Қирғизистон ИИВ оммавий тартибсизликлар иши доирасида ўнлаб журналистларга нисбатан тинтув ўтказди

МАХАБАТ ТАЖИБЕК ҚИЗИ СЎРОҚҚА ОЛИБ КЕТИЛМОҚДА. KLOOP.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

16 январь куни эрталаб Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари «Айт Айт Десе» ва Temirov Live онлайн лойиҳалари билан боғлиқ ўндан ортиқ собиқ ва амалдаги ОАВ ходимларига нисбатан тинтув ўтказган. Уларнинг бир қисми полиция сўроқ қилиш учун олиб кетилди, деб ёзади «Клооп» нашри республикадан ташқарида яшовчи журналист Болот Темировга таяниб.

Унинг маълумотларига кўра, полиция Бишкекда яшовчи «Айт Айт Десе» ва Temirov Live телеканали директори Махабат Тажибек қизи ва яна бир қанча журналистларни, шунингдек, Тўқмоқ шаҳридаги оқин (қўшиқчи) Азамат Ишинбековнинг уйида тинтув ўтказган.

Полиция Temirov Live офисини муҳрлаб қўйган, Тажибек қизи эса мажбуран сўроққа олиб кетилган. У хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатлари Ички ишлар вазирлиги раҳбари Уланбек Ниёзбеков ва Жогорку Кенеш (парламент) депутати Нодира Нарматовага бағишланган нашрлар билан боғлиқлигини айтишга улгурган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини нафақат юқорида тилга олинган иккита лойиҳа вакиллари жалб қилган. «ПолитКлиника» нашри журналисти Тинистан Асипбековнинг айтишича, унинг уйи ҳам тинтув қилинган. ОАВ вакилининг сўзларига кўра, полиция ҳаракатлари оммавий тартибсизликларга чақирувлар бўйича жиноий иш билан боғлиқ бўлган.

Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати, ўз навбатида, «Айт Айт Десе» ва Temirov Live интернет платформаларига нисбатан Республика Жиноят кодексининг 278-модда 3-қисми («Ҳукумат вакиллари талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликлар, шунингдек фуқароларга нисбатан зўравонликка чақирувлар») бўйича иш очилган.

Тергов маълумотларига кўра, ўтган йил 30 декабрида мазкур нашрларнинг ижтимоий тармоқларидан бирида ўтказилган мониторинг чоғида тартибсизликларга чақирувчи маълумотлар аниқланган. 12 январь куни суд-лингвистик экспертиза хулосасига кўра, ушбу материалларда норозилик билдиришга чақирув белгилари борлиги аниқланган ва шу боис вавзирлик томонидан бир қатор тезкор-қидирув тадбирлари бошланган, дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида. Қайси матнлар ҳақида гап кетаётгани аниқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 24.kg таҳририятида тинтув ўтказган эди, шундан сўнг улар идорани муҳрлаб, офис жиҳозларини олиб кетишган. Нашр раҳбарияти сўроқ учун олиб кетилиб, бир неча соат полиция бўлимида ушлаб турилган, журналистларнинг телефонлари олиб қўйилган. Маълумки, ушбу оммавий ахборот воситасига қарши уруш ташвиқоти учун иш очилган. Бироқ қайси материал жиноий жавобгарликка асос бўлгани номаълум.

Шу фонда Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ва медиа ташкилотлари вакиллари ўз ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаб чиқишди. Журналистлар таҳририятдаги тинтув адвокат иштирокисиз бир ярим соатдан кўпроқ давом этганидан норози бўлган ва бу ҳолат тергов органлари томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш эҳтимоли ҳақида саволлар туғдиради. Компьютерлар ва бошқа жиҳозларнинг олиб қўйилиши эса ахборот агентлиги ишига имкон қадар тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, 24.kg 2006 йилдан буён фаолият юритаётган нуфузли нашр эканлиги қайд этилган. Сайтда эълон қилинган маълумотларнинг 70 фоиздан ортиғи давлат органлари тақдим этган маълумотларидан иборат. Таҳририят журналистлари воқеаларни турли нуқтаи назардан ёритади, улар ҳеч қачон босқинчиликка чақириқлар айблови ёки бошқа қонунбузарликларга дуч келишмаган.

«Биз 24.kg агентлигидаги тинтув ўтказилишини нафақат ОАВ ходимларининг, балки фуқароларнинг сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқларига номутаносиб аралашувнинг кўриниши деб ҳисоблаймиз», — дея хулоса қилади очиқ хат муаллифлари.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати