“Фарғона” Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган фотоочерклар туркумини чоп этишда давом этади. Бугунги материалимизда атоқли тавассув пири-муршиди, ислом олими, шайх Зайниддин ҳамда чилла календари ҳақида ҳикоя қилинади.
Авлиё ва юлдузлар
XIII асрда Марказий Осиё ва бутун Ўрта Шарқ минтақасида ўзаро аёвсиз урушлар ортидан Чингизхон қўшинларининг юртни вайрон қилувчи қирғинбарот урушлари бошланди. Айнан шу оғир кунларда Тошкентнинг энг қўҳна даҳаси ўзининг абадий руҳоний ҳомийсига эга бўлди. Боғдоддан келган Суҳравардия сўфийлик орденининг вориси шайх Зайниддин шаҳарнинг ғарбий қисмига туташган Қўҳи Орифон – “Донолар тоғи” дея аталувчи даҳага келиб ўрнашди. У умрининг сўнги нафасигача, 95 ёшида вафот этгунига қадар ер остидаги чуқур ҳужрада истиқомат қилди ва юрт аҳлининг тинчлик-хотиржамлигини сўраб тўхтовсиз дуода бўлди.
Шайх Зайниддин нотинч замонда ўз ўгит ва насиҳатлари билан одамларни қўллаб-қувватлаш учун онда-сонда юқорига кўтарилар эди. Унинг ҳужраси ва мақбараси устида XVI асрда Зайниддин бобо мақбараси барпо этилди ва бизнинг кунларда бу ёдгорлик Ўзбекистондаги энг йирик зиёрат марказига айланди (Мақбаранинг очилиши ва ўрганилиши тарихи, унинг конструктив хусусиятлари ҳақида қаранг: Левина-Булатова В.А. Зайниддин мақбараси тарихига // Ўзбекистоннинг меъморий мероси / Масъул муҳаррир санъатшунослик доктори Г.А.Пугаченкова. Тошкент: Ўзбекистон ССР Фанлар академяси нашриёти, 1960 йил 75-84 бет (Левина-Булатова В.А. К истории мавзолея Зейн-ад-дина // Архитектурное наследие Узбекистана / Отв. редактор доктор искусствоведения Г.А.Пугаченкова. Ташкент: Издательство Академии наук Узбекской ССР, 1960, с. 75-84)). ХХ асрнинг 90-йиллари мақбаранинг навбатдаги реставрацияси давомида археологлар авлиёнинг ер остидаги ажабтовур мосламасига эътибор қаратдилар: маълум бўлишича, бу осмон жисмларини ҳаракатини махсус астрономик жиҳозлари ёрдамисиз кузатиш имкониятини берувчи расадхона (обсерватория) бўлиб чиқди.
Музлатиб қўйилган қўшин
Шайх Зайниддин 1214 йилда Боғдодда Суҳравардия сўфийлик тариқатининг асосчиси бўлган таниқли шайх Шиҳобиддин Абу Ҳафса Умар Суҳравардий оиласида дунёга келди. Шайх Шиҳобиддин ўзининг сўфийлик тариқатлари муршидлари учун атаб ёзган “Аворифул-маъруф” рисоласи билан шон-шуҳрат қозонган ҳамда Аббосийлар сулоласига мансуб ан Носир ҳалифаси саройида маслаҳатчилик қилган эди. Зайниддин туғилганида унинг отаси 69 ёшда эди. Отанинг ёши анчага бориб қолгани билан, бунинг ҳайрон бўладиган ери йўқ эди, чунки ўша пайтлардаги яшаган авлиёларнинг таржимаи ҳолига эътибор берилса, ёши бир жойга бориб қолган ота-оналардан фарзанд туғилиши ҳолатлари жуда кўп учрашини кўриш мумкин. Кўриниб турибдики, тавассуф амалиёти мустаҳкам соғлиқ ва умрбоқийликка кўмак берувчи омиллардан бири бўлиши мумкин, деган тахминларга жиддий асос бўлади. Шиҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардийнинг ўзи 89 йил умр кўрди ва умрининг охиригача кундалик рўзғор юмушларини бажаришдан бир дақиқага ҳам четланмай, ҳозирги ибора билан айтганда, ўз даврининг фаол арбоби бўлиб қолди.
Ўша пайтга келиб Аббосийлар ҳалифалиги аста секинлик билан мусулмон оламидаги ўз таъсирини йўқота бошлади: пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ворислари ҳукмдорлик тизгинларини қўлдан чиқариб, дунёвий подшоҳларга ён боса бошладилар. Ҳалифа ан-Носир қудратли Хоразмшоҳларга қарши кураш бошлаб юбориб, шайх Суҳравардийни ўзига яқинлаштирди ва унинг зиммасига араб акобирлари ўртасида “руҳоний рицарлик” анъаналарини мустаҳкамлаш вазифасини юклади. Ушбу анъаналар туфайли тавассув жангчилари Шимолий Африкада салбчиларнинг ҳужумларини даф этишар, Европада ассасинлар номи остида танилган Аламут тоғилик исмойилийлар эса бутун Яқин Шарқни қўрқув остида ушлаб туришар эди. Шу билан бирга, шайхнинг ўзи урушдан кўра фалсафа ва табиий фанларни афзал кўрар, унинг таълимотига эргашганлар орасида саркардалар эмас, балки шоир Шерозий ва сайёҳ ибн Баттута кўпроқ шуҳрат қозонди.
Ҳар ҳолда Аббосийлар ҳалифалининг аҳволи жуда ҳам беқарор кўринишга эга эди. Бироқ мўъжизага менгзаган ғалати тасодифлар ҳалифаликнинг вайрон қилинишидан қутқариб қолар эди. Боғдодни истеъло қилиш учун ҳарбий сафарга отланган Хоразмшоҳ Такеш йўлда қўққисдан касал бўлиб қазо қилди. Унинг вориси Хоразмшоҳ Муҳаммад II Алоуддин 1217 йилнинг кузида Афғонистондан туриб ан-Носирга қарши улкан армияни сафарбар қилди.
Бўлгуси ғалабаларининг гувоҳи ва солномачиси бўлади деган ниятда Хоразмшоҳ ҳарбий юришга шайх Суҳравардийни ўзига ҳамроҳ қилиб олди. Бироқ Асадободга яқин бўлган тоғдаги довонда қўққисдан қаттиқ совуқ тушиб, шунақанги қалин қор ёғдики, ҳамма отлар ва туялар ҳалок бўлди, минглаб навкарлар қаҳратон совуқдан қўл-оёқларини музлатиб, ногирон бўлиб қолдилар. Ушбу омадсизликдан сўнг Муҳаммад II Алоуддин расмиятчилик нуқтаи назаридан ҳалифа ан-Носирга гўёки товба-тазарру келтиради. Бироқ ўз давлати ҳудудида жума намозлари хутбаларида ҳалифанинг номини қўшиб айтишни тақиқлаб, муфтийларига илоҳий ҳокимиятнинг Аббосийлар сулоласидан Али авлодларидан бўлган сайидларга ўтиши лозимлигига шаръий асослар топиш вазифасини топширади.
Туя тўхтаган жойда
Шу вақтга келиб татар-мўғуллар қўшини шимолдан Марказий Осиёга қараб юришни бошлади. 1221 йилда Чингизхоннинг ўғли Жўчи Хоразм пойтахти Гурганчни талон-тарож қилиб бўлганидан кейин шаҳарни бутунлай вайрон қилди. Шундан сўнг у Амударёдаги тўғонни бузиб ташлаб, шаҳарни сув остида қолдирди. Қирқ йил ўтиб мўғул аскарлари томонидан забт этилган Боғдоддаги ҳалифани мўғул илхони Хулагу бутун яқинлари билан қатл этди.
Ҳалифа ан-Носир вафотидан сўнг шайх Шиҳобиддин Суҳравардий ўзининг кенжа ўғли Зайниддинни қачонлардир гуллаб-яшнаган ва айни пайтда вайрон харобаларга айланган юртда тавассуф илмини тарқатиш учун Тошкентга жўнатди.
Мусулмон илоҳиётчиларининг тахмин қилишича, ушбу миссиянинг мазмун-моҳияти – чекка ўлкаларда яшаётган халқлар орасида илоҳий ҳақ диннинг позицияларини мустаҳкамлаш, оғир синовларга дуч келган мусулмонларнинг умидсизликка тушиши ва ҳатто маъжусийликка яна қайтиб кетишини олдини олиш бўлган. Шунингдек, Ислом динини кўчманчи қабилалар орасида кенг ёйишни давом эттириш зарур эди. Ушбу даъват миссиясини олдинроқ Қаффол Шоший, Аҳмад Яссавий ва Занги ота бажариб келгандилар.
Ривоятларга кўра, шайх Зайниддин миниб келган туя узоқ ва хавфли сафарининг охирида, 1236 йилда Тошкентга шаҳарнинг ғарбий Кўкча дарвозасидан беш юз қадам масофада, номи юқорида зикр қилинган Қўҳи Орифон қишлоғида тўхтади. Бу ерда ҳилват жойда ер ости ҳужраси бор эди ва заҳматкаш волий ушбу кулбани умрининг охиригача ўзига маскан қилиб танлади.
Ўрта асрларда Марказий Осиёда нафақат сўфийлик тариқатларининг пири-муршидларини, балки олимларни ҳам донишманд ҳаким деб атаб келганлар. Ҳақни англаш, ҳаққа етишиш нафақат ибодат, балки ақлий риёзиёт орқали ҳам мумкин, деб ҳисобланган. Тавассув доктриналарида ушбу икки услуб бир-бирига қарши қўйилмай, аксинча бир-бирини тўлдиради, деб таъкидланади.
Ўзбекистонлик тадқиқотчи археологлар ХХ асрнинг 90-йилларида шайх Зайниддин мақбарасининг шимолий деворига ёндашган ҳужрани ўрганиб чиқдилар. Улар бу ҳужра XI аср охири – XII аср бошларида барпо этилган ва яшаш учун кўчиб кирилган, деган хулосага келдилар. Олимлар унинг атрофида Қўҳи Орифон қишлоғидаги маданиятнинг юқори бўлганини аниқ кўрсатувчи, келиб чиқиши қўҳнароқ бўлган кўплаб артефактларни топдилар. Бироқ ҳаммасидан қизиқтирадигани – ер ости ҳужрасининг тузилиши эди.
Иншоотнинг ички тузилиши иккита лойдан ясалган ва бир-бирига миндириб қўйилган ўтовни эслатади. Юқори қаватнинг идеал юмалоқ шаклидаги гумбазнинг қоқ марказида биттагина туйнук бор. У ерга бурама пиллапоя орқали чиқиш мумкин. Ердаги тор тирқиш орқали қуйи қаватга ўтиш мумкин. Қуйи қават юқори гумбазнинг кичрайтирилган нусхасига ўхшайди, уларнинг ўртасидаги фарқи шундаки, қуйи қават гумбазининг геометрик маркази 166 сантиметрга сурилиб қолган. Қуйи қават гумбазида ҳам кесилган конус шаклидаги унчалик катта бўлмаган туйнук бор бўлиб, у юқоридаги гумбазга қараб йўналган. Агар уларнинг ўртасидан шартли чизиқ тортилса, у Тошкент меридиани проекциясига тўғри келади. Қуйи туйнукдаги конуснинг ўқ чизиғи уфқ текислигига нисбатан роппа-роса 73 градус 23 минутга тенг бўлган қияликда эгилган – қуёш ёзги туриш пайтида Тошкент устида айнан шу баландликка кўтарилади. Меридианни кесиб ўтувчи қуёш ва бошқа юлдузларни қуйи ҳужрадан фақат Ер ҳаракатининг тартибида белгиланган кунлар ва соатларда кузатиш мумкин. Ушбу “обсерватория”нинг айнан шундай тузилиши туфайли осмон жисмларининг ҳаракатини махсус астрономик жиҳозларсиз кузатиш мумкин.
На ойлар ва на ҳафталар
Араб фатҳи Марказий Осиёга қадимги Вавилонда пайдо бўлган ҳамда кўзга кўринувчи сайёралар, шу жумладан, Ой ва Қуёш сонларига тенг етти кунлик ҳафталарини ўз ичига олувчи ой календарини олиб кирди. Аббосийлар ҳалифалиги даврида Мусулмон Шарқида астрономия шунчалик ривожланган эдики, унинг ёрдамида Ер сайёрасининг айланаси узунлигини ҳисоблаб чиқиш имконияти бор эди. Ҳалифа ал-Маъмун 827 йилда астрономлар ва математиклардан иборат иккита гуруҳга ушбу масаланинг ечимини топишни вазифа қилиб берди. Ораларида ал-Хоразмий ва ал-Фарғоний каби олимлар бор бўлган ушбу икки гуруҳ берилган бу масалани ечиш учун зарур бўлган бир градус меридиан ёйини ўлчаш ишларини амалга оширдилар.
Бироқ XIII асрнинг уруш ва низолари даврида одамларнинг осмондаги қандайдир осмон жисмларининг ҳаракатларини кузатиш борасида бош қотиришга эҳтиёж йўқ эди. Аммо деҳқончилик ва чорвачиликнинг кундалик эҳтиёжлари учун йил мавсумлари алмашувини ва саналарни аниқ ҳисоблаш зарурати мавжуд эди.
Бугунги кунгача диний байрамлар саналарини аниқлаш учун хизмат қилувчи Исломий ҳижрий-қамарий календарь – тақвим 12 ойдан иборат бўлиб, бир йил 354 ёки 355 кун (кабиса йилида) давом этади. Лекин ундаги кунлар сони шамсий – қуёш календаридаги кунлардан 10 ёки 11 кун камроқ бўлгани учун ойлар иқлимий мавсумларга нисбатан босқичма-босқич сурилиб боради. Мисол учун, бу йилда қишнинг бошланишида турган ой йигирма йиллардан сўнг ёзга тўғри келиши ёки бунинг акси бўлиши мумкин.
Ўзбекистонлик олимларга кўра, Қорахонийлар даврида номаълум муҳандислар томонидан барпо этилган ер ости ҳужраларининг тузилиши чилла халқ календарларидан фойдаланиш учун мослаштирилган. Ўрта асрларда ушбу календарь Марказий Осиёнинг кўплаб элатлари томонидан исломий ҳижрий календарь билан бирга қабул қилинган. Бу календарда ой ва ҳафталарга ажратиш йўқ, аммо унда иқлимий мавсумларга катта аҳамият берилган. Улардан иккитаси жазирама иссиқ пайтга – ёзга ва қаҳратон совуқлар бўладиган қишга тўғри келади ва уларни қиш ва ёз чилласи деб аталади. Чилла қирқ кун давом этади. Бу ердаги амалий мулоҳазалар очиқ ва равшан, негаки максимал иссиқ ёки максимал совуқ қуёш таъсирининг максимал ёки минимал пайтида эмас, балки ундан бироз кечикиброқ ўрнашади. Негаки кундузги энг иссиқ пайт пешинда эмас, балки бироз кечроқ ва туннинг энг совуқ пайти тонг отишидан олдинги пайтга тўғри келишини кўпчилик билади.
Чилла календари астрономик ҳодисаларни минтақанинг реал иқлимий шароитлари билан мослаштирди. Ёзги чилла пайтида деҳқон ва боғбонларнинг дала ва боғларидаги экин ва кўчатлари мунтазам равишда суғорилиши лозим, аммо экин ва кўчатларни эҳтиёткорлик билан ва фақат тунда, намлик етадиган даражада суғориш керак, чунки кундузги пайтда суғорилса, қуёш экинларни куйдириб қўйиши мумкин. Ёз чилласида чорва тоғдаги яйловларга чиқарилиб қўйилгани афзал, уйда қолган ҳайвонларини эса офтоб уришидан эҳтиёт қилиш мақсадида соя-салқин жойларга ўтказиш керак. Қиш чилласида қишлоқ хўжалиги ишларини олиб бориш умуман мақсадга мувофиқ эмас, чорвани эса иссиқ қўраларда сақлаган яхшироқ.
Деҳқонлар ва чорвадорларнинг қолган мавсумий ишлари ҳам ёзги ва қишги чиллага нисбатан режалаштирилган. Шу билан бирга, қуёшнинг баландлигига қараб мавсумларнинг доимий ҳисобини олиб боришга тўлиқ имкониятлар бор, негаки ёзги қуёш туриши куни бўлган 22 июнда Тошкент кенглигида осмонда булутлар деярли ҳеч қачон кўринмайди. Қишки чиллани эса ҳатто осмон булут бўлган тақдирда ҳам ҳисоб бошланадиган сана аниқ бўлгани боис арифметик йўл билан ҳисоблаб чиқса бўлади.
200 минг намозхон
Албатта Суҳравардия тариқатининг вориси шайх Зайниддин ўзининг ер остидаги ҳужрасида фақатгина ёзги чилла вақтининг кириб келадиган аниқ санасини белгилаш билан шуғулланмаган. Ҳар ҳолда, Марказий Осиёдаги сўфийлар учун чилланинг аҳамияти жуда катта. Бу пайтда мусулмон мистиклари ўттиз кунлик Рамазон рўзасига қўшимча қилиб яна қирқ кун чилла ўтириб, вақтни ибодатда, Қуръон қироатида ва бошқа турдаги эзотерик амалиётларда (зикрда) ўтказадилар. Халқ орасида тарқалган ривоятларда айтилишича, шайх Зайниддиннинг умрининг охиригача деярли тўхтовсиз чилла тутиб ўтирган ва у 95 ёшида вафот этган. Бироқ волий доим халқнинг энг муҳим эҳтиёжлари марказида бўлгани шубҳасиз авлиёнинг зоҳидона ҳаёт тарзи эвазига эришилган руҳоний нуфузини кучайтирган.
Марказий Осиёда XIV асрда ола-ғовур даврлар тугаб, соҳибқирон Амир Темурнинг мустаҳкам давлатчилиги кириб келганидан сўнг Қўҳи Орифонлик авлиёнинг довруғи Тошкент воҳасидан анча ташқарига чиқиб тарқаб кетади. Ўша даврда соҳибқирон Темурнинг буйруғига мувофиқ шайх Зайниддиннинг шогирди бўлмиш шайх Нуриддин Басирнинг мақбараси барпо этилди. Шунингдек, Руҳлар Манзили – Руҳобод номи билан танилган шайх Бурҳониддиннинг ҳам мақбараси қурилди. Бу мақбара айни пайтда Темурийларнинг оилавий мақбараси Гўри Амир ёнида қад кўтариб турибди. Ушбу мақбараларнинг жойлаштируви ҳукмдор сулоланинг мусулмон оламидаги ҳурмати баланд бўлган тавассув устозлари ўртасида руҳоний ришталар мавжудлигини таъкидлаётганига ишора қилади.
Тошкентдаги шайх Зайниддин мақбарасининг маҳобатли пештоқини соҳибқирон Амир Темурнинг буйруғига биноан барпо этишган деган ривоятлар бор. Ҳолбуки, археологлар мақбара биносининг ўзи XVI асрда, кўчманчи ўзбеклар – Шайбонийхонлар сулоласининг маҳаллий ҳукмдорлари томонидан қуриб битказилган, дея тахмин қилишмоқда. Пишиқ ғиштдан барпо этилган иншоот ва айниқса, унинг Қуръон оятлари билан безалган нақшинкор ёғоч эшиги бизнинг кунларгача яхши сақланиб қолган. Бугунги кунда шайх Зайниддин мақбараси пайдо бўлган фурсатидаги каби мусулмонларнинг қабристони билан ўралган. ХХ асрнинг 90-йилларида Кўкча даҳасидаги “Зайниддин Бобо” хотира мажмуасига ёндашган замонавий жомеъ масжиди қурилган. Унинг баланд минораси шаҳар панорамасига кўркига сезиларли жило бериб, Ўзбекистон пойтахтининг ташриф карточкаларидан бири сифатида хизмат қилмоқда. Тошкентлик тарихчи ва ўлкашунос Борис Голендерга кўра, бу масжиднинг қурилишида шайх Зайниддиннинг отаси – шайх Шиҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий руҳоний меросининг мухлисларидан бўлган Ироқ мусулмонлари орасидан чиққан ҳомийлар фаол иштирок этганлар.
Ҳар ҳолда, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам узоқдан кўриниб турадиган баланд миноранинг силуэти зиёратчиларга муқаддас қадамжога олиб борадиган йўналишни кўрсатиб туради. Мусулмонларнинг байрамлари икки ҳайит намозлари ва жума намози ўқиладиган кунларда Кўкча майдони автомобиллар ва намозхонларга тўлиб кетади. Тошкент расмийларининг маълумотига кўра, бу ерда баъзида бир вақтнинг ўзида 200 000 намозхон тўпланади. Улар орасида нафақат пойтахт аҳолиси, балки Ўзбекистоннинг энг чекка вилоятларидан келган меҳмонлар ҳам бўлади.
-
17 Май17.05ФотоҒамгин кўзли булбулТошкентда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди
-
21 Июнь21.06Барча фильмларга — «марҳабо» деймиз!Мумтоз кинорежиссёр Али Ҳамроев Тошкент кинофестивали кинода мавжуд «ғуборларни ювиб ташлаши»га ишонади
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
27 Июль27.07Қўқонлик буюк мудаббирҲақиқий Остап Бендер лейтенант Шмидтнинг ўғли бўлмаган. У Ўзбекистон Марказий ижроя қўмитасининг раиси бўлган
-
24 Июль24.07ФотоЎтмиш ёдгорликлариТошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди
-
30 Июнь30.06Army of CodersЎзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида