Қамчи Қўлбаевнинг укаси Қирғизистон Дзюдо федерацияси президенти лавозимини тарк этди

Жўлдошбек Қўлбаев. kaktus.media сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий дзюдо федерацияси бошқарув қўмитаси Жўлдошбек Қўлбаевнинг федерация президенти лавозимидан истеъфога чиқишини маъқуллади. Бу ҳақда республика Миллий дзюдо федерацияси матбуот хизматига таяниб, 24.kg хабар берди.

Қўлбаев 2016 йили Дзюдо федерациясини бошқарган. 2020 йили у президентлик лавозимига қайта сайланган. Янги раҳбар учун сайловлар 2024 йииа бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Қўлбаев истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзган. Қуваничбек Конгантиев 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари якунига қадар федерация президенти лавозимида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, Жўлдошбек Қўлбаев марҳум криминал авторитет Қамчибек (Қамчи) Қўлбаевнинг укаси ҳисобланади.

ℹ️ Қамчибек Қўлбаев Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири бўлган. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларининг энг йирик 10 та жиноят раҳбарлари қаторига киритган. Кўлбаевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини тўхтатиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган.

Қўлбаев 4 октабрь куни хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган. Эртаси куни МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини «жамиятга қарши бош кўтармоқчи бўлган» ҳар қандай шахс қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ