Қирғизистон провайдерлари Маданият вазирлиги талабига биноан Kloop сайтини блоклашни бошлади

24.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда бир қанча интернет-провайдерлар ўз фойдаланувчилари учун Kloop («Клооп») веб-сайтини блоклаб қўйган. Улар орасида “О!” мобил оператори ва Homeline провайдери ҳам бор, деб хабар беради нашр.

Илгари Kloop Қирғизистон Маданият вазирлигининг ёлғон маълумотларга эга деб ҳисоблаган материални ўчириш ҳақидаги илтимосини бажаришдан бош тортган. Гап «Сиёсатчи Равшан Жеенбеков 1- тергов изоляторида қийноққа солинаётганини айтди» рукни остидаги материал ҳақида кетмоқда. Агар талаб бажарилмаса, Маданият вазирлиги нашр сайтига киришни икки ой муддатга блоклаш билан таҳдид қилганди. Бунга жавобан Kloop Маданият вазирлигига шикоят хатини юборган ва унда республика қонунчилигига кўра, суд ҳукми билангина жавобгардан материалларни олиб ташлаш ёки рад этишни талаб қилиш мумкинлиги айтилган. Бироқ, вазирлик мазкур шикоятни рад этган.

«Турган гап, биз ҳеч нарсани ўчирмаймиз. Биз хабарда ёлғон маълумотлар борлигига ишонмаймиз. Расмийларнинг бизни жим қилишга бўлган қатъияти уларнинг ҳаракатларини янада шубҳали қилади», — дея таъкидлайди Kloop ва «қирғиз ҳукуматининг барча даражадаги қарорларига қарши туришга» ваъда берди.

Таҳририят воқеалар ривожини олдиндан кўра билган ва ўз материалларини такрорлайдиган бир нечта манбаларни тайёрлаган. Улардан бири ойна сайтидир.

ℹ️ Бу қирғиз расмийларининг Kloopга қилган биринчи ҳужуми эмас. Август ойи охирида Бишкек прокуратураси нашрни бошқараётган Kloop Media жамоат фондини тугатиш тўғрисида судга даъво киритгани маълум бўлди. Бунга «низом доирасидан ташқарига чиқадиган фаолиятнинг амалга оширилиши», шунингдек, ОАВдаги «ҳозирги ҳукуматнинг амалдаги сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилган» материаллар сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ