Бишкек суди «Кампиробод иши» бўйича барча айбланувчиларни оқлади ва суд залида қўйиб юборди

ОЗОД ЭТИЛГАН ФАОЛЛАР. KAKTUS.MEDIA САЙТИ ФОТОСУРАТИ

14 июнь куни Бишкекнинг Первомайский суди мажлисида «Кампиробод иши» бўйича барча айбланувчиларга нисбатан оқлов ҳукми эълон қилинди. Уларнинг барчаси суд залида қўйиб юборилди, деб ёзади Kloop.kg.

Адвокатлардан бирининг сўзларига кўра, иш бўйича айбланувчилар жинояти исботланмагани сабабли оқланган. Ҳукмни судя Марат Сидиқов эълон қилган.

Илгари давлат айбловчиси ҳар бир айбланувчига мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 20 йиллик қамоқ жазосини сўраган эди.

Шундай қилиб, 22 киши озод этилган: Мамбетжунус Абилов, Айданбек Акматов, Нурлан Асанбеков, Ақилбек Аитбаев, Азимбек Бекназаров, Марат Баязов, Эрлан Бекчоро уулу, Айбек Бузурманкулов, Атай Бейшенбек уулу, Равшан Жээнбеков, Гулнара Жураваева, Чингиз Капаров, Улукбек Маматаев, Темир Махмудов, Таалайбек Мадеминов, Клара Сооронқулова, Перизат Суранова, Асия Сасиқбаева, Илгиз Сарилдиқ уулу, Шабдан Али дея исми-шарифларини келтириб ўтади Каktus.media.

Беш нафар судланувчига нисбатан жиноий ишлар алоҳида процессга ажратилган: Кенешбек Дуйшебаев, Орозайим Нарматова, Кубаничбек Қодиров, Талантбек Эшалиев ва Бектур Асанов. Уларга нисбатан суд ҳали ҳукм чиқармади, деб ёзади «Акипресс».

ℹ️ «Кампиробод иши» ишида 27 киши — фуқаролик фаоллари ва сиёсатчилар айбланган. Уларнинг аксарияти 2022 йил 23 октабрда Кампиробод (Андижон) сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққани учун ҳибсга олинган. Қолганлари кейинроқ ҳибсга олинган. Ҳаммаси оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилинган. Уларнинг ҳеч бири айбини тан олмаган. Барча айбланувчилар ўзларини сиёсий маҳбуслар деб аташган в ҳукумат уларни фуқаролик позицияси учун таъқиб қилмоқда, деб ҳисоблашган.

Тергов жараёнида ҳибсга олинганларнинг бир неча бор ҳибс муддати узайтирилган, бир қанча айбланувчилар тергов изоляторидан уй қамоғига ўтказилган. Айбланувчиларнинг бир қисми ҳокимиятдан адолатли тергов ва озодлик талаб қилиб, очлик эълон қилган.

Халқаро ҳуқуқ фаоллари «Кампиробод иши» Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича олган халқаро мажбуриятларига тўғри келмайдиган процессуал қонунбузарликлар билан тўла эканини таъкидлагандилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди