Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирликлари Исроилдаги вазият бўйича баёнот беришди

ejin.ru сайти фотосурати

Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирликлари Исроилдаги вазият бўйича баёнот беришди.

8 октябрь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги «тинч аҳоли орасида кўп қурбонликлар келтириб чиқарган Фаластин-Исроил можаросининг жиддий кучайиши муносабати билан чуқур ташвиш билдирди».

«Биз нафақат икки давлат ўртасида, балки Яқин Шарқда вазиятнинг кескинлашишига олиб келадиган ҳаракатларни четлаб ўтган ҳолда томонларни масалани тинч йўл билан ҳал этиш учун сиёсий воситаларни қидиришга чақирамиз»дея ТИВ баёнотини келтиради Tengrinews.kz (ТИВ веб-ресурида баёнот мавжуд эмас).

Шу куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилдаги вазиятга доир баёнот берди.

«Яқин Шарқда кескинликнинг авж олиши ва бу тинч аҳоли ўртасида анчагина одамларнинг қурбон бўлишига, уй жойлар, ижтимоий инфратузилмаларнинг вайрон бўлишига олиб келгани Тожикистонда катта ташвиш билан қаршиланди. Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зўравонлик ҳаракатларини кескин қоралайди, томонларни зудлик билан зўравонликка чек қўйиш ва вазиятни нормаллаштириш учун диалогни бошлашга чақиради», — дейилади баёнотда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 9 октябрь куни муносабат билдирди.

«Қирғизистон Исроил-Фаластин можаросининг кучайиб бораётгани, натижада кўп қурбонликлар ва вайронагарчилик содир бўлганини ҳавотир ва ташвиш билан кузатмоқда. Биз тинчлик ўрнатиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун томонларни жанговор ҳаракатларни тўхтатишга, тезроқ сиёсий дипломатик мулоқотларни бошлашга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бугун баёнот берди. Тошкент «ўнгги воқеалар муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради» ва барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаб қолади.

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин-Исроил можароси ҳудудида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келган ва бутун Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотир билдиради. Биз курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирамиз»дейилади баёнотда.

Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси «Исроилда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига барча хавфсизлик чораларини кўришни, хавфсиз жойларда бўлишни ва расмийлар хабардор қилмагунча у ерларни так эмасликни тавсия қилади».

Элчихона, шунингдек, Ўзбекистонни Исроил билан боғлайдиган парвозлар давом этаётганини маълум қилади. Дипмиссия ўзбекистонликлардан Исроида бўлиб турган яқинлари, дўстлари ва танишлари орасида йўқолган, жароҳатланган ёки бошқа вазиятларга тушган кимсалар бор бўлса, бу ҳақда консуллик бўлимига +972 54 485 1397 рақами орқали мурожаат қилишларини сўрайди.

ℹ️ 7 октябрь куни эрталаб Исроил Ғазо секторидан мисли кўрилмаган ракета ҳужумларига дучор бўлди. «Хамас» Исроил ҳудудига 5 мингта ракета учирганини маълум қилди, Исроил мудофаа армияси эса Ғазо секторидан икки мингта ракета ҳужуми бўлганини таъкидлайди. Бундан ташқари, Фаластин жангарилари гуруҳлари Исроил ҳудудига кириб, одамларни гаровга олишган, уларнинг аниқ сони маълум эмас. Юзлаб исроилликлар қурбон бўлган, икки мингга яқин одам жароҳатланган.

8 октябрь куни Исроил «темир қиличлар» операциясини бошлаганини ва мамлакат «уруш ҳолати»га ўтганини маълум қилди. Исроилнинг Ғазо секторига қарши уюштирган биринчи ҳужуми оқибатида 400 дан ортиқ фаластинликлар ўлдирилган. Бу ҳақда Фалантин Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ