Роскомнадзор Қирғизистоннинг 24.kg нашрига киришни блоклади

Роскомнадзор сайти саҳифасидан скриншот

Роскомнадзор Қирғизистоннинг 24.kg нашрига киришни блоклади. Роскомсвобода (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) бунга эътибор берган.

Ташкилот маълумотларига кўра, 24.kg сайти томонидан 2022 йил октабрь ойида эълон қилинган Украинадаги воқеалар ҳақидаги тўртта янгиликлар дайжести блокланган. Ушбу нашрга киришни чеклаш тўғрисида қарор ўтган йил 7 ноябрида қабул қилинган, ижро жорий йилнинг 12 сентябрида амалга оширилган.

Роскомнадзор веб-сайтининг таъкидлашича, «сайт саҳифасига кириш чекланган», аммо Россияда нафақат дайжестлар, балки 24.kg нинг бошқа саҳифалари, шу жумладан бош саҳифаси ҳам юкланмайди.

Роскомсвобода шунингдек, Тожикистоннинг «Паём» нашрининг иккита материалига кириш блоклангани ҳақида хабар берган. Бири Россияда иккинчи сафарбарлик тўлқини эҳтимоли ҳақида, иккинчиси тожик сиёсатчиси ва мухолифатчиси Муҳиддин Кабирийнинг Украинани қўллаб-қувватловчи манифест нутқидан иборат материаллар. Нашр қилиш саналари кўрсатилмаган, материалларга киришни чеклаш тўғрисидаги қарорлар жорий йилнинг 31 май ва 1 июнига тўғри келади, блоклаш 12 сентябрда бошланган.

«Паём» сайтига келсак, Роскомнадзор «саҳифага кириш чекланади» деб хабар беради. Бироқ, ушбу хабарни тайёрлаш вақтида веб-ресурс ва, хусусан кўрсатилган блокланган саҳифалар Россияда муаммосиз очилган.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Роскомнадзор Украинанинг Харьков вилоятидаги ҳарбий амалиётлар ҳақидаги мақолани аниқлаганидан кейин Қозоғистоннинг Arbat.Media сайтига киришни тўсиб қўйган эди.

ℹ️ 2022 йил 24 февралида, Россия қўшни давлат ҳудудида махсус ҳарбий операция ўтказилишини эълон қилган ва бошлаган куни Роскомнадзор ОАВдан МҲО билан боғлиқ воқеаларни ёритишда фақат Россия расмий манбаларидан фойдаланишни талаб қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ