Қирғизистон ҳукумати Россия билан Марказий Осиё республикасига ҳар ой 100 минг тонна ёқилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш бўйича келишувга эришди. 24.kg нашри республика Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Дониёр Амангелдиевга таяниб хабар беришича, ушбу келишув йил охирига қадар амал қилади.
Айнан шу мулозим Москвада бензин импорти масаласи бўйича музокаралар олиб борган Қирғизистон делегациясига раҳбарлик қилган. Бош вазир ўринбосари таъкидлашича, Россия ёқилғиси бозор нархларида харид қилинади.
Томонлар ҳали келишувга эришмаган пайтда Амангелдиев Россия ички муаммоларига қарамай, имкониятлари доирасида Қирғизистонга ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилган эди.
Россияда бензин ва бошқа ёқилғи-мойлаш материаллари билан боғлиқ инқироз июнь ойи охиридан буён кузатилмоқда. Ёқилғи тақчиллиги Россия нефтни қайта ишлаш заводларига Украина дронлари ҳужумлари билан изоҳланмоқда.
Шу муносабат билан Москва автомобиль бензини экспортига 31 июлга қадар тақиқ жорий этган эди. Ушбу санага бир кун қолганда эмбарго 2027 йил 31 январга қадар узайтирилди. Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб эса мамлакатдан дизель ёқилғиси олиб чиқилишига рухсат бериш режалаштирилмоқда.
Кўплаб таҳлилчилар фикрига кўра, бундай чекловлар ички ёқилғи қуйиш шохобчаларини нархларнинг кескин ошишидан ҳимоя қилади, аммо нефтни қайта ишлаш заводларини дронлар ҳужумлари оқибатида шикастланган инфратузилмани тиклаш учун зарур бўлган даромаднинг бир қисмидан маҳрум қилади.
Россиядаги инқироз сабабли бошқа мамлакатларда ҳам бензин билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Жумладан, Россиядан бензин етказиб беришга деярли 100 фоиз боғлиқ бўлган Қирғизистонда ҳам шундай ҳолат кузатилди.
Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил январь–май ойларида автомобиль ёқилғиси импорти 22,3 фоизга қисқариб, 327,1 миллион литрни ташкил этган. Шундан 322,6 миллион литри Россиядан олиб кирилган. Ўтган йилнинг дастлабки беш ойи кўрсаткичлари билан солиштирганда, бу рақам қарийб 13 фоизга камайган.
Шу муносабат билан ҳукумат бир қатор чораларни қабул қилди. Хусусан, Қирғизистонда сентябрь ойи охирига қадар бензин, дизель ёқилғиси ва автомобиль гази учун чакана савдодаги энг юқори нархлар белгиланган. Шунингдек, июль ойи ўрталаридан бошлаб нефть ва нефть маҳсулотларини автомобиль ҳамда темир йўл транспорти орқали олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ жорий этилди.
Республика ёқилғи қуйиш шохобчаларида ёқилғи танқислиги кузатилмоқда, унинг нархи эса ошиб бормоқда. Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 30 июль куни мамлакат бўйича АИ-95 маркали бензиннинг ўртача нархи 1 литр учун қарийб 108,5 сомни (деярли 1 доллар), дизель ёқилғиси эса 101,5 сомдан (0,91 доллардан) юқорини ташкил этган. Вазият инфляцияга ҳам таъсир кўрсатди. Йиллик ҳисобда инфляция даражаси 11,3 фоизни ташкил этган.
Ёқилғи танқислиги фонида ҳокимият органлари Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистонга нефть маҳсулотларини барқарор етказиб беришни таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Кейинроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси вакиллари мамлакатга Хитой ва Беларусдан муқобил хомашё келаётганини маълум қилди. Ушбу хомашё маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишлаш учун мўлжалланган.



