Ташиев оилада зўравонликдан жабрланган аёлларни МХДҚга мурожаат қилишга чақирди

Қамчибек Ташиев. today.kg

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёлларни қўмитага мурожаат қилишга чақирди. Бу ҳақда «Вечерний Бишкек» нашри Ташиевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига таяниб хабар беради.

«Муҳтарам хотин-қизлар, алоҳида мурожаат қиламан! Агар сизга нисбатан зўравонлик қўлланилаётган бўлса, дарҳол ҳар бир тумандаги МХДҚ бошқармасига мурожаат қилинг. Биз оналаримизни, хотинларимизни, қизларимизни ҳимоя қилишга масъулмиз. Она бор жойда оила бор, давлат бор», — дейди МХДҚ раҳбари.

Нашр таъкидлаганидек, баёнот навбатдаги кўнгилсиз воқеадан сўнг, яъни 2 январь куни Боткен вилоятининг Масалиев қишлоғида оилавий жанжал оқибатида бир эркак ўзининг 23 ёшли хотинини бўғиб ўлдирганидан сўнг эълон қилинган.

ℹ️ Қирғизистонда оиладаги зўравонлик муаммоси энг кескин ва ҳал этилмаган муаммолардан бири ҳисобланади. Кўпгина аёллар учун бу ҳолат кундалик ҳаётнинг деярли мунтазам қисмига айланиб улгурган. Шу билан бирга 2021 йилги маълумотларга кўра, оиладаги зўравонлик ҳақидаги даъволарнинг 7% дан камроғи судга этиб боради.

Бундан олдин, 2023 йил май ойида қирғизистонлик актёр, ижтимоий фаол ва HeForS ҳаракатининг иштирокчиси Азиз Бейшеналиев эрининг айби билан хорижда мушкул аҳволга тушиб қолган ватандошига ёрдам сўраб республика расмийларига очиқ хат билан мурожаат қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати