Москвада мигрантлар иштирокида юз берган муштлашувнинг икки иштирокчиси Россия фуқаролигидан маҳрум бўлиши мумкин

Видеодан кадр

Москвадаги Прокшино турар-жой комплексида юз берган оммавий муштлашувдан сўнг ҳибсга олинган икки мигрант Россия фуқаролигидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Ирина Вольк ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

25 октябрь куни Янги Москва (Троицкий ва Новомосковский маъмурий округи)даги «Прокшино» турар-жой комплексида оммавий муштлашув содир бўлди. Унда белкурак ва металл таёқлар билан қуролланган ўнлаб хорижий фуқаролар иштирок этди. Можаро уйлар яқинида бошланган, у ерда бир неча ўнлаб машиналар турган ва уларнинг баъзилари шикастланган. Муштлашув видеолавҳалари ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Ҳодиса гувоҳлари турар-жой чатларида тартибсизликлар олдини ололмаган ва аҳоли транспорт воситаларини ҳимоя қилолмаган мажмуа қўриқчиларининг ҳаракатларидан норозилик билдиришган. Баъзилар қўриқчиларни қўллаб-қувватлаб, бундай катта оломонни жисмонан ушлаб туришнинг иложи йўқлигини айтишган.

Маҳаллий аҳолидан бирининг сўзларига кўра, можаро пайтида у ўзининг уч фарзанди билан машиналари ортида яширинишга мажбур бўлган. Кимдир йўлакда қон изларини пайқаган. Полиция ходимларини кўриши биланоқ, жанжал иштирокчилари тарқалиб, қоча бошлашаган.

Жами 80 дан ортиқ одам ҳибсга олинган ва полиция бўлимига олиб кетилган. РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми («Безорилик») билан иш қўзғатилган ва унда 19 нафар одам айбланмоқда. Қолган 65 иштирокчига нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг турли моддалари бўйича маъмурий айбловлар қўзғатилган.

Ички ишлар вазирлиги ноқонуний ҳаракатларда иштирок этган барча хорижий фуқаролар Россия қонунчилигига қатъий мувофиқ жавобгарликка тортилишини таъкидлади.

«Озодликдан маҳрум қилиш шаклида жиноий жазога тортилмайдиган чет эл фуқаролари мамлакатимиздан депортация қилинади ва кейинчалик белгиланган қонуний тартибда киришга рухсат берилмайди. Мазкур чоранинг амалга оширилиши Россия ИИВ раҳбарияти назорати остида», — дейилади вазирликнинг расмий баёнотида.

«Прокшино» турар-жой комплексидаги жанжал иштирокчилари қайси мамлакатга мансуб эканлигига аниқлик киритилмаган.