Ҳозирда Қирғизистонда 226 қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мамлакат ҳукумати халқаро молия институтлари билан биргаликда ушбу ташаббуслар учун 250 миллион доллар ажратади. Бу рақамларни Бош вазир ўринбосари – республика Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бахит Тўробаев келтирди, деб ёзади 24.kg нашри вазирликка таяниб.
Вазирнинг таъкидлашича, 92 та аҳоли пунктида қурилиш ишлари тугалланган, яна 74 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, мутахассислар томонидан 60 та қишлоқнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Тўробаев аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай лойиҳалар қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини ошириш ва республика ҳудудларини барқарор ривожлантиришга қаратилган.
Вазир ҳозирда «Иссиқкўл вилояти оқава сувларини бошқариш» лойиҳаси амалга оширилаётганини, бу ҳам мамлакат учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлайди. Мазкур дастур бандларини амалга ошириш учун 41,8 миллион доллар ажратилган. Ушбу ташаббус доирасида Балиқчи шаҳрида тозалаш иншоотлари қурилиши тамомланган, Қоракўлда эса ишларнинг 40 фоиздан ортиғи бажарилган.
Қайд этилишича, Тўробаев Иссиқкўл вилоятининг Григорьевка қишлоғида янги сув таъминоти тармоғининг очилиш маросимида нутқ сўзлаган. Ушбу лойиҳа кенг кўламли инфратузилма ва техник тадбирларни қамраб олади. Натижада 1 минг 700 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилаётган олти мингдан зиёд аҳоли доимий ичимлик суви билан таъминланган.
«Давлат аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратишда давом этади», — деди вазир.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг аниқлик киритишича, Григорьевкадаги ишлар Жамиятни ривожлантириш ва инвестициялар агентлиги томонидан Жаҳон банкининг молиявий кўмагида «Қишлоқларда сув таъминоти ва канализация тизимини барқарор ривожлантириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган.