Самарқанд четидаги Нуҳ кемаси

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Суфий қаландарлар ва ҳаракатланаётган тош
"Нуҳ кемаси" қўнимгоҳи. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"



“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда Ўзбекистон диёрида ўз изларини қолдириб кетган пайғамбар ҳақида ҳикоя қилади.

Ўзбекистоннинг деярли ҳамма туманларида ҳамда қўшни мамлакатларда Лангар номли қишлоқларни ёки даҳаларни учратиш мумкин. Ўрта асрлардан бери авлиёларнинг мозорларини ёки жаҳонгашта дарвишларга бошпана бўладиган суфийлик хонақолари ёнида пайдо бўладиган аҳоли яшаш манзилларини шундай номлаш одат бўлиб қолган.

Самарқанд вилоятининг шимолида, Оқтоғ тоғ тизмаси оралиғида Лангар деб аталган жой бор. Бироқ бу жойнинг суфийлар ёки маҳаллий авлиёлар билан боғлиқлиги йўқ. Ривоятга кўра, бу жой афсонавий пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломга қўнимгоҳ бўлиб хизмат қилган экан.

Оқтоғ тоғлари. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Мусовийлик, насронийлик ва ислом издошлари орасида бутун оламни босган сув қайтишни бошлаганидан кейин Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Ер сайёрасининг қайси ерига келиб тўхтагани борасида зиддиятли фикрлар келиб чиқмаган. Бу иш “Арарат тоғларида” содир бўлгани Библияда аниқ айтилган (Ибтидо 8.4). Тарих фани дарсликларида айтилишича, милоддан XIII аср муқаддам Кичик Кавказ ва Арманистон тоғлиги ҳудудида инсоният тамаддунининг энг қадимий ўчоғи – кейинчалик давлатга айланган Урарту қабилалар иттифоқи пайдо бўлган. Арманистоннинг Эчмиадзин ибодатхонасида Катта Арарат тоғининг ёнбағирларида биринчи насронийлар томонидан топилган Нуҳ алайҳиссалом кемаси қопламасининг бўлаги дея саналган тошга айланиб кетган муқаддас парча сақланмоқда.

Сюжетнинг гўёки мутлақ жуғрофий аниқлигига қарамай, маҳаллий афсоналар кўҳна тарихга нисбатан ўз кўзқарашларини намойиш этишга ҳаракат қилмоқдалар. Ҳар ҳолда бу нафақат Нуҳ алайҳиссаломга, балки у ёки бу сабабларга кўра Ўзбекистоннинг турли бурчакларида эъзозланадиган Библияга оид бошқа персонажларга ёки машҳур тарихий фигураларга ҳам тегишлидир.

Ўз елкаларига юклаган ҳолда

Кўҳна Самарқанднинг шимолида, Зарафшон дарёси водийси Нурота ва Оқтоғ тоғ тизмалари ўртасидаги даштликка айланиб кетади. Оқтоғ тоғи ҳатто маҳаллий ўлчамлар учун ҳам унчалик баланд бўлмаган тоғ саналади, Помир ва Тиёншон тоғларидан икки баробар пастроқ, бироқ Оқтоғ тоғларининг қояли қияликлари жуда ҳам тик ва чиқиш учун имконсиз. Кўчманчи чорвадорликни ҳисобга олмайдиган бўлсак, инсон фаолияти учун деярли яроқсиз ва шу кунларгача ҳам бу ерда аҳоли деярли яшамайди.

Бу ерлардаги ягона йирик аҳоли яшаш манзили – Лангар қишлоғи бўлади. Ярим қимматбаҳо тошлар топиладиган тор дарада, баландлиги 2000 метр атрофида бўлган Таҳку тоғининг энг юқори чўққисининг деярли ёнида жойлашган бу қишлоқ ўрта асрларда пайдо бўлган. Шу ернинг ўзида, унчалик катта бўлмаган хонақода қаландарлар ва суфийлик тариқатининг муридлари бошпана топишар эди.

«Нуҳ кемаси қўнимгоҳи». Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ривоятларда афсонавий Нуҳ кемасининг қўнимгоҳи деб аталадиган қоя анча узоқ масофадан кўринади. Аслида у қўшни тоғ чўққиларидан баланд эмас, аммо ўзининг алоҳида жойлашуви ва ғайритабиий шакли билан ажралиб туради ва гўёки теварак-атрофдаги майдондан баландроқ тургандек туюлади. Унинг учта томони деярли тик бўлиб, тўртинчи томони қиялама, бу ерга ҳарсанг тошлар ва шағал оралаб ўтган тор сўқмоқ орқали чиқиш мумкин. Қояли массивни жанубий томондан чуқур вертикал ёриқ кесиб ўтган. Шундай қилиб, қоя икки чўққили бўлиб қолган. Улардан бири майдони деярли юз квадрат метрга тенг бўлган мутлақ текис майдончага эга. Ва айнан шу ерда бухоролик фидокор-тадқиқотчи Ҳаким Жўраев 2006 йилда қадимий ғишт девор қолдиқларини топган эди.

Лангар қишлоғи. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Лангар қишлоғи аҳолисининг баъзи-бир вакиллари таъкидлашича, мозийда қоянинг устида пишиқ ғиштдан қурилган ибодатхона турган. Айнан ана шу иншоот пайғамбар Нуҳ (а.с) кемасига қўнимгоҳ вазифасини белгилаган. Мазкур иншоот суфийлик тариқатининг издошлари томонидан қурилган. Улар қурилиш майдончасига қурилиш материалларини ўз елкаларида ташишга тўғри келган, негаки юк ортилган эшак ёки отлар тоғдаги тор сўқмоқ орқали ўта олмас эдилар. Сўқмоқ шунақанги тикка эдики, унча-мунча зиёратчилар юқорига кўтарила олмас ва муқаддас қадамжони тавоф қилолмасдилар. Вақт ўтиб зилзила ва бўронлар ибодатхонанинг гумбазини вайрон қилиб ташлади ва бинонинг фақат айлана шаклидаги пойдеворини қолдирди. Ушбу жойга хос эътиқодий масалалар етарли даражада заифлашиб кетган бўлса ҳам бу жой ҳақидаги ривоятлар шу кунгача сақланиб қолган.

Лангар қишлоғида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Нуҳ кемаси Самарқанд вилоятидаги тоғларда қўним топгани тўғрисидаги ривоят қачон пайдо бўлган ўзи? Бу воқеа Тавротдаги ҳикояларни ўқиб таниган ҳамда олдинроқ Арманистон тоғларида бўлиб қайтган қандайдир мусофирнинг Лангар қишлоғига келиб кетганидан сўнг содир бўлан, дея тахмин қилиш мумкин. Турган гап, Оқтоғ тоғлари Кичик Кавказ тоғлари каби баланд эмас ва бу ерда уйқудаги вулқонлар йўқ. Бироқ бу ерда лава далалари ва вулқонли тоғ жинслари учраб туради. Агар катта-кичиклиги эътиборга олинмаса, бу ердаги қўшма қоя чиндан ҳам вулқонли конуслари этакларда туташган Катта ва Кичик Арарат тоғининг чўққиларини эслатади.

Икки тоғнинг назмий сиймоси бу ерда шогирдларнинг сабр-тоқатини имтиҳон қилиш учун қурилиш бошлаган суфийлик пиронлари томонидан қўлланган афсонанинг пайдо бўлишига туртки бўлган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ривоятнинг Библия билан боғлиқлиги зиёратчиларнинг кўз олдида маҳаллий қадамжонинг аҳамиятини кўтаришга қаратилган бўлиши мумкин.

Ичи бўш харсангтош

Лангар қишлоғи Оқтоғ тоғининг шимолий ёнбағрига яқинроқ тоғ довонида жойлашган. Жанубий ёнбағирда Сангижуман қишлоғи жойлашган бўлиб, унинг номи “ҳаракатланаётган тош” маъносини беради. Бу ерда маҳаллий ривоятларга кўра пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломнинг шахсан ўзи ва унинг оила аъзоларининг бу ерда бўлганини исботи дея саналадиган табиий артефактлар топилган.

Умуман олганда, ҳаракатланувчи тош – таркибида кварц ва оҳактош миқдори катта бўлган юмшоқ тоғ жинсларидан иборат тоғ тармоқларида тез-тез бўлмаса ҳам, гоҳида учраб турадиган ҳолат саналади. Сангжумонда бу икки қаватли уй катталигидаги улкан харсангтош бўлиб, сув ва шамол эрозияси унинг ичини йўниб, деярли тухум пўчоғидек юпқалаштириб қўйган.

«Нуҳ кемаси қўнимгоҳи». Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тор пойдевор устида турган улкан тошни бир киши бемалол тебрата олиши мумкин ва бу ишни қадамжони қўриқлаб турган саксон ёшли қария бизга намойиш этиб берди. Кенг гранитли майдончада харсангтош ёнида ранги тўқроқ бўлган тоғ жинсидан тахминан 44-размерли инсон оёғиникига ўхшаган изни кўриш мумкин. Гўёки бутун дунёни қамраб олган улкан фалокатдан қутилган Библия патриархининг руҳий завқ алангаси тошда унинг оёқ изларини қолдиргандек. Бироқ оёқ изларининг орасидаги масофа бир ярим метрдан зиёд экани ҳам рост. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, бу ҳолат ривоятдаги ҳақиқатни инкор этмасдан, аксинча, уни қўллаб тасдиқлайди. Муқаддас Библияда Нуҳ алайҳиссалом даврида ер юзида Худонинг ўғиллари (фаришталар) ва инсон қизларидан туғилган улкан одамлар яшагани ҳақида ҳикоя қилинади (Ибтидо 6.4). “Нуҳ” алайҳиссалом изларининг ёнида кичикроқ инсон изларини кўришингиз мумкин. Бу излар кемадан чиққан пайғамбарнинг ўғиллари, учта ирқ – сомий, хомий ва ёфасийларга асос солган Сом, Хом ва Ёфаснинг невара ва эвараларига тегишли деб ҳисобланади.

“Ўзингиз тошдаги изни чиндан ҳам пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом қолдириб кетганларига ишонасизми?”, деган саволга қадамжо нозири бу изни қайси пайғамбар қолдиргани бугунги кунда унчалик муҳим эмас деб жавоб берди. Бироқ чайқалаётган тош ва излар Тангри Таъалонинг бандаларига одатий бўлиб қолган йил фаслларининг алмашуви, шамол шовқини, Қуёш нури, сувнинг шилдираб оқиши, қор ва ёмғирнинг ёғиши, чақмоқ чақиши ёки булутлар орасидан чиқиб кўринаётган камалак каби кўрсатган кўплаб мўъжизалари каби очиқ-ойдин мўъжизадир.

Андрей Кудряшов фотосурати /«Фарғона"

Андрей Кудряшов