Тошкентда технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми бўлиб ўтди

Форум. ИЦМ фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатларининг сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва киберхавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлигини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Симпозиум Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Глобал технологик дипломатия институти (Tech Diplomacy Global Institute, TDGI) томонидан ташкил этилди. Унда Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси давлат органлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, технологик ва бизнес секторлари, олий таълим муассасалари ҳамда экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳль ҳамда TDGI асосчиси ва президенти Аюми Мур Аоки сўзга чиқди.

Симпозиум 2025 йил 1 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Технологик дипломатия бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинганидан кейин бошланган ташаббуснинг давоми бўлди. Ҳужжат сунъий интеллект ва бошқа рақамли технологиялар ривожланаётган шароитда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни, шунингдек, дипломатик хизматларни янги технологик таҳдидлар ва киберхавфсизлик соҳасидаги муаммоларга тайёрлашни назарда тутади.

Иштирокчилар учта давра суҳбати ўтказдилар. Биринчи суҳбатда Самарқанд декларацияси қабул қилинганидан сўнг эришилган натижалар ва унинг қоидаларини миллий даражада жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Иккинчи суҳбат Марказий Осиё мамлакатларида рақамли кўникмаларни биргаликда ривожлантириш, инновациялар ва мутахассислар тайёрлашга бағишланди. Учинчи суҳбатда эса минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар ва халқаро миқёсда илгари суриш режалаштирилаётган устувор йўналишлар кўриб чиқилди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари, БМТ Тараққиёт дастури, молия ва технология компаниялари, университетлар ҳамда экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатларини North Highland консалтинг компаниясининг катта бошқарувчи директори Найла Бет Гавел олиб борди.

Симпозиум давомида Аюми Мур Аоки Самарқанд декларациясини амалга ошириш бўйича Тошкент баёнотини тақдим этди. Ҳужжат ташаббусни амалга оширишнинг кейинги йўналишларини белгилайди ҳамда технологик дипломатия соҳасидаги минтақавий устувор вазифаларни халқаро кун тартибига олиб чиқишни назарда тутади.

Тадбирда, шунингдек, Озарбайжон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Ҳиндистон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Қувайт, Уммон, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Фаластин ва Япония дипломатлари ҳамда вакиллари қатнашди. Меҳмонлар орасида Малайзия, Мўғулистон, Польша ва Швейцария вакиллари ҳам бор эди.

Дастурнинг ишбилармонлик қисми якунланганидан сўнг симпозиум иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказининг музей экспозициялари билан танишдилар. Уларга мультимедиа ва интерактив мажмуалар, кўп тилли рақамли тизимлар ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланувчи ечимлар намойиш этилди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ