Хивада Конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ, Фарғонада эса кўргазма мажмуаси барпо этилади

Ўзбекистонда сайёҳлар ва инвесторларни жалб қилишга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Хивада Конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ, Фарғонада эса замонавий кўргазма мажмуаси қуриш режалаштирилган. Президент Шавкат Мирзиёев 14 январь куни бўлиб ўтган тақдимотда ушбу ташаббуслар ва бошқа шаҳарлардаги қурилиш лойиҳалари билан танишди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мамлакатнинг юқори иқтисодий ўсиши, дўстона ташқи сиёсати ва кенгайиб бораётган халқаро ҳамкорлик Ўзбекистонни бизнес фаолияти ва туризм марказига айлантираётгани, бу эса ўз навбатида инфратузилмани жадал ва мувозанатли ривожлантиришни талаб қилаётгани таъкидланди. Шунинг учун республикада замонавий транспорт тармоқлари, хизмат кўрсатиш иншоотлари ва жамоат биноларини яратишга катта этибор қаратилмоқда.

Хивада расмийлар келажакда шаҳарга йирик халқаро форумларни ўтказиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш имконини берадиган бир нечта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқдалар. Улар орасида юқорида тилга олинган Конгресс маркази ва тарихий боғ бор.

Қурилиши режалаштирилган Конфуций институти ва Лу Бань устахонасида маданий ва маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш учун шароитлар яратилади.

Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш доирасида унинг инфратузилмасини кенгайтириш, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш сифатини, логистика имкониятларини ошириш орқали ҳудуднинг транспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Урганч вокзалидан янгиланган аэропортга алоҳида темир йўл линияси тортилиши натижасида йўловчилар учун қулайлик янада ошади. Шунингдек, мавжуд Урганч–Хива автомобиль йўлини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда унга муқобил бўладиган янги автойўл қуриш режалари тақдимот қилинди.

Фарғона шаҳрида экспомарказ қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур мажмуада халқаро кўргазмалар, бизнес форумлар ва йирик тадбирлар ўтказиш учун зарур шароитлар яратилиши, бу эса ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, расмийлар Бурхониддин Марғилоний илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш лойиҳасини тақдим этдилар. Марказда маънавий мерос ва илмий тадқиқотлар йўналишида халқаро даражадаги фаолиятни йўлга қўйиш, замонавий илмий мактаб шакллантириш кўзда тутилган.

Мутасаддилар давлат раҳбарига бошқа лойиҳаларни ҳам тақдим этдилар. Масалан, Бухоро давлат университети талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида университет ҳудудида янги замонавий кампус қурилади. Тошкентда ҳам бадиий гимнастика мажмуаси қурилади, у ерда спортчилар энг қулай шароитларда машқ қилишлари мумкин бўлади.

Ҳисоботларни тинглагач, давлат раҳбари лойиҳаларни амалга оширишда сифат, қулайлик ва замонавий талабларга қатъий риоя қилиш, шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ