Ҳуқуқ фаоллари қирғиз журналистларини зудлик билан вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан тергов изоляторига ўтказишни тавсия қилишди

npm.kg сайти фотосурати

29 январь куни Қирғизистон Қийноқлар олдини олиш миллий маркази (ҚОММ) республика Ички ишлар вазирлигига Temirov Live лойиҳасига алоқадор ҳибсга олинган 11 нафар журналистни зудлик билан вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан тергов изоляторига ўтказишни тавсия қилди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари ташкилоти сайтида сўз юритилади.

ҚОММ БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг 1-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари вакилларининг Бишкек шаҳар ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ёки Ички ишлар вазирлигининг юрисдикциясидаги бошқа жойларида ушлаб турилиши

қийноқ сифатида баҳоланади.

Оммавий тартибсизликларга чақиришда айбланган журналистлар 17 январь куни икки ойга ҳибсга олинган эди. Аммо орадан бир ҳафта ўтиб Миллий марказ ходимлари маҳбуслар суд қарори билан Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига кўчирилиши керак бўлса-да, ҳали ҳам вақтинча сақлаш ҳибсхонасида эканларини аниқлаганлар. Шу билан бирга, ҚОММ раҳбари Бахит Рисбековнинг айтишича, адвокатлар тегишли далолатнома тузиб, ҳужжатни пойтахт прокуратурасига юборган.

Қайд этилишича, қоидаларга кўра, қўлга олинганларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасида 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас. Фақат айрим ҳолларда бу муддат суднинг санкцияси билан ўн кунгача узайтирилиши мумкин.

Рисбеков, шунингдек, ОАВга вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги шароитлар тергов изоляторидан фарқли ўлароқ, узоқ муддатли сақлаш учун мос эмаслигини тушунтиради. Унинг сўзларига кўра, қишда бу ерда ҳаво ҳарорати 13 даражадан ошмайди, бундан ташқари, кунига икки мартагина овқат берилади.

Ўз навбатида, ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдирасулованинг фикрича, журналистлар терговчилар ва бошқа милиция ходимлари камерага исталган вақтда киришлари учун қасддан вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Қирғизистонлик аёлнинг фикрича, шу йўл билан ИИВ ҳибсга олинганларга босим ўтказиш учун шароит яратган.

Кўп ўтмай, 29 январь куни Temirov Live ходимлари Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига ўтказилган.

Бу ҳақда адвокат Улан Сейитбеков Kloop нашрига маълум қилган.

ℹ️ 16 январь куни эрталаб ИИВ вакиллари Temirov Live ва «Айт Айт Десе» лойиҳаларининг 11 нафар собиқ ва ҳозирги ходимларининг уйларида тинтув ўтказган. Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу ОАВнинг ижтимоий тармоқлардаги материалларига нисбатан ўтказилган «суд-лингвистик экспертизаси» натижаларига кўра, республика Жиноят кодексининг 278-моддаси («Оммавий тартибсизликларга чақирув») билан жиноят иши қўзғатилган. 17 январь куни барча ходимлар 13 мартгача ҳибсга олинган.

Ғарб давлатлари, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, россиялик журналистлар ва Қирғизистон ОАВ ходимлари матбуот ходимларининг таъқиб қилинишида ҳукуматнинг сўз эркинлигини бостириш истагини кўради. Улар расмий Бишкекни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришга, сўз эркинлигини ҳимоя қилишга, журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўз касбий фаолиятини амалга оширишига имкон бериш учун дахлсизлигини таъминлашга чақирган.

Вазиятга Қирғизистон президенти Садир Жапаров изоҳ бериб, ҳибсга олинган мустақил медиа-лойиҳаларнинг ходимлари профессионал журналистлар эмас, балки масъулиятсизлик билан турли хил, жумладан, мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган маълумотларни эълон қилаётган блогерлар эканини таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати