Қирғизистон Конституциявий суди навбатдаги президентлик сайловлари санасини белгилади

Қирғизистон Конституциявий суди биноси. sputnik.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2027 йил январь ойининг тўртинчи якшанбасига белгиланди. Конституциявий суд амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровнинг 17 февраль куни берган аризасини кўриб чиққандан сўнг шундай хулосага келди, деб хабар беради Конституциявий суд матбуот хизмати.

Суд Жапаровнинг ваколат муддатини текшириб чиқди. У 2010 йилги Конституцияга мувофиқ сайланган ва 2021 йил 28 январда олти йиллик муддатга лавозимга киришган. 2021 йилги янги Конституция беш йиллик муддат ва икки муддатли чекловни белгилаб берди. 2010 йилги Конституцияга мувофиқ, президент олти йиллик муддатга сайланади ва бир шахс икки марта сайланиши мумкин эмас эди.

Конституциявий суд 2021 йилги Конституциянинг 67-моддасида белгиланган беш йиллик муддат аввалги Конституция асосида бошланган президентлик ваколатларига тааллуқли эмас деган хулосага келди.

Бошланган муддат дастлаб белгиланган олти йил ичида тугалланиши керак. Олти йиллик муддат икки муддат қоидасига кўра биринчи муддат ҳисобланади.

Суд ўз позициясини ҳуқуқий узлуксизлик тамойилига асослайди. Унда президентнинг сайлов ваколати халқнинг ўз сайловчи ҳокимиятини бевосита амалга ошириши натижаси экани таъкидланади. Президентнинг амалдаги ваколат муддатини 2021 йилги Конституцияга мувофиқ қисқартирадиган талқин «ўйин қоидалари»ни аввалги сана билан ўзгаришини ташкил қилади, бу эса имконсиз ҳолатдир.

Муддатидан олдинги сайловларга келсак, Конституциявий суд уларнинг фақат 2021 йилги Конституциянинг 72-моддаси 1-қисмида батафсил санаб ўтилган асослар бўйича мумкин эканини таъкидлайди: ариза бўйича истеъфога чиқиш, белгиланган тартибда лавозимидан четлаштириш ва президентнинг касаллиги ёки вафоти туфайли ваколатларини амалга ошира олмаслик.

Юқоридагиларга асосланиб, Конституциявий суд Қирғизистонда кейинги президентлик сайловлари 2027 йил 24 январда ўтказилиши ҳақида қарор чиқарди. Жогорку Кенеш (мамлакат парламенти) сайловларни сайлов кунидан камида тўрт ой олдин, яъни 2026 йил 24 сентабрдан кечиктирмай белгилаши керак.

ℹ️ Жапаровнинг Конституциявий судга мурожаати президент ва парламент спикерига янги президентлик сайловларини кечиктирмасдан ўтказишни сўраб ёзилган хат эълон қилинганидан икки кун ўтгач юборилди. Хатга собиқ Бош вазирлар, академиклар, парламентнинг собиқ аъзолари ва жамоат арбобларидан иборат 75 киши имзо чеккан. Уларнинг фикрича, 2021 йили янги Конституциянинг қабул қилиниши эски қоидалар асосида сайланган амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддатига нисбатан ҳуқуқий ноаниқликни келтириб чиқаради. Имзоловчилар муддатидан олдин сайловлар низолар ва ноаниқ талқинларнинг олдини олишга ёрдам беради, деб ҳисоблашади.

Ўз навбатида, Садир Жапаров Конституциявий суддан мунтазам ва муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби ва муддатларига оид Конституциянинг бир нечта моддаларини расман талқин қилииб беришини сўради.