Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалар учун дуал таълим дастурини йўлга қўйди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу дастур доирасида бўлажак журналистлар олий таълим муассасасидаги назарий таълимни Марказдаги амалий фаолият билан бирга олиб бориш имкониятига эга бўлади. Талабалар турли жанрларда материаллар тайёрлайди, интервьюлар олади, репортажлар яратади, шунингдек, тарих, илм-фан, маданият ва маънавий мерос мавзулари билан ишлайди.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишларидан бири журналист-гидларни тайёрлаш бўлади. Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов таъкидлашича, бундай мутахассислар тарихни билиш билан бирга, журналистик ва коммуникатив кўникмаларга эга бўлиши, шунингдек, хорижий тилларни билиши керак. Бу, хусусан, хорижий меҳмонлар билан ишлаш учун зарур.
Бундан ташқари, талабаларни тайёрлаш жараёнига хорижий мутахассисларни ҳам жалб этиш режалаштирилган. Улар талабаларни медиа соҳасидаги халқаро тажриба билан таништиради.
«Биз ёшларнинг ўз билимларини амалда синаб кўришларини, мутахассислар билан ишлашларини, журналистик материаллар тайёрлаш жараёнини бевосита ўрганишларини истаймиз», — деди Абдухолиқов.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа рақамли технологиялар, ижтимоий тармоқлар, мультимедиа ва сунъий интеллектнинг ривожланиши журналист касбига қўйиладиган талабларни ўзгартираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, талабалар таҳсил давридаёқ ахборотни текшириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, контентнинг турли форматлари билан ишлаш кўникмаларини эгаллаши лозим.
Олий таълим муассасаларида дуал таълимни ривожлантириш масаласи аввалроқ, 30 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг педагоглар билан учрашувида муҳокама қилинган эди. Янги модел университетдаги таълимни иш берувчи ташкилотдаги амалий фаолият билан уйғунлаштиришни назарда тутади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



