Толиблар Афғонистоннинг Ўзбекистондаги янги элчисини тайинлади

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси деворидаги ёзув. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб Абдул Ғаффор Тиравий (Abdul Ghafar Tirawi) тайинланди. Бу ҳақда Tolonews хабар берди.

«Сўнгги уч йил ичида Ислом Амирлиги (Афғонистон) барқарор ва кучли режим эканини исботлади ва минтақа, бутун дунё бу ҳақиқатни кундан-кунга англаб етмоқда. Яқин вақт ичида Абдул Ғаффор Тиравий Ислом Амирлигининг Тошкентдаги элчиси сифатида ўз фаолиятини бошлайди», — деди Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолий.

Тиравий этник ўзбек бўлиб, дипломатик миссия раҳбари этиб тайинланишидан олдин Афғонистон Олий судида тадқиқот бўлими директори лавозимида ишлаган.

👉 Тиравий жорий йил февраль ойида ушбу лавозимни эгаллаган Ўзбекистондаги элчи Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўрнини эгаллайди. Шаҳоб Афғонистон Кон ва нефьт вазири Малави Шаҳабуддин Делавернинг ўғли сифатида маълум. Ўғли элчи этиб тайинлангач, вазир қариндош-уруғчиликда ва «Толибон» етакчиси* Хайбатуллоҳ Охундзоданинг 2023 йил мартида мансабдор шахсларга ўз оила аъзолари ёки қариндошларини давлат лавозимларига тайинлашни тақиқлаган талабини эътиборсиз қолдирганликда айбланган эди.

Афғонистоннинг янги элчиси тайинланганини ўтган ҳафта қўшни давлатга ташриф буюрган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов маълум қилганди. Ташриф 18 август куни нишонланадиган Афғонистон мустақиллигининг 105 йиллигига тўғри келди. Сафар якунлари бўйича умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган 35 та сармоявий битим ва савдо шартномалари имзоланди.

ℹ️ «Толибон» радикал ҳаракати 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганди. Толиблар ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган, Афғонистон элчихоналари эса янги ҳокимият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Халқаро ҳамжамият толиблардан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари ва аёллардан иборат коалиция ҳукумати тузишни талаб қилмоқда.

Толиблар халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини бир неча бор таъкидлаган. 2023 йил март ойида Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттакий мамлакат расмийлари Кобулдаги айрим давлатлар элчихоналари фаолиятини тезда тиклашга ҳаракат қилаётганини айтганди. Унинг таъкидлашича, элчихоналарнинг очилиши Афғонистон Ислом Амирлигининг тан олинишини акс эттиради ва айрим давлатлар Афғонистон муваққат ҳукуматини норасмий равишда тан олган.

«Ҳозирда Кобулда Хитой, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Покистон каби қўшни давлатлар элчихоналари фаолият юритяпти. Бу ерда Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия элчихоналари очилган. Ҳиндистон, Туркия, Қатар ва БАА элчихоналари ҳам очиқ, Саудия Арабистони элчихонаси очиқ ва дипломатлари тез орада қайтишлари мумкин», — деганди Муттакий.

2023 йил сентябрь ойида Хитой толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг Афғонистонга расман янги элчи тайинлаган биринчи давлат бўлди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ