«Қумтор»нинг собиқ раҳбари коррупция иши бўйича 9 минг доллар жаримага тортилди

Тенгиз Болтурук. economist.kg сайти фотосурати

Бишкекнинг Первомайский туман суди «Кумтор Голд Компани» ЁАЖнинг собиқ вақтинчалик ташқи бошқарувчиси Тенгиз Болтурукни 800 минг сўм (тахминан 9 минг доллар) миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Суд мажлиси 21 ноябрь куни бўлиб ўтди. Суд Болтурукни 17 та моддада айбдор деб топган, жазони қисман алмаштириб, мазкур жаримага ҳукм қилган. Ҳукм кучга киргандан сўнг, «Қумтор» собиқ раҳбари ҳисобларига қўйилган ҳибслар олиб ташланади. Судя Болтурук томонидан илгари тўланган 10 миллион сўмни (112 минг доллардан ортиқ) «Кумтор Голд Компани»га етказилган зарарни қоплаш учун ўтказишга қарор қилди.

Kloop.kg хабарига кўра, судда судгача бўлган жараёнда прокурор ва айбланувчи ўртасида айбни тан олиш тўғрисидаги процессуал келишув тасдиқлангани маълум қилинган.

«Шахс ўз айбига иқрор бўлиш ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаш тўғрисида битим тузганда, суд шахс айбдор деб топилган моддада назарда тутилган энг кам жазо доирасида озодликдан маҳрум қилишдан мустасно жазони тайинлайди», — дея тушунтирди суд.

ℹ️ «Қумтор» Қирғизистондаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. 2000 йилларнинг бошидан бери у Қирғизистон-Канада қўшма компанияси Centerra Gold Inc томонидан бошқарилади. 2021 йил баҳорида Қирғизистон ҳукумати атроф-муҳитга етказилган зарар учун Centerraга миллиард долларлик даъво қўйди ва унинг шўъба корхонаси «Кумтор голд компани»га Тенгиз Болтурук исмли ташқи менежерни тайинлади.

2022 йил сентябрида Болтурукга нисбатан бир неча моддалар бўйича жиноий иш очилган эди. Тергов маълумотларига кўра, «Кумтор голд компани» мансабдор шахсларининг коррупцион ҳаракатлари натижасида давлатга 1 миллиард сўмдан ортиқ (11 миллион доллардан ортиқ) зарар етказилган. Болтурук билан бирга яна бир неча киши ҳибсга олинган.

Жорий йилнинг март ойида Қирғизистон Бош прокуратураси «Қумтор»даги коррупция иши бўйича ҳибсга олинганлар 642 миллион сўм (7,3 миллион доллар), жумладан, Болтурук 10 миллион доллар зарарни қоплагани ҳақида хабар берган эди. Апрель ойида унинг эҳтиёт чораси ҳибсдан уй қамоғига ўзгартирилди, июлда эса суд ҳибсни 10 августгача узайтирди. Болтурукга доир жиноят иши материаллари октябрь ойи охирида судга топширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати