2026 йил 10 февраль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров кутилмаганда сиёсий ҳамроҳи ва яқин дўсти Камчибек Ташиевни Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимларидан озод қилди. Шеф ортидан унинг ўринбосарлари ҳам ишдан кетди. Бундан ташқари, президент юқори лавозимли амалдорлар ва муҳим объектлар хавфсизлигини таъминлашни МХДҚ тасарруфидан чиқарди ва Давлат хавфсизлик хизматига ўтказди ва ўзининг бевосита назорати остига олди.
Ташиев ва Жапаров шунчаки дўст эмас, балки сиёсий иттифоқчилар, 2020 йилги инқилобдаги шериклардир. Улар биргаликда аввалги режимни ағдаришди, шундан сўнг Ташиев президентнинг «ўнг қўли»га айланди, МХДҚни бошқарди ва мамлакатнинг бутун хавфсизлик аппаратини самарали назорат қилди. Уларнинг тандеми ҳар доим умумий манфаатларга асосланган эди. Бироқ, метин дўстлик остида келишмовчиликлар яширинган эди, бу эса муносабатлар дарз кетишига олиб келди.
Биринчидан, шахсий амбициялар ва рақобат. Ташиев ўз таъсирини яширмасди: у миллатчилар, хавфсизлик ходимлари вамамлакат жанубидаги элита орасида машҳур эди. Сўнгги йилларда у тобора кўпроқ муқобил куч маркази сифатида ҳаракат қилиб, вазирларни очиқчасига танқид қилди ва иқтисодий масалаларга аралашди. Конституциявий тузатишлар ва мухолифатни бостириш орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаган Жапаров, айниқса, Ташиев 2027 йили ўз президентлиги учун замин яратаётгани ҳақидаги миш-мишлар фонида уни таҳдид сифатида кўра бошлади. Қирғиз сиёсатида дўстлик тож учун кураш бошланадиган жойда тугайди. Жапаров, понтенциал рақибининг ўта кучайиб кетмасидан аввал йўқ қилишга қарор қилганга ўхшайди.
Иккинчидан, муҳим масалалар борасида келишмовчиликлар. Уларнинг умумий позициясига қарамай, Ташиев ва Жапаровнинг ёндашувлари турлича эди. Ташиев радикалроқ эди: унинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мухолифатни фаол равишда «тозалади», шу билан бирга президентнинг ўзига яқин кланлари манфаатларига ҳам таъсир қила бошлади. Тожикистон билан чегара масаласида Ташиев қаттиқ позицияда туриб олди, бу эса можаролар ва йўқотишларга олиб келди, Жапаров эса халқаро обрўси учун муросага келган бўлиши мумкин. Иқтисодий кескинликлар ҳам мавжуд эди: Ташиевнинг коррупцияга қарши кампаниялари президент оиласи ёки иттифоқчиларининг бизнес манфаатларига таъсир қилган бўлиши ҳам мумкин. Қирғизистоннинг бир нечта Telegram-каналларида пайдо бўлган ички маълумотларнинг сизиб чиқиши инфратузилма шартномаларини тақсимлаш билан боғлиқ жанжалга ишора қиларди — Ташиев гўёки Жапаровни ўраган кимсаларга фойда келтирадиган схемаларни тўсиб қўйганди. Хулоса қилиб айтганда, сўнгги патлар бу энди дўстлик эмас, балки чоклари сўкилиб бораётган альянс эди.
Учинчи омил — Ташиевнинг соғлиғи ва унинг мамлакатда йўқлиги. Фармон у Германияда даволанаётган пайтига тўғри келди (расмий маълумотларга кўра, у 2026 йил январь ойининг охиридан бери у ерда кардиологик муаммолари туфайли даволаняпти) ва бу тасодиф эмас, балки олдиндан ҳисобга олинган режадек кўринади. Жапаров Ташиевнинг жисмонан қаршилик кўрсата олмайдиган ёки тарафдорларини сафарбар қила олмайдиган пайтни танлади. Бу авторитар режимларнинг классик тактикаси: рақиб заиф бўлган пайтда уни йўқ қилиш. «Заҳарланиш» ёки «мажбурий даволаниш»га оид миш-мишлар урчиб ўтибди, аммо далилсиз улар шунчаки тахминлар бўлиб қолмоқда. Бироқ, факт аниқ: истеъфо сиртдан расмийлаштирилган ва бу ҳолат МХДҚ ичидаги алғов-далғовлар олдини олиш мақсадида шошилинг ва хавотир сабаб юз берганига ишора қилади.
Ташиевнинг уч нафар ўринбосари бир вақтнинг ўзида ишдан бўшатилди, бу эса хавфсизлик хизматларидаги «Ташиев» фракцияси тозаланганидан далолат беради. Жумгалбек Шабданбековнинг раис вазифасини бажарувчи этиб тайинланиши вақтинча, Жапаровга лоял бўлган ва собиқ раҳбар харизми ва мустақиллигидан бенасиб шахсга ишонч билдирилганини англатади.
Булар нима учун керак бўлди? Истеъфо Жапаровга ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаши учун зарур эди. У сарой тўнтарилиши олдини олиш учун жуда таъсирли бўлиб қолган «дўсти»дан қутулди. Ташиев соғлиғининг ёмонлашуви қулай баҳона бўлди. Агар у Германияда бўлмаганида, лоял хавфсизлик ходимлари ёки медиага таяниб, қаршилик кўрсатиши мумкин эди.
Прогноз. Ташиев истеъфоси — Жапаров режимини вақти келиб тортлатувчи бомба бўлди. Келгуси ойларда хавфсизлик кучлари ичида кенг кўламли тозалашлар кутилмоқда. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси барча ҳокимият тармоқлари устидан назоратнинг асосий воситаси бўлиб, Жапаров бутунлай содиқ одамларни тайинлайди. Бироқ, бу Ташиевга содиқ зобитлар орасида норозиликка сабаб бўлиши мумкин. Потенциал қўзғолонни олдини олиш учун Ички ишлар вазирлиги ва армияда ҳибсга олишлар ёки «ихтиёрий» истеъфолар бошланиши мумкин.
Агар Ташиев Қирғизистонга қайтса (эҳтимол, обрўсини сақлаб қолиш учун ҳам қайтиб келади), у мухолифатга қўшилиши мумкин. Жанубда — Ўш ва Жалолободда машҳурлиги билан у норозилик намойишларини уюштириши мумкин. 2020 йилни эслаш керак: Ташиев уни Жапаров билан бирга ҳокимиятга келтирган инқилоб етакчиларидан бири эди ва энди эса у «режим қурбони» бўлиши хавфи остида. Агар Жапаров ҳибсга олиш ёки коррупция айбловлари орқали қаттиққўллик қилса, Ташиев ундан олдинги кўплаб қирғиз мухолифати вакиллари каби эмиграцияга юз тутиши мумкин.
Ижтимоий норозилик кучайиб бормоқда: инфляция, коррупция ва оммавий ахборот воситаларининг бостирилиши. Ташиев истеъфоси қутбланишни кучайтиради — миллатчилар бунда хиёнатни кўришса, мухолифатчилар эса буни режим авторитар эканига исбот сифатида ишлатади.
Мен Камчибек Ташиев билан 2010–2011 йиллари шахсан бир неча бор суҳбатлашганман. Ўшанда ҳам у менга ҳокимиятдан осонгина воз кечадиган одам эмасдек таассурот қолдирганди. Шунинг учун, менимча, иккита вариант бор. Ёки унинг ишдан бўшатилиши у ва Жапаров ўртасидаги келишув натижаси бўлган — бу ҳолда Ташиев катта миқдорда товон ҳақи олган ва ҳеч нарса бўлмайди. Ёки бу Ташиевнинг ўзи учун кутилмаган ҳолат бўлган — бу ҳолда у қаттиқ хафа бўлади ва Жапаровга осон бўлмайди. Иккинчи ҳолатда барчаси навбатдаги «инқилоб» билан якунланиши мумкин.
Лекин яна бир кутилмаган версия бор: рокировка (жой алмаштириш). Бир неча кун олдин, февраль ойи бошида Қирғизистондаги 75 нафар таниқли шахс — олимлар, собиқ бош вазирлар, собиқ парламент аъзолари ва жамоат арбоблари — муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга чақиришди. Уларнинг аргументи қуйидагича: Жапаров 2021 йил январь ойида олти йиллик муддатни белгиловчи эски конституцияга биноан сайланган, аммо уч ой ўтгач, президентлик муддатини беш йилгача қисқартирадиган янги конституция қабул қилинди. Ташаббусчиларнинг фикрига кўра, муддатидан олдинги сайловлар «турли хил талқинлар, жамоатчилик муҳокамалари ва Конституциявий судга мурожаатларни четлаб ўтиш» ва «Қирғизистон ривожланишига янги туртки бериш» учун зарур.
Шундай қилиб, Бишкекдаги миш-мишларга кўра, Жапаров ва Ташиев ҳамма нарсани олдиндан келишиб олган: иккинчиси президентликка номзодини қўяди ва, эҳтимол, ғалаба қозонади — техник жиҳатдан ҳеч қандай маъмурий ресурсларсиз, яъни катта фарқ билан. Энди Ташиев президент, Жапаров эса унинг Бош вазири бўлади. Дўстлик ҳам, тандем ҳам давом этаверади.
-
21 Январь21.01Булбул гул ишқида ёнгани кабиМарказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми? -
22 Декабрь22.12СуратТокио драйвиЯпония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади -
18 Декабрь18.12Олтовлон учун сакэМарказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор -
28 Ноябрь28.11С5 учун Озарбайжон иловасиИлҳом Алиев Марказий Осиё учун бегона эмас -
17 Ноябрь17.11«Буюк давлатларга Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий муаммолари қизиқмас»Қозоғистонлик тарихчи Буркитбай Аяган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва минтақадаги долзарб муаммолар ҳақида -
14 Октябрь14.10Ўрта асрлар томон ортга бир қадамНима учун Қирғизистон ўлим жазосини тикламаслиги кераклиги ҳақида



