Ўзбекистон делегацияси Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форумида иштирок этди

Форум. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистон делегацияси президентнинг дин ва маърифат масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигида 27–28 октябрь кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтган VII Маданиятлараро мулоқот форумида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хабар берди.

Форумда Марказ директори Фирдавс Абдуҳолиқов ҳам иштирок этди.

Форум «Бўлинган дунёда умумий келажак учун мулоқот: кўприклар барпо этиш» шиори остида ўтказилди. Унда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик, БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ Цивилизациялар альянсининг Олий вакили Мигел Анхел Моратинос, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар ва диний жамоалар вакиллари қатнашди.

Иштирокчилар маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, таълим соҳасидаги ҳамкорлик, ёшлар билан ишлаш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

28 октябрь куни Озарбайжоннинг Диний тузилмалар билан ишлаш давлат қўмитаси БМТ Цивилизациялар альянси билан ҳамкорликда «Динлараро мулоқот: умумий келажак сари йўл харитаси» мавзусида ялпи мажлис ўтказди.

Унда сўзга чиққан Комилов Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларни қайд этиб, Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий ижодини икки мамлакат адабий анъаналари яқинлигининг намунаси сифатида тилга олди.

Бутунжаҳон Маданиятлараро мулоқот форуми Озарбайжон ҳукумати ва халқаро ташкилотлар кўмагида Боку шаҳрида ўтказилмоқда. Унинг иштирокчилари турли маданият ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий қадриятлар ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ