Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари сардорлари Осиё кубогини ўтказиб юбориши мумкин

Элдор Шомуродов. sport24.ru сайти фотосурати

Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари сардорлари Валерий Кичин ва Элдор Шомуродов жароҳат олишган ва улар Қатарда 12 январь куни старт оладиган футбол бўйича Осиё кубогини ўтказиб юбориши мумкин.

Красноярскнинг «Енисей» клуби ва Қирғизистон терма жамоаси ҳимоячиси Валерий Кичиннинг Иссиқкўлда ўтказилган йиғинда мушаклари қисман ёрилган ва у терма жамоа билан БААдаги йиғинга боролмади. Қирғизистон футбол иттифоқи (ҚФИ) хабарига кўра, футболчи саломатлигининг тикланиши учун камида бир ой вақт керак бўлади.

Италиянинг «Каляри» клуби ҳужумчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тўпурари Элдор Шомуродовнинг Осиё кубогини ўтказиб юбориш эҳтимоли юқори. Футболчи оёғидан жароҳат олган ва яқинда операция қилинган. Футболчига тикланиш учун ҳам бир ойча вақт берилади. Аммо, Шомуродов турнир давомида жамоага келиб қўшилиши ҳам мумкин.

Шундай қилиб, 24 декабрь куни БААда ўтказилиши режалаштирилган Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги синов ўйинида ҳар икки футболчи майдонга тушмайди. Бундан ташқари, Қирғизистон терма жамоасининг яна икки нафар футболчиси – Гулжигит Алиқулов ва Амир Жапаров жароҳати сабаб ушбу учрашувни ўтказиб юборади.

Осиё – 2023 кубоги 2024 йилнинг 12 январидан 10 февралига қадар Қатарда бўлиб ўтади. Турнирда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари билан бирга 24 та жамоа иштирок этади.

Тожикистон терма жамоаси А гуруҳидан жой олди ва унда Қатар, Хитой ва Ливан терма жамоалари билан куч синашади. Ўзбекистон терма жамоаси В гуруҳида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон билан ўйнайди. Қирғизистон терма жамоаси Саудия Арабистони, Таиланд ва Уммон билан F гуруҳидан чиқиш учун кураш олиб боради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати