Қирғизистон парламенти биносидан қочган депутат бир ойга ҳибсга олинди

akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистон Жогорку Кенеши (мамлакат парламенти) депутати Эмил Жамғирчиев 26 февралгача ҳибсга олинган. Бундай қарор 24 январь кечаси Бишкекнинг Первомайский туман суди томонидан қабул қилинди, деб хабар беради Кaktus.media.

Ҳибсга олиш чораси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолати бўйича танланган. Жамғирчиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов изоляторида сақланади.

Депутат ўзини айбдор деб билмаслигини, суд қарорига рози эмаслигини ва унга эътироз билдириш ниятида эканини айтган.

МХДҚ Жамғирчиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов деярли якунлангани, материаллар яқин кунларда судга юборилишини маълум қилди. Депутат ҳибсга олинган, чунки олинган маълумотларга кўра, у терговдан яшириниш мақсадида қўшни республикалардан бирига ноқонуний ўтишни мақсад қилган, дея тушунтиради Давлат қўмитаси.

ℹ️ Жамғирчиевга нисбатан жиноий иш 2023 йил 26 декабрда қўзғатилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, депутат 2022 йил декабрь ойида икки марта ноқонуний давлат чегарасини бузиб, Тошкентга йўл олган ва у ерда «Салимбой» ёки «Салимбойвачча» лақабли ўзбекистонлик тадбиркор Салим Абдувалиев билан яширинча учрашган. Айтилишича, Жамғирчиев ундан ёрдам олишга уринган. Ташиев, шунингдек, Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан икки жиноий иш очилганини айтган – чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва фирибгарлик бўйича.

2023 йил декабрь ойи охирида Қирғизистон Бош прокуратураси парламентга Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик сўраб тақдимнома юборган. Жорий йилнинг 10 январида депутатлар рози бўлиб овоз беришган. Бироқ, бир кун аввал уларнинг ҳамкасби парламент биносининг иккинчи қаватидаги деразадан сакраб қочиб кетган.

Ташиев Жамғирчиевни ҳибсга олмасликка ваъда бериб, ўз ихтиёри билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига келишга чақирган. Депутат 12 январь куни пайдо бўлган, у дарҳол сўроқ қилинган ва кейин «тергов органларига келиш мажбурияти» остида қўйиб юборилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати