Кириб келган октябрь ойи Давлат Думасида «антимигрант» даври бошланганидан дарак бермоқда. Ой бошида депутатлар Россияга кириб келаётган чет элликлар ва уларга керакли ҳужжатларни олишга «ёрдам берувчилар»га нисбатан бир қатор янги қоидаларни муҳокама қиладилар. Эслатиб ўтамиз, бу гал ташриф буюрувчиларга сохта рўйхатдан ўтиш ва рус тили билимига оид сертификат берувчи уддабуронларга урғу берилади – уларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилади. Аммо янги қоидалар тўпламида мигрантларнинг ўзига ҳам тегишли нормалар мавжуд. Бу катталарга ҳам, болаларга ҳам тегишли бўлади. Иккинчиси учун мактабга қабул қилиш тартибини қатъийлаштириш, хусусан, болани биринчи синфга қабул қилишдан олдин уни рус тилидан имтиҳон қилиш жорий таклиф этилади. Россия ҳукумати коридорларида яна қандай ташаббуслар изғиб юрибди ва бу нималарга олиб келиши мумкин — Фарғона материалида.
Асосан, Давлат Думасига тақдим этилган қонун лойиҳалари пакети мигрантларга сохта ҳужжатларни тақдим этаётган фирибгарларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришга қаратилган. Уларга нисбатан жарималарини ошириш, қамоқ муддатини кўпайтириш, шунингдек, бундай жиноятларни оғир деб эътироф этиш ва суд рухсатисиз бундай хизматлар кўрсатадиган сайтларни блоклаш режалаштирилган.
Икки ташаббус чет элликларга бевосита таъсир қилади. Биринчидан, агар муҳожир жиноят содир этса ва унинг Россия Федерациясида ноқонуний яшаётгани аниқланса, бу факт оғирлаштирувчи ҳолат, дея ҳисобланади. Иккинчидан, сохта никоҳларга қарши курашиш мақсадида депутатлар Россияда турмуш қурган мигрантнинг вақтинчалик яшаш рухсатномасини (РВП) олиш учун ариза топшириш муддатини уч йилгача оширишга қарор қилишди. Эслатиб ўтамиз, ҳозирги пайтда чет элликлар никоҳдан сўнг дарҳол вақтинчалик яшаш рухсатномасини олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сеники меникини тушунмайди
Мигрант болаларни мажбурий тестдан ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Давлат Думаси спикери ўринбосари Ирина Яровая томонидан тақдим этилди. Унинг таъкидлашича, мактабга кираётган болаларни рус тилини билиши бўйичав мажбурий диагностикадан ўтказиш зарур. У ўз фикрини оддийгина асослади: «Бола, албатта, материални ўрганадиган ва ўқитувчи ва тенгдошлари билан мулоқот қиладиган тилни билиши керак». Яроваянинг сўзларига кўра, унинг ҳамкасблари кейинги йиғилишда тегишли тузатишларни кўриб чиқадилар.
Таъкидлаш жоиз, бу ташаббус аввали ҳам пайдо бўлганди — ўтган йил ёзида Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (СПЧ) раҳбари Валерий Фадеев томонидан илгари сурилганди. Шу билан бирга, у
«рус тилини билмайдиган биронта ҳам бола мактабга қўйилмаслиги керак»,
деб таъкидлаганди.
Шу билан бирга, Таълим вазирлиги РФда таҳсил олаётган хорижликлар ҳақидаги статистик маълумотларни эълон қилди. Вазирликнинг аниқлик киритишича, жорий йили биринчи марта ИИВ ходимлари билан биргаликда жиддий ўрганиш ўтказилиб, у ёки бу кўрсаткичлар аниқланган. Бироқ, улар тахминий бўлиши мумкин, чунки Таълим вазирлиги маълумотлари миграцияни рўйхатга олиш тизимидаги маълумотларга тўғри келмайди.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошланишига қадар мамлакат таълим тизимида 209,5 минг нафар мигрантлар болалари мавжуд, улардан 168 мингдан ортиғи мактабларда ўқимоқда.
Асосан чет элликлар Москва, Санкт-Петербург, Москва ва Свердловск вилоятларида таҳсил олишади. Агар мактаб ўқувчиларининг она юртига келсак, Тожикистон ишонч билан биринчи ўринни эгаллайди. Расмийлар аниқ рақамларни келтирмаган ва кейинги ўринда бораётган Ўзбекистон етакчидан икки баравар ортда эканини таъкидлашади. Россия таълим муассасаларида Қирғизистон ва Арманистоннинг кўплаб ёш фуқаролари ҳам бор.
Статистикани ўрганиш давомида мутахассислар иккита салбий фактни аниқладилар. Биринчидан, биринчи синфга бориши керак бўлган 14,5 минг нафар мигрант боласи мактабга боролмаслиги маълум бўлди. Улар, эҳтимол, уйда ўтириб, ота-оналарига ёрдам беришса керак ёки энг яхши ҳолатда – ўзлари мустақил таълим оладилар. Лекин таълим вазирлиги, аслида, уларни ҳечам назорат қилмайди. Иккинчидан, расмийлар аниқлаганидек, мигрант болаларнинг 12 фоизи рус тилини билмайди ёки яхши билмайди. Ва бу 25 мингга яқин мактаб ўқувчисини ташкил қилади.
Даҳшатли статистика вазирликни вазиятдан чиқиш йўлини излашга мажбур қилди. Тил билиш даражаси диагностикасини ихтиёрий эмас, балки мажбурий қилиш таклифи орқали чора топилди. Дарҳақиқат, Давлат Думаси ҳозирда буни кўриб чиқмоқда. Аммо савол туғилади: имтиҳондан ўта олмаган болаларни нима қилиш керак? Қуйидаги ечим таклиф қилинди: ё уларга дарсларга боришга рухсат бериш, лекин уларни алоҳида дастур бўйича ўқитиш ёки фанни мактаб даражасига етказиш учун курслар ташкил қилиш. Иккинчи ташаббус билан муаммолар пайдо бўлди: Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Фадеевнинг сўзларига кўра, Таълим вазирлигида мигрант болалари учун рус тилини ўрганиш марказларини барпо этишга пул йўқ.
Ўқит, камайтир
Давлат Думасига биринчи синфга кирганларни мажбурий тестдан ўтказиш лойиҳаси қабул қилинишидан олдин, чет эллик болаларнинг рус ижтимоий-маданий хусусиятларига «шунғиши» ни тезлаштиришга қаратилган альтернатива хабар қилинди. «Справедливая Россия — За правду» фракцияси вакиллари рус тилини билмайдиган мактаб ўқувчилари сонини бир синфда 10 фоизгача камайтиришни таклиф қилишди.
Ташаббус муаллифлари агар болалар жамоасида мигрант болалар сони руслар сонидан ошиб кетса, хорижликлар ўзининг этник гуруҳи ичида бўлишга ҳаракат қилишини, бу эса ўз навбатида ўқув жараёни ва синфдаги ижтимоий муҳитга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлашди. Депутатларнинг фикрича, бу ташаббус мактабларда этник асосда тузилган тажовузкор гуруҳлар пайдо бўлишининг олдини олади.
Таълим вазирлиги таклифни қўллаб-қувватлади ва сентябрь ойи ўрталарида оммавий ахборот воситалари ёзганидек, ҳатто тегишли тавсияларни ҳудудларга юборишга муваффақ бўлди.
«Рус тилини яхши билмаслик, айниқса бошқа махсус таълим эҳтиёжлари билан биргаликда, самарали ўқитиш имконияти чекланган болани ўқитишдан осон эмас, шунинг учун мактаб синфида уч нафардан ортиқ рус тилини яхши билмайдиган бола бўлмаслигини таъминлашга ҳаракат қилиш керак», — дейилади вазирлик томонидан ишлаб чиқилган қўлланмада.
Бироқ, амалдорлар ўзгаларни камситишда айбланмаслигини учун алоҳида баҳона ўйлаб топишди:
ҳужжатда кўрсатилган рақам бундай болаларни ўқитишни тақиқловчи чора сифатида эмас, балки мақсадли йўналиш сифатида қабул қилиниши керак.
Ғоянинг моҳияти шундан иборатки, озчиликда қолган чет эллик болалар фақат ўз гуруҳида она тилида мулоқот қилиш имкониятидан маҳрум бўладилар ва бу уларни жамиятга тўлиқ интеграция бўлиши учун рус тилини жадал ўрганишга мажбур қилади.
Яқинда, учқундан аланга чиқаришни яхши кўрадиган бир нечта нашрлар туфайли, Калининградда юз берган тил билан боғлиқ воқеа сал қолса жанжал келтириб чиқарарди. Маҳаллий мактаблардан бирининг директори ота-оналарга фарзандларига ўзбек тилини ўрганишни таклиф қилган, чунки уларнинг синфида олти нафар ўзбекистонлик муҳожир бўлган. Ҳаттоки, мигрантлар русларга таҳдид қилгани, бу норози бўлган маҳаллий аҳолидан фарзандларини бошқа муассасага ўтказиш сўралгани хабар қилинган. Аммо юз берган воқеа жўн бўлиб чиққан. Ота-оналардан бири айтганидек, директорнинг сўзлари контекстдан юлиб олинган. «Директор Людмила Николаевна шунчаки ота-оналарни ўзларини мигрант болаларнинг ўрнига қўйишга чақирган, чунки улар нотаниш тилда ўқишлари осонмас. Ва у ўзбек тилида бир неча сўз ўрганиб, уларни қўллаб-қувватлашлари мумкинлигини айтиб, хазиллашган», — деб тушунтиради бир боланинг онаси. У шу йўл билан мактаб раҳбари маҳаллий аҳолининг мигрантларга нисбатан очиқдан-очиқ душманлигини бироз юмшатишга ҳаракат қилганини қўшимча қилган.
Оиласиз ва ўз касбидан ташқари
Битта синфда рус тилини билмайдиган мактаб ўқувчиларини имтиҳондан ўтказиш ёки уларни камайтириш — чет элликларнинг учун бегона юртдаги ҳаётини қийинлаштирадиган ташаббуслар, лекин унчалик эмас. Россиялик сиёсатчиларда «антимигрант» унвонига даъво қиладиган янада радикал чоралар мавжуд.
Сентябрь ойи бошида Давлат Думаси депутати Ярослав Ниловнинг мигрантлар учун тижорат асосида алоҳида синфлар ташкил этиш орқали болалар боғчалари ва мактабларни пуллик қилиш таклифи маълум бўлди. Бунга асос сифатида кўпинча мигрантлар фарзандлари рус тилини билмаслиги, баъзан синфда руслардан кўра улар кўпроқ экани айтилди. Парламент вакилига кўра, шу сабаб маҳаллий мактаб ўқувчиларини тарбиялаш оқсамоқда ва таълим дастурларини ўзлаштириш даражаси пасаймоқда.
«Чет эллик болаларнинг Россия бюджети ҳисобидан, солиқ тўловчиларимиз ҳисобидан таълим олаётганига доир «хайрия ишлари»ни тугатишни таклиф қиламиз. Улар бепул таълим олаётгани етмагандек, бегона субмаданиятни ўрнатиш орқали ўз қоидаларини ҳам ўрнатишмоқда, — дея ғазабланади депутат.
Мигрантларнинг оилалари билан Россияга келишини тақиқлаш ғоясини радикализм чўққиси, деб ҳисоблаш мумкин: бола йўқ экан, мактаб муаммоси ҳам бўлмайди. Ўтган йили кун тартибига киритилган бу ғоя парламентда бир неча бор муҳокама қилинган. Шуниси эътиборга лойиқки, уни сиёсий майдонда мухолиф ҳисобланган турли гуруҳлар илгари сурди. Бундан ташқари, ташаббусни Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ва Россия Федерациясининг собиқ президенти Дмитрий Медведев қўллаб-қувватлади. Унга кўра, мавсумий ишчиларнинг оиласи билан мамлакатга киришини тақиқлаш, қолганлари учун шарт қўйиш керак: агар бола рус тилини билмаса, мактабга қабул қилинмайди.
«Биз, албатта, у ерда индивидуал тенденцияларни бартараф эта олмаймиз, лекин нима қилиш мумкин: агар бирор киши бизга мавсумий иш учун келса — яхши, лекин бало борми оиласини ўзи билан судраб келишга?» — таъкидлайди сиёсатчи.
Бу каби чоралар қонуний кучга кирса, хорижлик ишчи кучи оқимининг қисқаришини оширади, албатта. Шунга қарамай, Марказий Осиёда оилавий қадриятлар катта роль ўйнайди. Оиласи билан бориш тақиқланиши кўпчилик одамни бундай йўл тутишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
Бошқа томондан, агар уйда иш бўлмаса ва шунга мос равишда даромад бўлмаса, унда яқинларсиз бир мунча вақт чидаш мумкин. Бироқ, бу ерда ҳам рус расмийлари ташриф буюрувчиларни «сиқиб чиқариш» воситаларига эга. Баъзи ҳудудларда мигрантлар учун у ёки бу соҳада ишлашни тақиқловчи чекловлар жорий этилмоқда. Масалан, сентябрь ойининг ўрталарида Федерациянинг пойтахтдан кейинги иккинчи йирик субъекти бўлган Москва вилояти ҳокимияти 2025 йил 1 январдан бошлаб хорижликлар умумий овқатланиш корхоналарида, алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш дўконларида, шунингдек, ижтимоий хизматлар: спорт, маданият, дам олиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида патент бўйича ишлай олмаслигини эълон қилди. Вилоят маъмурияти ушбу касбларда рус тилини сифатли билиш муҳимлигини тушунтиради, чунки доимий равишда маҳаллий аҳоли билан алоқада бўлиш керак, шунинг учун улар бошқа давлат фуқаролари хизматларидан воз кечишди. Расмийларига кўра, Москва вилояти бундай чекловларни ўрнатган 23 вилоят бўлди.
Москва вилояти губернатори офисининг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан 5,5 мингдан ортиқ одам ишсиз қолади. Бу кўрсаткич нисбатан кичик, айниқса йўловчи ташиш секторини қандай инқироз кутаётгани билан солиштирганда. Россия Федерациясининг 19 та ҳудудида мигрантларнинг таксида ишлашини тақиқлаш жорий этилган ва рўйхат янгиланиб боради. Чет эл фуқаролари ҳаётини қийинлаштириш билан боғлиқ бу каби чекловлар оқибатида жорий йил охиригача мамлакатда 130 минг ҳайдовчи етишмайди. Бу прогнозни «Яндекс Go» хизмати мутахассислари келтирмоқда. Уларнинг маълумотларига кўра, ишчи кучи танқислиги такси хизматлари нархининг кескин ўсишига олиб келади.
Россия Федерациясининг бир қатор ҳудудларида фақат касблар бўйича чекловлар ўрнатилган бўлса, Нижегород вилояти бу соҳада новаторга айланди.
Маҳаллий ҳокимият органлари 2024 йил 1 октабрдан бошлаб визасиз мамлакатлар фуқароларига бу ерда ишлаш ҳуқуқини берувчи патентлар берилмаслигини маълум қилди.
Шу билан бирга, маъмуриятнинг таъкидлашича, патентга эга мигрантлар вилоятда ишлашни давом эттиришлари мумкин, агар керак бўлса, уларнинг рухсатномаси қайта расмийлаштирилади. Агар бошқа субъектлар бу «финт» ни такрорласа, ўзбеклар ёки тожиклар ишлаш учун Россия ҳудудларини эҳтиёткорлик билан кўриб чиқишлари лозим бўлади.
Шубҳасиз, муҳожирларга нисбатан гайкаларни қотириш бир қанча соҳаларда, жумладан, ЖКХ (уй-жой коммунал хўжалиги) да коллапс келтириб чиқади, зеро бу соҳада асосан Марказий Осиёдан келган мигрантлар ишлайдилар. Оқибатда улар ё ватанига қайтиб кетишади ёки Россияда қолиб, яширин иқтисодиётни рағбатлантирган ҳолда нолегал равишда ишлашга мажбур бўлишади.
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?
-
14 Октябрь14.10Шунчалар ўзгача ва шунчалар ўхшашЎзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди
-
11 Октябрь11.10Тўсиқларни енгиб ўтиш ва кадрларни сақлаб қолиш керакАлишер Никимбаев — футзал бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ташкилий муаммолар, андижонлик мухлислар ва Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ҳақида
-
08 Октябрь08.10ФотоНон шаҳриТошкентда нонлар фестивали бўлиб ўтди