Қирғизистон президенти Садир Жапаров республика Жогорку Кенеши (парламенти) депутатларини сайлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган конституциявий қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ўзгартиришларга кўра, мамлакат парламентига сайловни ўтказиш учун 30 та кўп мандатли ҳудудий сайлов округи тузилиб, уларнинг ҳар бирида учтадан депутатликка номзодлар овоз беришда ғолиб бўлади.
Шу билан бирга, Жогорку Кенеш депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи ўз-ўзини илгари суриш орқали сиёсий партиялар ёки фуқароларга тегишли бўлади.
Бюджет маблағларини тежаш мақсадида кўп мандатли округлар бўйича тегишли сайлов округларидан чиқиб кетган депутатлар ўрнига сайловлар ўтказилмайди.
Плебисцит тизимидаги янгилик шундаки, парламент сайловларида масофавий, электрон овоз беришга рухсат берилади. Тегишли усулни қўллаш тўғрисидаги қарор сайлов тайинланганда қабул қилинади.
Қайд этилишича, президент томонидан имзоланган қонуннинг мақсади парламент сайлови тизимини такомиллаштириш, сиёсий коррупцияга қарши курашиш, амалдаги тартибдаги камчиликларни бартараф этиш, халқнинг сайланган вакилларга ишонч даражасини оширишдан иборат.
ℹ️ Шу йилнинг март ойида тегишли қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинганида Жапаров ҳужжатни «қирғиз халқи учун мос вариант» деб атаганди. Республика раҳбари янги тизим одамларга танлаш ҳуқуқини беришини, агар сайловчилар номзоддан норози бўлса, бу уларнинг жавобгарлигида бўлишини тушунтирди.
Ўшанда президент «ташқи кучлар» таъсири туфайли 2020 йили бундай механизм жорий этилмаганини таъкидлади. Жапаров сўзларига кўра, ўшанда улар муроса топишган: 54 мандат партия рўйхатлари бўйича, 36 таси бир мандатли сайлов округлари бўйича тақсимланган. Эндиликда мамлакатни 30 та сайлов округига бўлиш ва уларнинг ҳар биридан 3 нафардан – жами 90 нафар депутатни сайлаш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, гендер квотаси доирасида ҳар бир туманда биттадан ўрин ажратилади, бунинг ҳисобидан парламентда камида 30 нафар аёл ишлайди.