларга рухсат беришган, майда ремонт эса... Биринчидан, ҳозир одамлар пулларини сарфлашдан чўчиб қолишган, иккинчидан эса қурилиш ёки квартираларни ремонт қилиш учун кўпчилик одатда банклардан кредит олиб келишган. Ҳозир уларга ким ҳам кредит беради? Шунинг учун ҳам иш беришни ваъда қилган квартиралар эгалари ҳозирча жим туришибди. Ҳозир ҳамма нарса ноаниқ, улар ремонтни бошлашга ботина олмаяптилар. Биз улар қачон қўнғироқ қилар экан деб кутиб ўтирибмиз. Шунинг учун ҳам иш йўқ”.

Катта қурилишлар

Йирик қурилиш объектларида ҳам аҳвол кўзга ташланаётгани каби унчалик қувонарли эмас. Қурилишда ишлаш қоидалари ҳам ўзгарди, аммо меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамон ўша-ўша. Мисол учун, 15 апрель куни Россия президенти Владимир Путин телевизоро орқали 90 фоизидан кам бўлмаган ходимларини сақлаб қолган компаниялар ходимларига ойлик иш ҳақи тўлаш учун давлатдан пул маблағлари олади ва компанияда 1 апрелгача ишлаган ҳар бир ходимга энг кам иш ҳақи миқдорида (12 130 рубль) тўлов қилиш имкониятига эга бўлади, дея ваъда қилди. Бироқ қурилишда ишлайдиган меҳнат мигрантларига бу ваъданинг мутлақо алоқаси йўқ. Ҳар ҳолда, биз билан суҳбатлашган мигрантлардан бирортаси ҳам ўз раҳбарлари тарафидан бундай тўловлар амалга оширилиши борасида ҳозирча ҳеч қандай ваъдаларни эшитганлари йўқ.

Москва қурилиш майдонларидан бирида прораб бўлиб ишлайдиган Андрей К. “Фарғона” нашрига айтишича, уларнинг объектида ишлаган барча тожикистонлик ва ўзбекистонлик мигрантлар карантин даврида ишдан бўшатилмадилар, аммо ҳаммаларига иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътиллари расмийлаштириб берилди. Бундан ташқари, уларга мажбурий ишсизлик учун қандайдир тўловларни амалга ошириш бўйича ҳеч қанақанги ваъдалар берилмаган.

“Карантин пайтида улар қандай ҳаёт кечирганлари ҳақида сўраяпсизми? Улар бир-бирларидан қарз олиб юрдилар, — дейди Андрей К. “Фарғона” билан суҳбатда. –Ахир уларда ҳамма нарса ўртадаку. Президент гапирган моддий ёрдам ҳақида ҳеч нимани билмайман. У ерда ҳам пул шундоққина бериб қўйилмайдику, кредитга, фоизга беришса керак? Бизнинг ишчиларимизга мажбурий ишсизлик учун товон тўлаш ҳақида раҳбарларимиз ҳозирча ҳеч нима деганлари йўқ. Ўйлашимча, улар ҳеч нарса тўламайдилар”.

Ётоқхоналар ёпилди, энди қаерда яшаймиз?

Карантин тугаши билан қурувчиларнинг ўзларида муаммолар кўпайди, кўпчилик қайтадан турар жой қидиришига тўғри келди. Яшаётган одамлари коронавирус инфекциясини юқтириб олган ётоқхоналар карантинга муҳрлаб кетилди, бошқалари эса иш берувчилар – якка тартибда иморат солувчи буюртмачилар томонидан мажбурий ишсизлик даврида ётоқхоналарга ижара пулини тўлаш малол келгани боис ёпилди.

Қидирувлар ҳамма вақт ҳам муваффақиятли кечмаяпти. Мисол учун, тожикистонлик пайвандчи (сваркачи) Наримоннинг айтишича, мигрантларнинг алоҳида хонадонни ижарага олиш илгари ҳам қийин кечган, ҳозир эса бадтар ёмонлашди: “Эсингиздами, илгари эълонда нима деб ёзиларди? Хонадон ижарага фақат русларга бериладими? Ҳозир эса янада бадтар бўлиб кетди. Ҳаммалари уларга қандайдир касалликни юқтириб қўйишимиздан қўрқишади. Бундан ташқари, ётоқхонага қараганда, алоҳида хонадонга ижара ҳақи кўпроқ тўланади. Арзонроқ тушиши учун 10-15 киши бўлиб биргаликдан битта квартирани ижарага олиш ҳам имкониятсиз бўлиб қолган. Агар биров бундай вариантга рози бўлган тақдирда ҳам, қўшнилар тегишли идораларга етказишади ва ўша заҳоти текширувлар бошланади. Бундан ташқари, квартира қидиришга вақт қайда? Ахир ишлаш керак. Шунинг учун кимдир бир киши қидириб юришига тўғри келади. “Ишчи пропускангиз” билан бўлса ҳам шаҳар бўйлаб кезиш осон иш эмас – ҳар бир полициячи сени тўхтатиб, обдон текширишдан эринмайди”.

Дезинфекторлар ва санитайзерлар

Қурилишдаги ишларнинг ўзи ҳам бугунги кунда етарли даражада ажабтовур кўринишга эга бўлиб қолди. Бироқ санитария талаблари тўлиқ бажарилмоқда – айниқса ишхонага кирадиган дарвоза олдида. Прораб Андрей К.нинг таъкидлашича, уларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Назорат ўтказиш маскани олдида худди дўконлардаги каби ерга ораси бир ярим метрдан қилиб чизиқлар тортиб қўйилган. Шунинг учун дарвоза олдидаги навбат бир неча ўн метрларга чўзилиб кетган.

Москвадаги объектда. Upravafilipark.ru сайти фотосурати

Ўртаҳовлида (проходнойда) огоҳлантирувчи лавҳалар илиб қўйилган, уларда, мисол учун, “Битта-биттадан кирилсин”, “1,5 метрлик масофага риоя қилинг”, “Диққат! Ниқобсиз кириш тақиқланади!”, “Коронавирус ҳақида нималарни билмоқ керак”, “Ҳушёр ва эҳтиёткор бўлинг (қўл бериб саломлашишни, қўлни кўзга текизишни, йўталишни ва аксиришни маън қилувчи тасвирлар)”. COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳақида кўплаб маълумотлар жойлаштирилган.

Кираверишда чопарни (курьер) назорат ўтказиш масканидан объект ичига киритмаслик учун кирувчи ва чиқувчи ҳужжатларни қабул қилишга мослаштирилган металл саватчалари ўрнатилган. Объектга кираётган ҳар одамни ниқоб таққан ҳамда қўлида масофадан туриб тана ҳароратини ўлчайдиган аппарат ушлаган хусусий қўриқлаш корхонасининг (ЧОП) вакили кутиб олади. Махсус журналда ҳар куни объектга кираётган одамнинг тана ҳарорати қайд этиб борилади. Санитайзерлар-антисептиклар ҳам назорат ўтказиш масканидан ташқари объектнинг ўзида ҳам бор, одамлар мунтазам равишда қўлларини артиб юришлари керак.

Касалланиш борасида заррача шубҳа туғилиши биланоқ ишчини медпунктга – дезинфекция жадвали, бактерицид лампа, термометр ҳамда медицинага оид барча ҳужжатлар: ишчилар ҳароратини ўлчаш журнали, хоналарни дезинфекция қилиш журнали ва ҳоказолар сақланадиган вагончага жўнатадилар.

Одамлар ниқоб таққан ва қўлқоп кийган ҳолатда ишлашлари керак.

Қолганлари эса қурилишда ўша-ўша – аввалгидек ҳолатда давом этмоқда, негаки иш пайтида ҳам, ечиниб-кийиниш хонасида ҳам ижтимоий масофага риоя қилишнинг амалда иложи йўқ.

* * *

Москва мэри Сергей Собянинга кўра, Москвадаги қурилишларнинг очилиши Москвани тарк этиб, ватанига қайта олмаётган мигрантларни иш билан таъминлаш масаласини қисман бўлса ҳам ҳал қилмоқда. “Қурилиш соҳасида етарли даражада кўп меҳнат мигрантлари ишлайдилар, улар Москвадан ҳеч қаерга кетмаганлар, улар шу ердалар ва уларни ватанларига киритишмаяпти. Бу ерда ҳам иш йўқ. Шунинг учун ҳам саноат корхоналари ва қурилиш майдонларининг очилиши бу масалани қисман бўлса ҳам ҳал қилмоқда”, — дейди Собянин.

Қурилиш соҳасига бугунги кунда қанча меҳнат мигрантларининг жалб этилгани тўғрисида аниқ маълумотларни топишнинг иложи йўқ: бу борадаги статистика 2015 йилдан бери ҳисоб-китоб қилмай қўйган. Норасмий маълумотларга кўра, қурилиш соҳасида тахминан бир миллион атрофида одамлар ишляпти, норасмий маълумотларга кўра эса, бирмунча озроқ. Якка тартибда иморат солувчи буюртмачиларнинг ҳаммаси ҳам мигрантларни қонуний равишда, солиқ тўлайдиган қилиб ишга расмийлаштиравермайдилар. Шунинг учун ҳам рақамлар фақат тахминий бўлиши мумкин.

Россиядаги қурилиш майдонларида турли маълумотларга кўра барча меҳнат мигрантларининг 34 фоиздан (фақат қурилиш соҳасининг ўзида) 67 фоизгача (уларнинг квартиралар, хусусий уйлар ва хусусий уй қурилишларида банд олганларни ҳам ҳисобга олинадиган бўлса) бўлган қисми ишлаб келади.

Россиядаги барча қурилиш ишларининг 12 фоизи Москва регионига тўғри келади.

Дмитрий Аляев