Ўзбекистонда Қирғизистон парламенти депутатига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Эмил Жамғирчиев. Knews.kg сайти фотосурати

Ўзбекистонда Қирғизистон Жогорку Кенеши (мамлакат парламенти) депутати Эмил Жамғирчиевга нисбатан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда 10 январь куни журналистларга Бош прокурорнинг Жомғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш ҳақидаги таклифини кўриб чиқиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қилаётган депутат Алишер Эрбаев маълум қилди, деб ёзади Akipress.

«Комиссия очиқ режимда бир неча бор йиғилди. Кеча йиғилишнинг иккинчи қисми тергов талабига биноан ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Тергов чегарани ноқонуний кесиб ўтиш далилларини тақдим этди. Биз бунга ишондик, чунки Ўзбекистон томони ҳам Жамғирчиевга нисбатан жиноий иш қўзғатган», — дея тушунтирди Эрбаев.

Жогорку Кенешнинг 10 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида Эрбаев Бош прокуратура Жамғирчиевга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 378-моддаси («Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш») бўйича жиноят ишини қўзғатганини айтди.

«Материалларга кўра, Жамғирчиев Жўқорғи Кенеш депутати сифатида Марказий Осиёда таниқли Салим Абдувалиев билан яширинча учрашиш, ундан ёрдам олиш мақсадида 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва Тошкентга йўл олган. Шундан сўнг, 16 декабрь куни у яна Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Бишкекка қайтган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан иш очилган. Жамғирчиев қидирувга берилган», — дея Эрбаевдан иқтибос келтиради Kaktus.media.

Ўша йиғилишда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев депутатлардан бирининг маслаҳатчиси Ўзбекистонга маълум ҳужжатлар юборгани ҳақидаги маълумот контрразведкага келиб тушгани ҳақида гапирган. Разведка хизмати Ўзбекистон фуқаросига Жогорку Кенешнинг еттита расмий бланкини айнан Жамғирчиевнинг маслаҳатчиси топширганини аниқлаган. Тошкентда бу ҳужжатларни Жамғирчиевнинг ўзи олган.

«Биз унинг қандай қилиб Тошкентга келгани юзасидан текширув ишларини бошладик. Маълум бўлишича, у назорат-ўтказиш пункти орқали чегарани кесиб ўтмаган. Шундан сўнг у ким билан ва қандай учрашгани аниқланди. Бунинг учун бизга бир йил керак бўлди. Ўша пайтга келиб Ўзбекистон ҳукумати ушбу факт бўйича иш қўзғатган ва суд уни қидиришга доир қарор қабул қилган», — дейди Ташиев.

МХДҚ раҳбарининг сўзларига кўра, Жамғирчиевни ҳибсга олиш режалаштирилмаган, чунки унга қўйилган жиноят унчалик оғир бўлмаган.

«Унга [ушбу моддага] кўра, биз фуқароларимизни фактларни аниқламай туриб ҳибсга олмаймиз. Биз текширув ишларини олиб борамиз ва судга юборамиз. Улар жарима ёки синов муддатини олишади ва бу билан масала ҳал бўлади. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз чет эл фуқароларини қочиб кетмаслиги учун ушлаб турамиз»,дея тушунтирди Ташиев.

Шу билан бирга, бир кун олдин Жамғирчиевнинг ғойиб бўлгани ҳақида маълум бўлди. Унинг парламент биноси иккинчи қаватидаги деразадан сакраб, қочиб кетгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Депутат Нилуфар Алимжонованинг хабар беришича, Жамғирчиев ўз кабинети деразасидан сакраб тушган.

Унинг сўзларига кўра, бир ҳамкасби офисга кирган, бироқ унинг ўзи буни кўрмаган, чунки у бошқа депутатлар билан Жамғирчиевни матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган матбуот хонаси ёнида кутишган.

«Ёрдамчиларим унинг офисга келганини айтишди. Қизлар унинг офисдан сакраб чиққанини билишмасди. Комендант келиб, иккинчи қаватдаги кабинет ойнасидан кимдир сакраб тушганини айтди. Эшик очилганда ўринбосар йўқ эди. Тергов буни видеоёзув асосида аниқлайди. Аммо дераза очиқ эди. Терговчилар ўз ишларини бажариб бўлишган, кабинет муҳрланмаган», — деди Алимжонова.

Оммавий ахборот воситаларида видеокузатув камераларидан олинган Жамғирчиевнинг қочиб кетаётганига доир тасвирлар тарқатилган:

Ўтган йил декабрь ойи охирида Қирғизистон Бош прокурори Қурманқул Зулушев парламентга Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик сўраб таклиф юборган. 10 январь куни рухсат олинган: 69 депутат ўз ҳамкасбини жиноий жавобгарликка тортишни ёқлаган, ҳеч ким қарши овоз бермаган.

Ташиев Жамғирчиевни ҳибсга олмасликка ваъда бериб, ўз ихтиёри билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига келишга чақирди.

«Терговчилар олдига келсин, биз уни ушлаб турмаймиз. Биз ишни судга берамиз, у қарор чиқаради. Жамғирчиевга етказинг», — дейди махсус хизмат раҳбари.

ℹ️ Эмил Жамғирчиев 1982 йил 12 мартда Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида туғилган. Ички ишлар вазирлигининг генерал-майор Алиев номидаги академиясининг юридик факультетини ҳамда К.Скрябин номидаги аграр университетининг молия-кредит факультетини тамомлаган. Ички ишлар вазирлигида, президент ва ҳукумат идораларида, Чуй ва Талас вилоятларида иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизматида (Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати, молия полицияси), Бишкекда молия полициясида ишлаган. 2021 йилдан – «НСК» ЁАЖ суғурта компанияси бошқаруви раиси маслаҳатчиси. 2022 йил февраль ойида еттинчи чақириқ Жогорку Кенеш депутати бўлиб сайланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати