Қирғизистон МХДҚ раиси бозорлардаги митинг ташкилотчиларини аниқлаш бўйича топшириқ берди

Камчибек Ташиев. akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бозор савдогарлари патент тизимининг бекор қилиниши ва назорат-касса машиналарининг мажбурий жорий этилишига қарши яқинда ўтказилган митинглар ташкилотчиларини аниқлаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда 24.kg МХДҚ матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, 8 декабрь куни Ташиев ўзининг бевосита қўл остидаги ходимлари ва Республика Солиқ хизмати раҳбарияти билан йиғилиш ўтказган. Бу учрашув «айрим бузғунчи кучлар томонидан мамлакатдаги энг йирик бозорлар савдогарларининг митингларини ташкил этиш орқали ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уриниш» фонида бўлиб ўтди.

Ташиев Давлат қўмитаси олдига қуйидаги устувор вазифаларни қўйди:

👉 тадбиркорларнинг, шу жумладан савдо мажмуалари эгаларининг реал даромадларини яшириш фактларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш;

👉 бозорларда норозилик намойишларини ташкил этишда иштирок этган шахсларни аниқлаш;

👉 Солиқ хизмати ходимлари ўртасида коррупция ва порахўрликни бартараф этиш.

МХДҚ раҳбари юқоридаги вазифалардан кўзланган мақсад сотувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, савдо майдонларининг ижара ҳақини пасайтириш, бозор эгаларининг яширин даромадига қарши курашишдан иборат эканини алоҳида таъкидлади.

Икки кун олдин ҳам Ташиев бозор митинглари мавзусини кўтарган эди. У бу ҳаракатлар ташкилотчиларини «провокаторлар» деб атади ва савдогарлардан «провокацияларга берилмасликни» сўради. Шу билан бирга, МХДҚ раиси комплекс эгаларидан бозорларни миллийлаштириш таҳдиди остида савдо ўринлари ижарасини камида икки баробарга камайтиришни талаб қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам бозорлардаги норозиликларни вазиятдан янги инқилоб учун фойдаланишга уринаётган маълум шахслар бошқарилмоқда, деб ҳисоблайди. Давлат раҳбари махсус хизматларда митинглар координаторлари ҳақида маълумотлар борлигини айтди.

ℹ️ Қирғизистон ҳукумати бир неча йиллардан бери бозор савдогарларини назорат-касса машиналари (НКМ), электрон товар-транспорт қоғозлари (ЭТТҚ) ва электрон-ҳисоб фактуралардан (ЭҲФ) фойдаланишга ундаб келади. Тадбиркорлар янгиликка салбий муносабатда бўлишмоқда – бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Декабрь ойи бошида Садир Жапаров вазиятни юмшатди ва патент тизимини келаси йилнинг 1 июлигача узайтирди. Бу вақт мобайнида мутасаддилар савдогарларнинг талабларини инобатга олган ҳолда солиқ ислоҳоти бўйича маслаҳатлашувлар ўтказади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати