Меҳмонга бормаган яхши, аммо уй ҳам ўлан тўшак бўлмай қолганида

Ўзбекистондаги туристик фирмалар хонавайрон бўлиб қолмаслик учун нималар қилаётганлари ҳақида
“Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдидаги кимсасиз қолган кўчалар . Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Коронавирус режа ва ниятларни сиз тасаввур қилганингиздан ҳам тезроқ ўзгартирар экан. Февраль ойида Ўзбекистон Давлат туризм қўмитасининг раиси Ўзбекистонни коронавирусдан ҳоли мамлакат сифатида реклама қилишга киришмоқчи бўлиб турган, туризм соҳасидаги Режалаштириш ва инсон ресурсларни ривожлантириш департаментининг раҳбари Шуҳрат Исақулов эса Хитойга бориш ниятидан воз кечган кўп миллионли чет эллик туристлар оқимини мамлакатга қаратишни таклиф қилган эди.

Ана энди март ойининг охирида Ўзбекистоннинг ўзи ҳам давлат чегараларини ёпиб қўйишга мажбур бўлди. Шаҳарлар ичида ҳамда шаҳарлараро ва вилоятлар ўртасидаги йўловчи ташиш бўйича барча турдаги транспортлар қатнови тўхтатиб қўйилди. Барча ўқув-таълим муассасалари, савдо, кўнгилочар ва давлат бошқаруви муассасалари ва ташкилотларининг кўпи вақтинча ёпиб қўйилди.

Ўзбекистоннинг стратегик ва тез ривожланувчи соҳаларидан бири бўлган туризм – ҳаракатсиз қотиб қолди. Коронавирусгача бўлган даврда 2020 йилда биргина Хитойнинг ўзидан мамлакатга 98 мингдан зиёд туристлар келиши кутилган, давлат ғазнасига эса биринчи ярим йилликнинг ўзида туризм соҳасидан 200 миллиард сўм солиқлар келиб тушиши прогноз қилинган эди. Бугун эса кўп миллионли зарарлар ҳақида гапиришдан бошқа чора қолмади.

Ўзбекистонда тиббий ниқобларнинг тарқатилиши . Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг фотосурати

Афтидан 2020 йилнинг баҳорги-ёзги мавсуми барбод бўлганга ўхшаяпти. Ўзбекистон ҳукумати томонидан туризм соҳасини қўллашга қандай чоралар қаратилаётгани ҳақида Бош вазир ўринбосари ва Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитасининг раиси Азиз Абдулҳакимов сўзлаб берди.

Унга кўра, чет эллик туристларнинг йўқлигини ички туризмни ривожлантириш ҳисобига тўлдириш лозим: инвесторлар меҳмонхоналар қурилишига катта сармояларни киритишган, шунинг учун ҳам меҳмонхоналар бўш қолиши мумкин эмас. Ҳукумат мамлакат ичкарисидаги саёҳатларни ривожлантириш учун қисман субсидиялар билан таъминламоқчи. Бунинг учун махсус жамғарма тузилиши таклиф этилмоқда. “Uzbekistan Airways” коронавирус пандемияси туфайли хорижий рейслардан олиб ташланган самолётларни ички рейсларга қўйиш ҳисобига тарифларга 50 фоизлик чегирмалар киритишни режалаштирмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси поездлар ҳаракати жадвалини қайта кўриб чиқиб, уларни маҳаллий туристлар учун қулайроқ қилмоқчи. Ҳозирнинг ўзида компания туроператорлардан бекор қилинган чипталар учун жарима ундирмасликка қарор қилди.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил 19 март куни “​Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” фармонини имзолаган эди. Ушбу фармон билан 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади. Шунингдек, тижорат банклари томонидан туристик операторларга, меҳмонхона бизнеси субъектларига, транспорт-логистика компанияларига ва туризм тармоғининг бошқа корхоналарига, шунингдек, ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн сўмлик қарздорликларни тўлаш бўйича кечиктиришни (жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда) 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш имконияти тақдим этилиши кўзда тутилди.

Туристлар Ўзбекистонда. Ўзбектуризма матбуот хизмати фотосурати

Фармон жуда ҳам ўз вақтида чиқди. Ўзбекистондаги туристик мавсумнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у баҳор-ёз ва кузнинг бошланишига тўғри келади. Шунинг учун ҳам қишги ойларда давом этган турғунликдан сўнг кўплаб туроператорлар “хавфсизлик ёстиқларисиз” қоладилар ва бу холатда давлатнинг кўмагисиз омон қолиш амри маҳол.

“Фарғона” Тошкентдаги бир нечта туристик фирмалар ва авикассаларда сўров ўтказди. Уларнинг ҳаммалари исмлари ошкор этилмаслик шарти билан суҳбатлашишга рози бўлдилар. Қизиғи шундаки, уларнинг ҳамасининг гапи бир ердан чиқди, шунинг учун жавобларини битта қилиб беришга қарор қилдик.

— Карантин муносабати билан сизнинг фаолият соҳангиз атрофидаги аҳвол қанчалик ўзгарди?

— Ўзбекистон билан бошқа мамлакатлар ўртасидаги авиация қатнови тўхтаганидан сўнг, туризм соҳасида ишлашда маъно қолмади. Биз икки кун ишладик, лекин мижозлар оқими тўхтагани ҳамда умумиллий карантин эълон қилингани боис барча авиакассалар ва шу жумладан, биз ҳам ўз фаолиятимизни тўхтатиб қўйдик. Энди, мижозларимиздан бирортаси чиптасини қайтармоқчи бўлиб бизга қўнғироқ қилса, биз қисқа муддатга офисга келиб, унинг хизматини бажариб берамиз.

— Чипталарини топшираётган одамлар кўпми?

— Ҳа, албатта кўп. Деярли ҳаммаси деса ҳам бўлаверади. Одамлар келиб режалаштириб қўйган ишлари борлигини, учрашувлар белгилаб қўйилганини, ўзларига қарашли бизнес хонавайрон бўлиб қолиш таҳдиди остида қолгани тўғрисида арз ва-шикоят қиладилар, аммо афсуски, биз уларга ҳеч қандай ёрдам бера олмаймиз. Давлат томонидан аввалига барча халқаро рейслар бекор қилинди, кейин бўлса ички рейсларни ҳам тўхтатиб қўйдилар. Чартер рейсларда учиб кетиш мумкин, аммо бунинг учун махсус келишувлар бўлиши керак. Ўзбекистонда қолишга қарор қилган одамларга эса визаларининг муддати май ойигача узайтириб берилди.

— Агар мижоз чипталарини бугун қайтарадиган бўлса, ундан жарима ундириладими? Ёки авиачипта қиймати тўлиқ ҳажмда қайтариб бериладими?

— Авиачипталар шахсий сабабларга кўра қайтариладиган тақдирдагина жарималар ундирилиши кўзда тутилган. Бироқ рейслар авиакомпания дуч келган муаммолар сабабли бекор қилинадиган бўлса, авиачипта қиймати тўлиқ ҳажмда қайтариб берилади. Бунинг яна бир нозик жиҳати бор. Авиачипталарни қаерда сотиб олган бўлсангиз ўша ерда, яъни уни сотиб олган туристик фирмада ёки авиакссада қайтаришингиз лозим бўлади.

— Ходимларингизни меҳнат таътилига чиқардингизми?

— Худди шундай! Иш ҳажми йўқлиги ҳамда умуммиллий карантин эълон қилингани важидан барча ходимлар иш ҳақи сақлаб қолинмайдиган меҳнат таътилига чиқиб кетишган. Бизнинг фаолият соҳамиз одамлар билан бевосита мулоқот қилиш орқали амалга оширилади. Бироқ ҳамма ўзини жамиятдан четда тутиши (само изоляция) лозим бўлиб турган пайтда, туристик фирмалар бошқаларга қараганда анчайин кўпроқ зарар кўрадилар. Бироқ бизни энг кўп ташвишга солаётган нарса ноаниқлик бўлиб қолмоқда. Биз вазият қачон изга тушади ва қачон ишга қайтишимиз мумкин бўлишини умуман тасаввур қила олмаяпмиз.

— Сизга қарашли авиакасса ёки туристик фирма моддий зарар кўряптими?

—Туристик фирма биринчи навбатда авиачипталарнинг қайтарилиши билан боғлиқ моддий зарарларни кўряпти, негаки олинган маблағлар тақсимланиб ҳам бўлган, сарфланиб ҳам бўлган: ишчи ходимларга иш ҳақи тўлашга, офис билан боғлиқ харажатлар, солиқ тўловлари ва ҳоказолар. Айни фурсатда бизлар ҳаммамиз зарарни қоплашга қўшимча маблағ излаш билан оворамиз. Офис ижарасига ҳам пул тўлашга тўғри келяпти, негаки даромад йўқ бўлган шароитда ҳам офис бизнинг тасарруфимизда қолиши керак.

— Чет элдаги меҳмонхоналар бронлардан воз кечаётганингиз учун сизни жарима тортишга уринишмаяптими?

— Бутун жаҳон туризм индустриясининг ҳаммаси ҳозирги пайтда деярли бир хил аҳволга тушиб қолган. Меҳмонхоналар ва туристик фирмалар ўртасида тузиладиган халқаро шартномаларда пандемия форс-мажор саналади. Барча хорижий туристик фирмалар бир-бирининг аҳволини жуда яхши тушунадилар. Ҳозирча меҳмонхоналар ва туристик саёҳатлар учун пуллар тўлиқ ҳажмда қайтарилмоқда, фақат халқаро пул жўнатмаларини амалга ошириш учун сарфланган харажатлар ушлаб қолинмоқда. Туризм бизнесида рақобат жуда кучли бўлиб турган бир пайтда кўрсатилмаган хизматлар учун бировнинг пулини ўзлаштириб олишга унча-мунча одам ботина олмайди. Лекин шунақанги ҳолатлар ҳам учраб туради, миисол учун, туристик фирма ёки меҳмонхона ўзини банкрот деб эълон қилса.

— Ички туризмни ривожлантириш туристик бизнеснинг ривожланишига ёрдам берадими?

— Ҳозирги шароитда ички туризмга ортиқча умид қилиб бўлмайди. Мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилиги қатъий тартибдаги карантин сабабидан муддатсиз ва кўп ҳолларда иш ҳақи сақланиб қолмаган меҳнат таътилларига чиқиб кетганлар. Аҳолининг молиявий ресурсларини шавқатсиз равишда йўқ қилиб тугатаётган карантин қанчалик узоқ муддатга чўзилишини ҳеч ким билмайди. Бу эса вазият барқарорлашиб изига тушиб кетганидан кейин одамлар ишлагани чиқиб кетишини англатади. Шунинг учун ҳам меҳнат таътиллари ва ортиқча харажатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Одатда одамлар барча молиявий ва маиший муаммоларини ҳал қилиб бўлганларидан кейингина саёҳатга чиқиш ҳақида ўйлай бошлайдилар. Ўйлашимча, бу йилги мавсумда одамлар кам харажатли экотуризмни афзал кўра бошлайдилар. Мисол учун, бир кунга тоққа чиқиб, меҳмонхоналарда ётиб қолмай уйларига қайтадилар.

— Инқироз меҳмонхона бизнесига қандай таъсир кўрсатяпти?

— Меҳмонхона ва отеллар эгаларининг аҳволи бугунги кунда ҳаммадан ҳам оғир бўлса керак деб ўйлайман. Минусга кириб кетмаслик ва чўкиб кетмай сув юзида қалқиган ҳолатда қолиш учун улар хоналарнинг аксариятини консервация қилишга киришдилар. Қолган хоналарнинг нархлари пасайтирилмоқда, ишчи ходимларнинг сони имкон қадар камайтирилмоқда. Қонун бўйича иш берувчилар ҳозир ишчи-ходимларини ишдан бўшатишлари тақиқлаб қўйилган, шунинг учун ҳам одамларни муддатсиз таътилга чиқаришмоқда. Аммо карантин тугаганидан кейин ишга кўпчилик қайтиб келмаса керак деб ўйлайман.

* * *

Пандемия ва карантин қачон тугашини ҳеч ким айта олмайди. Саёҳатлар индустрияси ва унга ҳамкор соҳалар – авиаташувчилик, экскурсиялар, ресторан бизнесининг қайта тикланиши узоқ вақт давом этади. Коронавирус кўплаб туристик фирмаларни банкротликки олиб келиши муқаррар. Пандемиядан эсон-омон чиқиб оладиган туристик компаниялар туристик оқимни зўр бериб ўз фойдасига қайта тақсимлашга ҳаракат қиладилар.

Шунинг учун ҳам бошланишида одамлар хавфсизлик нуқтаи назаридан уйларидан узоққа сафар қилишдан тийинадилар ҳамда одамлар кўплаб тўпланадиган жойлардан ўзларини олиб қочадилар. Қайсидир муддат давомида халқаро туризм ўзининг жозибадорлигини йўқотади. Лекин маҳаллий экотуризм ривожланишни бошлайди. Иқтисодиётнинг умумий инқирози шароитида одамлар дам олиш ва байрам кунларида қисқа муддатли саёҳатлар фойдасига қимматбаҳо олис юртларга саёҳатлардан воз кечишга мажбур бўладилар.

Лолита Юлдашева

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ