Марказий Осиё мамлакатларидаги дин арбоблари ҳеч қандай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги учун мигрантлар билан Россия ҳудудида ҳам, уларнинг мамлакатга келишидан олдин ҳам фаолроқ иш олиб боришлари керак, ҳозирча бундай алоқа ўрнатилмаган. Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний кенгаши раҳбари, муфтий Албир Крганов маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
«Мигрантлар оқиб келаётган давлатлар ўз фуқаролари билан фаолроқ ишлаши керак. Марказий Осиё давлатларида сайловлар бўлса, уларнинг диний етакчилари бу ерга етиб келишади – ҳар бир шаҳарда, ҳамма жойда муҳожирларни йиғиб, улар ўртасида ташвиқот ишларини олиб боришади. Майли, сайловлар бўлиб ўтди дейлик, лекин мигрантлар билан ишлаш борасида, нега ҳаммасини шундай ташкил қилмайсиз? Бу савол Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги муфтий ҳамкасларимизга – бу ерда тизимли иш бўлиши керак, улар бу масала билан қизиқишлари керак, бу ишни ташкиллаштиришлари керак, чунки ўз давлатларининг фуқаролари шу ерда», — деди Крганов РФ Жамоатчилик палатасидаги давра суҳбатида.
Унинг қўшимча қилишича, Россияга мигрантлар оқими кўп бўлган мамлакатлар элчихоналари ўз фуқароларининг ушбу қатлами билан боғлиқ муаммоларга «анчагина эътиборлироқ» бўлишлари керак.
Акс ҳолда, деди муфтий, буларнинг барчасига Россиядаги ҳокимият ва хавфсизлик кучлари, шунингдек «бу муаммо таъсир қилаётган» маҳаллий мусулмон фуқаролари жавоб бериши керак бўлади.
«Миллионлаб фуқароларини бу ерга жўнатаётган мамлакатларнинг ўзлари қайерда? Афсуски, уч йилдан бери ушбу масала билан шуғулланар эканман, улар томонидан тизимли ишлар олиб борилётганини кўрмаяпман», — дея хулоса қилади Крганов.
Эслатиб ўтамиз, 20 декабрь куни Москва епархияси ассамблеясида сўзлаган Патриарх Кирилл Россиядаги муҳожирларнинг ҳаракатлари мамлакатдаги динлараро ва миллатлараро тинчликка тобора кўпроқ таҳдид солаётганини таъкидлаган. Рус православ черкови вакили Россия жамиятига қўшилишни ва унинг анъаналарини ҳурмат қилишни истамайдиган хорижликларнинг ҳозирги оқими давом этаверса, Россияни кўп миллатли давлат сифатида йўқотиш хавфи борлигидан хавотир билдирди.