Украина жамоалари Марказий Осиё футбол клублари билан ўйинларни бекор қилди

Украина байроғига бурканган футболчилар. english.stadiumastro.com сайти фотосурати

Киевнинг «Динамо» ва Полтаванинг «Ворскла» клублари Туркиядаги йиғин доирасидаги мос равишда Чимкентнинг «Ордабаси» ва Қаршининг «Насаф» клублари билан ўртоқлик учрашувларини бекор қилди. Шунингдек, «Андижон» – «Черноморец» (Одесса) учрашуви ҳам катта эҳтимол билан бекор қилинса керак.

Sport.ua хабарига кўра, 30 январь куни «Насаф» билан ўйнаши керак бўлган «Ворскла» Қарши клуби тақвимига Россиянинг «Алания» ва «Факел» клублари билан ўртоқлик ўйинлари киритилгани боис рақибини Польшанинг «Арка» жамоасига алмаштирган.

16 февраль куни Чимкентнинг «Ордабаси» тақвимидан ўрин олган Киевнинг «Динамо» клуби матбуот хизмати украиналиклар қозоғистонликлар билан тўқнаш келишмаслигини, чунки улар ўша куни Молдованинг «Петрокуба» жамоасига қарши ўйнашини маълум қилди. Шу билан бирга, постда айтилишича, «Ордабаси» клуби «Факел» жамоаси билан ўйин режалаштирган.

«Россия клубларига жаҳон футболида ўрин йўқ ва биз баъзи клубларнинг уларга қарши майдонга тушиш қарорини қоралаймиз», — деб ёзади Киев клуби матбуот хизмати.

Одессанинг «Черноморец» клуби 1 феврал куни «Андижон» клуби Москванинг ЦСКАси билан спарринг ўйин ўтказиш режасини ўзгартирмаса, у ҳолда одессаликлар андижонликлар билан синов ўйинини бекор қилишга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради Tribuna. Армия жамоаси билан ўйин якунда бўлиб ўтди (0:2). Шундай қилиб, юқори эҳтимол билан андижонликлар ва одессаликлар ўртасидаги учрашувни кутмаса ҳам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни Киевнинг «Динамо» жамоаси Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси билан баҳс олиб борди (1:5). Ўзбекистоннинг аксарият клублари, жумладан, «Бунёдкор», «Андижон», Самарқанднинг «Динамо»си ва бошқа клублари синов ўйинларини ўтказишган ёки Россия клублари иштирокидаги ўртоқлик турнирларида иштирок этишмоқда. Худди шу нарса Марказий Осиёнинг бошқа республикалари жамоаларига ҳам тегишли. Масалан, Москванинг «Спартак» клуби февраль ойида Олмаотанинг «Қайрат» ва «Астана», шунингдек, Кантнинг «Абдиш-Ата» клублари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирган.

Украина жамоалари нафақат Марказий Осиё клублари билан ўйинларни бекор қилишмоқда. Шу тариқа, «Черноморец» ва Львовнинг «Рух» клублари Словениянинг «Копер» ва Македониянинг «Струга» клублари билан улар аввали «Факел» ва «Оренбург» билан ўйнаганликлари сабаб учрашувдан бош тортдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати