Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев Францияда ҳибсга олинган Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровни қўллаб-қувватловчи постини эълон қилди.
«Охирги воқеалар муносабати билан Павел Дуров ва Telegram жамоасини қўллаб-қувватлаганимни билдирмоқчиман. (...) Биз бу вазият тезроқ ҳал этилишига умид қиламиз», — деб ёзган вазир Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида.
«Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги номидан Telegram жамоаси билан ўзаро ҳамкорлик бўйича ижобий тажрибага эга эканимизни алоҳида таъкидламоқчиман. Биз мессенжерда шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш билан боғлиқ муаммоларни бир неча бор муваффақиятли ва тезкор ҳал қилганмиз. Telegram жамоаси шахсий ҳаёт ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш тамойилларига содиқ қолган ҳолда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун доимо ҳамкорлик қилишга тайёрлигини намойиш этиб келган», — дейди мулозим.
Мадиев постида яқинда Қозоғистонга ташриф буюрган Дуров билан тушган фотосурати, шунингдек FreePavel хештегини жойлаштирган.
Дуров жорий йил июнь ойи охирида республикага ташриф буюрган. Ўшанда «Остона» халқаро молиявий хизматлар қўмитаси (AFSA) лицензиясига эга платформаларда Toncoin (Telegram Open Network блокчейнининг криптовалютаси) нинг савдо қилишини тасдиқлаганди.
Telegram асосчисини Қозоғистон Журналистлар уюшмаси ҳам қўллаб-қувватлади. Ташкилот Франция ҳукуматини Павел Дуровнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳурмат қилинишини таъминлашга ва бу иш бўйича холис текширув ўтказишга чақирди. Шу билан бирга, уюшма Telegram асосчисининг ҳибсга олиниши демократик ривожланиши заиф бўлган мамлакатларда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Франция жандармерияси ходимлари Дуровни 24 август куни кечқурун унинг шахсий самолёти Парижнинг Ле-Бурже аэропортига қўнганда қўлга олган. TF1 телеканали хабарига кўра, ҳибсга Дуров томонидан яратилган Telegram мессенжери бўйича Францияда ўтказилган дастлабки тергов сабаб бўлган. Франциялик терговчиларнинг фикрича, мессенжер маъмурияти ва мамлакат расмийлари ўртасида модерация йўқлиги ва етарли даражада ҳамкорлик қилинмаётгани гиёҳванд моддалар савдоси, пул ювиш, фирибгарлик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни мураккаблаштиради.
Telegram маъмурияти бир кун аввал берган баёнотида Дуровга қўйилган айбловларни абсурд деб атаган.