Россия армиясида хизмат қилгани учун судланган қирғизистонлик йигитнинг жазоси енгиллаштирилди

Асқар Кубаничбек уулу. akipress.org сайти фотосурати

Россия армияси таркибида махсус ҳарбий операцияда (МҲО) қатнашгани учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилган қирғизистонлик Асқар Кубаничбек уулунинг жазоси енгиллаштирилди. 24 январь куни Бишкекнинг Первомайский туман суди уни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди, бироқ кейин унга уч йилга пробация (шартли жазо тури) қўллади, деб ёзади Kloop.kg.

Суд Кубаничбекни Қирғизистон Жиноят кодексининг 416-моддаси 1-қисми («Ёлланганлик») бўйича айбдор деб топган: «бошқа давлатларнинг қуролли тўқнашувларида фойдаланиш, давлат ҳокимиятини ағдариш ёки ҳудудий яхлитликни бузиш мақсадида ёлланма аскарларни ёллаш, молиялаштириш, моддий таъминлаш, ўқитиш ёки уларга қарши зўравонлик ҳаракатларини амалга ошириш, ёлланма аскарлардан ҳарбий можаролар ёки ҳаракатларда фойдаланиш».

Кубаничбек ҳамон тергов ҳибсхонасида сақланмоқда, суд қарори қонуний кучга кирганидан сўнг у бошқа ерларга кетмаслик тилхати билан озод этилиши мумкин.

ℹ️ Кубаничбек 2010 йили Бишкекдан Россияга кўчиб ўтган. МҲО бошланишидан олдин у Москвада яшаган ва ишлаган. 2022 йил июнь ойида у Украинада жанг қилишга қарор қилади. У жанговар тайёргарлик курсларини тамомлаган, разведка операцияларида қатнашган, фронтнинг олдинги чизиғида миномёт ва ўқ-дорилар билан таъминлашда иштирок этган. Ноябрь ойида у ҳарбий хизматдан озод қилинган, Москвага қайтиб келган, кейин Бишкекка жўнаган.

2023 йил январь ойида у ҳибсга олинган. Май ойида ўша Первомайский туман суди уни 416-модданинг 2-қисми бўйича, яъни «тегишли давлат органлари рухсатисиз моддий манфаатдорлик учун бошқа давлатларнинг қуролли можароларида қатнашганлик» учун айбдор деб топган. Кубаничбек 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қирғизистонлик ўз айбини тан олмай, армияга Россия паспортини олиш учун борганини, лекин ҳеч қачон жанговар ҳаракатларда қатнашмаганини таъкидлаган.

Август ойида Олий суд ҳукмни бекор қилади ва ишни Бишкекнинг Первомайский туман судига қайта кўриб чиқиш учун қайтаради.

Кубаничбек Россия фуқаролигини беришларини сўраган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Қирғизистон фуқаросига Россия паспортини бериш масаласи кўрила бошлаганини маълум қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати