Қирғизистон ҳукумати фолбин ва табиблар хизматлари билан боғлиқ рекламаларни тақиқлади

rbc.ru сайти фотосурати

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси республика ҳудудида фолбинлар ва табиблар хизматлари реклама қилинишини тақиқлади. Бу ҳақда 24.kg нашри мамлакат ҳукумати матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан реклама қилиниши ман этилган жоду билан боғлиқ хизматлар рўйхати тасдиқланган.

Хусусан, рўйхатга қуйидагилар киради:

✅ фолбинлик;

✅ спиритизм;

✅ башоратчи хизматлари;

✅ дам солиш;

✅ шаманлик;

✅ фитна ва сеҳр орқали зарар етказиш;

✅ ва бошқа «жоду» хизматлари.

Бундан ташқари, расмийлар «аккредитация қилинмаган даволаш» рекламасини тақиқлади. Яъни, беморларни ноанъанавий усуллар билан даволаётган табиблар ва бошқа фуқаролар энди ўзларини интернетда реклама қилолмайди.

Нашрнинг эслатишича, жорий йил 12 июнида «Реклама тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар Қирғизистон парламенти томонидан қабул қилинган эди. 19 июнь куни мазкур қонун Республика Президенти Садир Жапаров томонидан тасдиқланди.

Ташаббус муаллифлари тушунтиришича, қонун фойда кетидан муайян муаммоларга ечим сифатида ҳар қандай оккультив, сеҳр-жоду ёки бошқа ишончсиз усуллар билан хизматлар таклиф этиш орқали фуқаролар онгини манипуляция қилишни бартараф этишга қаратилган.

ℹ️ Сеҳр-жоду ва шунга ўхшаш хизматларга қарши кураш Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам давом этмоқда. Шу тариқа, жорий йил май ойида Тожикистон ҳукумати жоду ва фолбинлик билан шуғулланганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этгани хабар қилинганди. Бунинг сабабини ҳуқуқ-тартибот идоралари «баъзи хурофотга берилган одамларнинг онги пастлиги ва бундан ноинсоф кимсалар фойдаланиб қолаётгани» ва шу сабаб фирибгарлар тузоғига тушаётган одамлар сони ортиб бораётгани билан изоҳлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати