МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонни 2026 йилгача криминалдан тозалашга ваъда берди

Қамчибек Ташиев. kloop.kg сайти фотосурати

2026 йилга бориб Қирғизистон криминалдан холи бўлади. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Жогорку Кенеш (парламент) йиғилишида маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

«Криминалга қарши курашга икки йилдан бери тайёргарлик кўрдим. 2026 йилга келиб ҳамма нарса тинч бўлади, жиноят бўлмайди. Мамлакатни [божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари] Райимбек Матраимов ҳам, [криминал авторитет] Дженго ҳам бошқармайди», — дея таъкидлади МХДҚ раҳбари.

Ташиевга кўра,

агар илгари Қирғизистон демократия ороли деб аталган бўлса, тез орада у қонунийлик оролига айланади.

«Бугунги кунда биз давлатга мулк ва пул шаклида жиноятчиликка қарши курашдан тушган 200 миллион доллардан ортиқ маблағ ўтказдик. Криминал авторитетларнинг бошпанасига айланган «Айпери» салонини давлат ихтиёрига топширдик. Бино 20-25 миллион долларга баҳоланган. Тошкўмирдаги «Кристал» заводи ҳам уюшган жиноий гуруҳлар томонидан босиб олинган.

Барча даромад келтирувчи корхоналарда жиноятилар улуши бор», — деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

У уюшган жиноятчиликка қарши кураш давлат қўмитаси ходимлари ўз олдига қўйилган вазифаларни аниқ бажариб, деярли пора ололмаслигига ишонтирди.

«Кеча биз (4 октабрда ўлдирилган куни жиноятчи) Қамчи Қўлбаев 10 миллион доллар сармоя киритган корхонани топдик. Унинг шериклари пулни нақд ҳолда қайтариб беришди. Кимдир 12 миллион доллар топширди, яна кимдир 30 миллион доллар қайтармоқчи, бу пулларнинг ҳаммасини бир тийингача МХДҚ махсус ҳисоб рақамига ўтказамиз. Ходимларим кўрсатмаларни қатъий бажаришади – бу маблағлардан бир тийин ҳам олмаслик керак. Агар кимдир тартибни бузса, уни ишдан бўшатаман. Кеча мен учта шундай ходимни ишдан бўшатдим. Улардан бири 28 минг доллар пора олган, иккинчиси инвесторлардан 82 минг доллар ўтказишда воситачи бўлган», — деди Ташиев.

Унинг тушунтиришича, қайтарилган маблағлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг депозит ҳисоб рақамига тушади, кейин президент ўз фармони билан уларни республика бюджетига ёки барқарорлаштириш жамғармасига юборади.

МХДҚ раҳбари уюшган жиноятчиликка қарши кураш янада кучайтирилишини маълум қилди. Хусусан, Қўлбаев ўлдирилганидан кейин «ўғрилар ғоялари»дан оммавий равишда воз кечган Дженгонинг (Қодир Досонов) жиноий фаолиятига бутунлай чек қўйилади.

«У [Дженго] ҳамма олдида ўғрилар ғояларидан воз кечишини тан олди. Аммо у [жиноят қилишда] давом этмоқда. Мен шундай иш қиламанки, бу нарсага чек қўйилади. Мен нима бўлгандаям унинг уюшган жиноий гуруҳ раҳбари бўлишига нуқта қўяман. Бу ҳаммага тегишли.

Мен мамлакатимизда уюшган жиноий гуруҳлар бўлмаслигига, ҳеч ким ҳеч кимга «зарар бермаслигига» ваъда бердим. Тадбиркорлар тинч-тотув яшаб, меҳнат қилишади.

Қонунга амал қилсин, солиқ тўласин, тамом», — деди Ташиев.

У ҳукуматдан МХДҚ ходимларининг иш ҳақини ошириш учун маблағ ажратишни сўради.

«Биз тахминан 400 миллион сўм (4,5 миллион доллар) сўраймиз. Шу билан бирга, биз миллиардларни давлатга қайтарамиз. Менга бойлик ҳам, курси ҳам керак эмас. Менга қонун устуворлиги керак», — деди Ташиев.

👉 Аввалроқ МХДҚ раҳбари жиноятчиларнинг оилалари ва яқинлари ҳаётдан хотиржам бўлишларини маълум қилганди.

«Агар қонуни бузишмаган бўлса, биз уларнинг қариндошлари, хотинлари ва болаларига тегмаймиз. Мен, масалан, Қўлбаевнинг қариндошлари мисолида айтаман. Хотини тирикчилик учун битта ресторан сўради, уни беришди. Машинани сўради, унга машина қолдиришди. Уч қизи кўчада қолиб кетмасин, деб ҳар бирига квартира берилди. Икки ўғилга иккита квартира ва иккита ер участкаси қолдирилди. Ҳалол топган пулига яшашсин. Қолган ҳаммаси давлатга қайтарилди», — деди Ташиев.

Унинг қўшимча қилишича, Қўлбаевнинг 20 миллиард сўмлик мулки ва молиявий активлари аллақачон давлат ҳисобига ўтказилган. Умумий ҳисобда, МХДҚ маълумотларига кўра, жиноятчи 1 миллиард долларлик мол-мулкка эгалик қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати