Қирғизистон ўз маҳсулотларини Қозоғистонга олиб кириш тақиқланиши эҳтимолидан хавотирда

mineconom.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги (ИСВ) республикада лицензияланган маҳсулотларни қўшни Қозоғистонга олиб кириш тақиқланиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Хавотирга Қозоғистонда ҳозирда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси сабаб бўлди. Унда 1 июлдан бошлаб Қирғизистондан сертификатланган маҳсулотларни импорт қилиш, ушбу мамлакатда лицензиялар беришда қоидабузарликлар ва «сохта схемалар» туфайли чекланиши кўзда тутилган.

Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги қонун лойиҳасида Евроосиё иқтисодий иттифоқи ички бозорида «тўсиқ» белгиларини топди. Агар қабул қилинса, у ЕОИИ доирасида мувофиқлик ҳужжатларини тан олмаслик учун прецедент яратади, дея қўшимча қилди вазирлик.

Шу билан бирга, вазирлик «сохта сертификатлар» билан курашаётганига ишонтирди. Шу мақсадда жорий йил 7 март куни Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо ва интеграция вазирликлари ўртасида нохолис аккредитациядан ўтказилаётган субъектларга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, имзоланган.

Бундан ташқари, февраль ойи охирида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган, унга кўра 20 мартдан бошлаб ЕОИИ техник регламентлари талабларига мувофиқлик декларациясини рўйхатдан ўтказиш функциялари ваколатли орган – ҚР ИСВ ҳузуридаги Стандартлаштириш ва метрология маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига берилган.

Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги Қозоғистон томонига миллий синов протоколлари реестрини яратишни таклиф қилди, дея қўшимча қилади вазирлик.

Сертификатлаштириш органлари устидан давлат назорати ўтказилган, улардан олтитасига нисбатан 1,5 миллион сўм (тахминан 17 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланган, саккизта органнинг аккредитация гувоҳномалари фаолияти тўхтатилган, қоидабузарликлар билан берилган ҳужжатлар бекор қилинган.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Техник жиҳатдан тартибга солиш департаменти, шунингдек, Иттифоқнинг барча манфаатдор томонлари билан маслаҳатлашувлар ўтказади.

Қирғизистонда лицензияланган маҳсулотларнинг қўшни республикага олиб кирилиши тақиқланиши мумкинлиги бир кун аввал маълум бўлди. Қозоғистон томони Қирғизистон мувофиқликни баҳолаш органларининг нохолис иши бўйича бир неча бор мурожаатлар қилинганини таъкидлади. Тегишли департамент мазкур масалани Қирғизистонлик ҳамкасблари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси олдида бир неча бор кўтариб, турли чораларни таклиф қилган, аммо «ҳеч қандай ечим топилмаган».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ