Пайғамбар қудуқлари ва булоқлари.

Ҳазрат Аюбнинг Бухородаги ҳаёти ва ўлими

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларига ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда Қуръон қандай қилиб Аюб алайҳиссаломнинг умр баёнига аниқлик киритгани ҳамда унинг ёдгорлиги жойидаги жаннатий чашма ҳақида.

Вобкент яқинидаги Хайриобод қишлоғида жойлашган Чашмаи Аюб қадамжоси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Кўп асрлар муқаддам Хоразм ва Бухоронинг зироатчилик воҳаларида табиий кучлар қадрланган қадимги эътиқодлар ва анъаналар ўрнига Ислом кириб келди. Ислом кириб келиши билан бу ерда ўзига хос эътиқод шаклланди. Библиядаги Аюб пайғамбар тўғрисидаги ривоятни тўлдирган Қуръондаги тўрт оят бу эътиқоднинг асоси бўлиб қолди.

Ичимлик суви қудуқларининг пири саналган Аюб алайҳиссаломнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бўлган жойлар Марказий Осиёнинг турли бурчакларида учраб туради. Хусусан, бизнинг кунларда ҳам учта дин вакиллари – мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар Хоразмнинг қадимий пойтахти Кўҳна Урганчдаги Аюб алайҳиссаломнинг мозорини зиёрат қилиб турадилар. Зиёратчилар айнан шу жойларни Библиянинг Аюб Китобида тилга олинган афсонавий Уц ўлкаси билан боғлайдилар, ривоятларга кўра буюк пайғамбарнинг сабри ва тоқати Аллоҳ томонидан шу ерда имтиҳон қилинган экан.

Бухородаги Чашмаи Аюб мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзбекистон ҳудудида ҳазрати Аюб алайҳиссаломнинг номи билан боғлиқ учта ноёб ёдгорлик мавжуд. Улардан бири Қарши шаҳрида, иккинчиси Бухоро вилоятининг Вобкент қишлоғи яқинида ҳамда учинчиси ва энг машҳури – Бухородаги Чашмаи Аюб мақбараси.

Библияда ҳикоя қилинишича, Аюб алайҳиссалом покдамон ва адолатли инсон бўлган, нафақат ўзи учун, балки бутун оиласи аъзолари ҳақига ҳам Аллоҳга ибодат қилган. Унинг тақвоси ҳамда олиб бораётган ибратли турмуш тарзига мукофот тариқасида Аллоҳ унга яйлов-яйлов чорва моллар, оилавий хотиржамликдан ташқари етти ўғил ва уч нафар қиз ато этган. Бироқ Шайтон алаайҳи лаъна бир кун Аллоҳга арз қилиб, Аюбнинг сабри ва чидамлилиги борасида иштибоҳга тушганини билдирган: шунча ноз-неъматнинг шукронасига тақводор бўлиш қийин эмас, бироқ агар унинг бор-бурди тортиб олинса, унинг тақвоси, ибодати ва шукроналиги қаерда қолади? Оламлар Парвардигори Шайтонга пайғамбарни имтиҳон қилишга ижозат беради.

Бухородаги Чашмаи Аюб мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қароқчилар ҳужуми, яшин уриши ва бўрон натижасида Аюб алайҳиссалом барча мол-мулки ва фарзандларидан айрилади. “Шунда Аюб ўрнидан турди, кийимини йиртиб, сочини қирқиб ташлади. Сўнг ерга мук тушиб, таъзим қилди ва “Онамнинг қорнидан яланғоч туғилдим, яланғоч ҳолда тупроққа қайтаман. Берган ҳам Аллоҳ, олган ҳам Аллоҳ. Парвардигоримнинг исмига ҳамду санолар бўлсин!” (Аюб китоби 1.21) деб айтади. Шунда Шайтон уни мохов дарди билан тақдирлади. Аюбнинг бадани йиринг тўла чипқонлар билан қопланди, у шаҳарни тарк этишга мажбур бўлиб, гўнг тепада ўтиришга ва бошидан кул сочишга тўғри келди. Ҳамма ундан юз ўгирди, бироқ шунда ҳам пайғамбар Шайтоннинг макрига учмай, Аллоҳга ҳамд ва сано айтишдан тўхтамади. Аюбнинг хотини унга: “Ҳалиям бенуқсонлигингизга маҳкам ёпишиб ўтирибсизми?! Ундан кўра Худони лаънатлаб, ўлиб қўя қолганингиз яхшироқ эмасми?!” — дейди. Аммо у хотинига: “Ақлсиз аёллардек гапирасан-а! Аллоҳдан фақат яхши нарсаларни қабул қиламиз-у, ёмонларини қабул қилмаймизми?!” — деб айтади. (Аюб китоби 2.10). бироқ, пировардида умидсизликка тушиб ўзининг дунёга келган кунига лаънат айтади. Шунда Аллоҳнинг ўзи унга намоён бўлиб насиҳат қилади ва пайғамбарга соғлиғини, бойлигини ва фарзандларини қайтаради. Ана ўшандан кейин Аюб яна қирқ йил умр кўради ва “қариликда ва Худо берган кунларига тўйган ҳолда” вафот этади.

Вобкентнинг Хайриобод қишлоғидаги Чашмаи Аюб мақбараси (қадамгоҳи). Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Насронийлар анъанасида ушбу ғаройиб воқеалар содир бўлган Уц ўлкасини Фаластин, Арабистон ва Вавилоннинг икки дарё оралиғининг чегарасида жойлашган деб ҳисобланади. Шу билан бирга, Библиянинг даҳрий тадқиқотчилари Аюб Китобининг муаллифи қор ёғиши ва сувнинг музлаши каби тушунчалар билан таниш бўлганини бир неча бор қайд этиб келганлар. Шу билан бирга, китобда тоғлар ва денгизлар, ҳайвонот оламидан – туяқушлар ва товуслар, чиябўрилар, шерлар, сиртлонлар, қулонлар, каркидонлар ва бегемотлар тилга олинган. Бундан келиб чиққан ҳолда, Уц ўлкаси Африка ёки Ҳиндистон тарафларда жойлашган деган хулосага келиб бўлмайди. Ҳар ҳолда, Аюб китоби муаллифининг жуғрофий тушунчалари етарли даражада кенглиги очиқ ва равшан. Муқаддас Қуръон китобининг 38-чи Сод сурасида Аюб алайҳиссаломнинг бахтли ниҳояси қайта тилга олиниб, баъзи тафсилотлар билан тўлдирилади. 41-оят: “. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг!” (Алоуддин Мансур таржимаси). 42 оят: “(Шунда унга айтилди): «орқанг билан (остингдаги Ерни) тепгин!» (У Аллоҳнинг амрини бажарган эди, ўша ердан бир чашма отилиб чикди. Сўнг унга айтилди): «Мана шу чўмиладиган жой ва муздек ичимлик сувдир». (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач, унинг барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол даво топди)”. 43-оят: “Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик”. Ваниҳоят, 44-оятда “(Яна Биз Айюбга айтдик): »Қўлингга бир бор (новдани) олиб, у билан (хотинингни ургин — қасамингни бузмагин».

Изоҳ: Айюб алайҳиссалом касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида Айюб пайғамбар диллири оғриб «Тузалганимда албатта сени юз қамчи ураман», деб қасам ичган эканлар. Шу боисдан шифо топганларидан сўнг Аллоҳ таъоло у кишига ичган қасамларининг устидан чиқишлари учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинларини бир марта уришга амр қилди.

Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайтгувчидир”.

Ҳукмдорлар ўзгариши билан афсона ва ривоятлар ҳам ўзгаради

Бунгача Библия ривоятлари унчалик катта бўлмаган яҳудийлар ва насронийлар жамоалари томонидан тарқатилаётган Бухорога Ислом ва Қуръон анча вақт ўтганидан кейин етиб келган. Бу ерда халқ ривоятлари шифобахш чашма тўғрисидаги тафсилотларни ушлаб қолгани ҳам бежиз эмас.

Бухородаги Чашмаи Аюб мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Милоддан III мингйиллигида пайдо бўлган Бухоро воҳасининг зироатчилик тамаддуни ўзига хос шароитларда ривожланиб келди. Помирнинг баланд тоғларидан югуриб келаётган Зарафшон дарёси қачонлардир бизнинг кунларга қараганда тўлиб-тошиб оққан ҳамда чўл пастеккисликларини ҳосилдор балчиқлар билан тўлдирган. Шунинг учун ҳам қумлоқ тупроқ деҳқончилик учун яроқли ҳолатга келиб қолган. Бироқ ҳар томонлама Қизилқум чўлининг қумлари қуршовида қолган табиий суғориш берк кўчасидаги тузга тўйинган аччиқимтир таъмли суви ҳар доим ҳам ичишга яроқли бўлавермайди. Айнан шунинг учун ҳам бу ерда чучук таъмли қудуқлар ва шаффоф сувли булоқлар жуда эъзозланган. Ушбу булоқларнинг ҳар бирига зардуштийлик ибодатхонасидан ёки бунгача мавжуд бўлган табиат илоҳалардан бири ҳомийлик қилган. VIII асрда араблар фатҳи билан яккахудолик ўрнатилди, қадимий эътиқодларни янги шароитларга мослаштиришга тўғри келди. Бунинг учун, Ислом дини ичидаги ривоятлардан фойдаландилар.

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти тадқиқотчиларининг илмий фаразига кўра, Бухоро воҳасида Ҳазрат Аюбни эъзозлаш амалиётининг пайдо бўлишига араб фотиҳларининг ўзлари, аниқроғи ҳарбий юришларда фаол иштирок этган Жанубий Арабистондаги қабила оқсоқоллари ҳам ёрдам бериб келишган.

Бундан бироз олдинроқ эса Ямандаги қабилалар зодагонларининг ўзлари мамлакатдаги жоҳилия даврининг анъана ва удумларини Ислом монотеизмининг талабларига мослаштиришига тўғри келган эди. Исломни қабул қилган Ҳимёритлар салтанати ҳукмдорларининг авлодлари забт этилган юртларнинг маданиятини ўзлари учун одатий бўлган Библия пайғамбарлари – ҳанифлар (аҳли тавҳидлар) – Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Аюб, Довуд, Сулаймон, Дониёл, Искандар Зулқарнайн, Тубо шоҳи ҳамда келиб чиқиши жанубий арабистонлик бўлган авлиёларнинг қаҳрамонликлари ва кароматлари тўғрисидаги ривоятлар билан боғлаб қўйдилар. Мисол учун, Хоразмда яманлик ислом риёзатчиси Увайс Қаронийга эҳтиром жуда кучли. Унинг шарафига ҳатто тоғ массивига Султон Увайс номи берилган. Шундан сўнг араб фотиҳларининг ўрнини Х аср охирида Исломга кирган туркий Қорахонийлар сулоласи эгаллаши ортидан маҳаллий ривоятлар ўтмишда табиат кучларига сиғиниб келган кўчманчи қабилаларнинг достонлари билан бойитилди.

Қони оқадиган япроқлар

Ривоятга кўра, Бухоронинг марказидаги Чашмаи Аюб мақбараси Қорахонийлар сулоласига мансуб ҳукмдор Мансур Арслонхон даврида, XII аср бошларида Регистон майдонидаги улкан Минораи Калон билан бир вақтда қурилган. Бошқа маълумотларга кўра, қурилиш XIII асрдаги мўғуллар босқинидан сўнг, Амир Темур ва унинг ворислари даврида қуриб битказилган. Ўрта асрларнинг ўзида бир неча бор қайта қурилиб реконструкция қилинган, Ўзбекистоннинг меъморий ёдгорликларига хос бўлмаган конус шаклидаги гумбазли мақбара биноси бугунги кунларгача ҳам ўзининг мисли кўрилмаган қиёфасини сақлаб қолган.

Мақбара гарчи бугунги кунда музей мақомига эга бўлса ҳам, вилоятдаги энг гавжум зиёратгоҳларидан бири бўлиб қолмоқда. Зиёратчилар ихлос билан Ҳазрат Аюбнинг тахминий қабрини тавоф қила туриб, унинг устида бир ҳовучдан гуруч ёки буғдой ҳамда ҳушбўй райҳон шохларини қолдириб кетадилар. Бундан ташқари, улар албатта ички ва тери касалликларига шифо бўладиган қудуқдан сув олишади.

Бухородаги Чашмаи Аюб мақбарасида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Мақбарага кираверишда эшик устида сопол плиталаридан терилган нақшинкор ўрта аср барельефида феруза рангда рельефли ёзувда қуйидагилар ёзилган: “Бу бино 785 (ҳижрий) йилда Мавароуннаҳр ва Ҳуросон султони Амир Темур Кўрагон бошқаруви даврида – унинг мусулмонларга марҳамати кўпаяверсин, Амир Ҳажжож томонидан барпо этилган!” Агар бу ёзувга ишонадиган бўлсак, мақбара 1383 йилда, Бухоро Темурланг империясининг бир қисмига айланиб қолганидан 13 йил ўтиб қурилган. Бироқ қурувчилар шахсига нисбатан олимлар шу чоққача бирор бир аниқ маълумотга эга эмаслар. Эҳтимол, реставрацияларидан бири ўтказилаётган пайтда қолдирилган ёзув Темур даврини Уммавийлар замони билан алмаштириб қўйган бўлиши мумкин, аммо бунга ҳам ишониш қийин. Ўшанда Қутайба ибн Муслим ҳарбий юришларига раҳбарлик қилган Ҳажжож ибн Юсуф Ҳалифаликнинг шарқий вилоятларини амирлик қилган эди.

Ёзув устига муқаддас қадамжонинг тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи лавҳа ўрнатиб қўйилган: “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм! Хожа Имом Ҳофиз Гунжарий ўзининг “Тарихи Бухоро” китобида Ваҳб ибн Муннабиҳ номидан шуни ҳикоя қиладики, қадимги китоблардан бирида ёзилишича, пайғамбарлардан бири Жайҳунни кечиб ўтганидан кейин Бухоро деб аталувчи жойга етиб келган ва бу ернинг одамлари уни жуда яхши кутиб олдилар. Бунга жавобан набий алайҳиссалом уларга барака тилаб дуо қилади ва Тангри Таъало унинг бу дуоларини ижобат қилади. Ўшанда пайғамбар “Эй Худо, уларнинг авлодига барака бергин, душманларини мағлуб қилгин, улардан фитналарни даф қилгин” деб дуо қилади. Бу пайғамбар Сабрли Аюб алайҳиссалом эди! У Бухорода худди мана шу ерда вафот этди ва бу жой ҳозиргача сақланиб қолган. Унинг остида чашма бор бўлиб, жаннат манбаларидан бири бўлади. Булоқ ёнида дарахт ўсган бўлиб, унинг япроқлари Санжид барглари каби қишда ҳам кўм-кўк турарди. Агар бу япроқни йиртадиган бўлсанг, ундан қизил сув оқар эди...”

Олимларга кўра, мақбара турбатида 1022 йилда Бухорода вафот этган таниқли факиҳ ва муфассир Ҳофиз Гунжарийнинг устихонлари ётган бўлиши мумкин. Мусулмон дунёсида Аюбнинг дафн этилган ери сифатида Суриянинг пойтахти Дамашқ шаҳри яқинидаги Нова ва Ҳаурон тан олинган. Шундай қилиб, Бухородаги Чашмаи Аюб қадамжосида зиёратчилар афсонавий пайғамбарнинг хотирасини эъзозлайдилар, холос. Мақбара ва бозор ўртасидаги майдонда қадимий Талипач дарвозаси олдида баъзида ногиронлар ва қарияларнинг тиланчилик қилаётганини кўриш мумкин. Гўё улар ўз кўринишлари билан ҳазрати Аюбнинг чеккан азобларини эслатиб тургандек.

Мақбарадаги свастикалар

Чашмаи Аюб номи билан маълум бўлган бошқа муқаддас жойлар ҳам бор. Қадамгоҳ сифатида қадрланадиган бу зиёратгоҳ Бухородан шимолга қараб ўттиз беш чақирим масофадаги Вобкент ёнидаги Хайриобод дея номланувчи унчалик катта бўлмаган қишлоқда жойлашган.

Вобкентнинг Хайриобод қишлоғидаги Чашмаи Аюб қадамжоси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Пахта далалари орасида қолиб кетган ушбу мақбарадан фақат биттагина равоқ сақланиб қолган ва мутахассислар уни XII аср архитектурасининг ноёб ёдгорликларидан бири деб ҳисоблайдилар. Равоқнинг орқасида ёғоч саркофаг остида қадимий қудуқ сақланиб қолган. Қудуқ қачон ёғочли ҳимоя воситаси билан жиҳозлангани борасида турли фикрлар бор: баъзилар XVIII-XIX асрларга таллуқли десалар, бошқалари ХХ аср бошларига тўғри келади дейишади. Ҳар ҳолда, бугунги кунда Аюб булоғидаги шифобахш сувни муқаддас булоқдан уч қадам нарироқда ковланган янги чуқур орқали оладилар.

Олимларнинг таъкидлашича, Хайриободдаги Чашмаи Аюб мақбарасида қўшни қишлоқда истиқомат қилиб 1017 йилда вафот этган мусулмон факиҳ олими Абу Саъд Ҳажуший дафн этилган. Шундай қилиб, муҳаддислар бу ердаги маҳаллий ривоятларни Қуръон матнларига мослаштириб, бу жойларни Библиядаги патриарх Иов-Аюб номига бағишлаб қўйганлар.

Хайриободдаги мақбаранинг юқори пешайвонида рангли керамикадан терилган свастикаларнинг тасвирларини кўришингиз мумкин. Свастика анъанавий тарзда солар белгиси, яъни қуёш рамзи саналади. Эҳтимол Бухоро ва Самарқанд ислом архитектурасида қўлланаётган свастика бу ўлкада Кушонлар ҳукмдорлиги даврида, яъни милоддан олдин II-III асрларда кенг тарқалган зардуштийлик ёки ҳатто буддавийликнинг маданий мероси сифатида қолган бўлиши мумкин.

Геометрик ёки ўсимлик нақшларига қўшиб битилган қуёш рамзлари ўрта асрлар Марказий Осиё меъморчилигида жуда кўп бўлмаса ҳам, учраб турадиган ҳолат. Аммо улар бу ерда алоҳида ифодалилик касб этади. Бу маънода уларни Афросиёб кўҳна шаҳрининг ёнбағирларида жойлашган Шоҳи Зинда мажмуасининг баъзи мақбараларидаги девор қопламалари билан таққослаш мумкин. Ваҳоланки, “тирик шоҳ” Қусам ибн Аббос ҳақидаги афсона билан боғлиқ Шоҳи Зинда қадамжоси ҳам топографик жиҳатдан ер ости чашмалари билан боғланган. Лекин Самарқанднинг ҳомийлари сифатида бошқа афсонавий персонажлар – Муқаддас Китоблардаги пайғамбар Дониёл ҳамда абадий ҳаёт булоғининг сувини ичган умрбоқий жаҳонгашта Ҳазрати Ҳизрнинг номлари тилга олинади.

Афтидан, маҳаллий мусулмон ҳукмдорлар томонидан мўғул босқини арафасида барпо этилган Бухоро воҳасидаги муқаддас қадамжолар Чингизхон истилосини бошдан кечиришга ёрдам берганга ўхшайди. Юз йил ўтиб Темурланг ва унинг ворислари қадимги ибодатхоналарни янгилаб, мустаҳкамладилар, халқ исломини қайта тиклаб ўз давлатларининг таянчига айлантирдилар.

Ўзбекистоннинг ҳозирги расмийлари ҳам тарихий ёдгорликларни таъмирлаш, реконструкция ва реставрациясига ҳамда тарихий ёдгорликлар ва қадамжоларни безатиш учун пулни аямаяптилар. Уларни нафақат эътиборга лойиқ туристик объектлар, балки миллий ўзлигини англаш ғоя-мафкурасининг “таянч нуқталари” сифатида кўрмоқдалар.

Чашмаи Аюб ҳақида батафсил ўқинг: Бабаджанов Б., Муминов А., Некрасова Е. Чашма-йи Аййуб // Собиқ Россия империяси ҳудудидаги Ислом (Ислам на территории бывшей Российской империи). Энциклопедик луғат. Тузувчи ва масъул муҳаррир С.М.Прозоров. Том I. М.: «Восточная литература» Нашриёт фирмаси, Россия Фанлар академияси, 2006, с. 441-443.

Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Андрей Кудряшов

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Бухоро яқинидаги “донишмандлар қасри” қандай қилиб шоҳлар дахмасига айланиб қолгани ҳақида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Қодирия тариқатига асос солган шайх ва тортинчоқ қиз

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Суфий қаландарлар ва ҳаракатланаётган тош

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Бир кунда униб-ўсиб етилган торвуз ҳамда кучукка айланиб қолган болалар