Москва суди Қирғизистондан олиб кетилган россиялик фаолни икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди

Москва умумий юрисдикция судлари Telegram-канали фотосурати

«Инсон ҳуқуқлари учун» ҳаракатининг (хорижий агент сифатида тан олинган ва тугатилган) собиқ матбуот котиби Алёна Крилова икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бундай қарор Москванинг Мешчанский суди томонидан қабул қилинди, дея хабар беради ТАСС.

Крилова Россия Федерациясида экстремистик деб тан олинган «Сўл қаршилик» ташкилоти ишида айбланувчи бўлган. У Россия Жиноят кодексининг 282.1-моддаси («Экстремистик жамиятда иштирок этиш») 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

«Крилова олти ойга озодликни чеклаш билан икки йилга умумий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўташ шарти билан озодликдан маҳрум қилинди», — дейилади суд хабарида.

«Сўл қаршилик» ҳаракатига қарши иш 2021 йили очилган. 2022 йил декабрида ташкилот раҳбари Дарья Полюдова экстремистик жамият тузиш моддаси бўйича тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Яна беш нафар фаол, жумладан Крилова бу ишда тақиқланган ҳаракат иштирокчиси сифатида айбланган. Крилова Қирғизистонга жўнаб кетган. 2023 йил июнь ойида у ҳибсга олинган ва Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган.

Крилова Қирғизистондан бошпана сўраб мурожаат қилган, бироқ ҳибсга олинганидан кейин уни бекор қилишни сўраган. Шу билан бирга, у ҳибсда сақлаш муддатини узайтириш ҳақидаги суд қарори устидан апелляция беришдан бош тортган.

«Адилет» юридик клиникаси адвокати Марат Қидировга кўра, россиялик аёл «юмшоқроқ жазо олиш учун экстрадицияни танлаган».

«Биз унинг илтимосини бажардик. Суд қарори устидан шикоят қилмадик. Бош прокуратура қарор билан танишиб чиққач, у дарҳол Россияга экстрадиция қилинади. Алёнанинг эри ҳозир Қирғизистонда», — дея июль ойида Қидиров сўзларидан иқтибос келтирганди «Азаттиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати