Мирзиёев Марказий Осиё ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини тилга олди

Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Германия» саммитида сўзлаган нутқида минтақа давлатлари ва Европанинг ушбу давлати ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини тилга олди. Асосий тезислар республика раҳбари матбуот хизмати томонидан берилган.

Мирзиёев, биринчи навбатда, Берлиндаги биринчи учрашув ва Остонадаги жорий саммит очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш, аниқ натижаларга эътибор қаратиш кайфиятини тасдиқлаётганини таъкидлади. У Германия Марказий Осиёда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлаб келаётганига урғу берди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон президенти минтақа мамлакатлари ва Европа иқтисодиётининг локомотиви ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қатор янги ташаббусларни илгари сурди. Аввало, Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шериклик ўрнатилганини юқори баҳолаб, устувор йўналишларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни таклиф этди. Шу мақсадда у «Марказий Осиё – Германия» таҳлилий марказлари форумини таъсис этиш ва унинг биринчи учрашувини келгуси йили Хивада ўтказиш зарурлиги таъкидлади. Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари даражасида ҳамкорликда иш олиб бориш муҳим ўрин тутиши таъкидланди

Ўзбекистон раҳбари Германиянинг етакчи компаниялари билан сармоя ва технология соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва Германия банкларини минтақада қўшма лойиҳаларни амалга оширишга фаол жалб этиш зарур. Бундан ташқари, Мирзиёев Инвесторлар ва тадбиркорлар кенгашини ташкил этиш ва сармояларни ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматлараро келишувни қабул қилиш имкониятларини ўрганишни таклиф қилди.

Президент муҳим хомашё соҳасини Германиянинг илғор технологиялари жорий этилиши мумкин бўлган истиқболли соҳа сифатида белгилади.

«Бу ўринда гап геология разведкаси, жадал ўзлаштириш, қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига етказиб бериш лойиҳалари ҳақида бормоқда», — деди Мирзиёев.

Замонавий дунёда «яшил» энергия соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Бу йўналишда Ўзбекистон раҳбари ушбу жараёнга тегишли идоралар раҳбарлари, йирик корпорациялар, илмий ташкилотлар раҳбарлари ва соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда минтақа давлатлари билан Германия ўртасида Энергетика бўйича мулоқотни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Мирзиёев сўзларига кўра, иқлим ўзгаришига эътиборни кучайтириш зарур. У қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашувларни кенгайтириш, шунингдек, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича немис технологияларини жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, биохилма-хилликни сақлаш бўйича ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.

«Транспорт коммуникацияларининг, жумладан, ер усти ва ҳаво ташувларининг заиф ривожланганлиги шериклигимизни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда»,деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан республика раҳбари Германия томонини Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантиришга Европа институтларини жалб қилишда кўмаклашишга чақирди.

Ўзбекистон Президенти маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, қўшма Маданий тадбирлар режасини қабул қилиш, Германиянинг йирик шаҳарларида Марказий Осиё санъати ва киноси кунларини ўтказиш, музейларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш зарур. Бу ерда, Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги гуманитар инқироз кучайиб кетишининг олдини олишга эътибор қаратиш лозим. Шу боис Германия ва Европанинг бошқа давлатлари билан биригаликда Афғонистонни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш ва чегарадош Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида Афғонистон тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар, шу жумладан хотин-қизларни тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Германия билан миграция соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Шундай қилиб, уюшган ишчиларни ёллаш бўйича ҳукуматлараро битим имзоланди. Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги хабарига кўра, томонлар Европада темир йўл транспорти, автобуслар учун ҳайдовчиларни, шунингдек, ҳамшираларни тайёрлашга келишиб олган. Жорий йили Германияга 800 нафар ҳамшира юбориш режалаштирилган, улардан 400 нафари Европага етиб борган, қолганлари немис тилидан имтиҳон топширишмоқда. Уларнинг маоши 2200 еврони ташкил этади, дея таъкидлайди вазирлик.

ℹ️ 17 сентябрь куни Остона шаҳрида Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида «Марказий Осиё – Германия» иккинчи саммити бўлиб ўтди. Тадбирда Германия Федерал канцлери Олаф Шольц, шунингдек Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди