Қирғизистон Олий суди журналист Болот Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини ўз кучида қолдирди

Болот Темиров. akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистон Олий суди терговчи журналист Болот Темировга нисбатан аввалги инстанциялар ҳукмини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда Kaktus.Media хабар беради.

Адвокатлар Темировнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли Свердловск туман ва Бишкек шаҳар судларининг қарорларини бекор қилишни ва оқлов ҳукмини чиқаришни сўрашган. «Шунингдек, биз уни Қирғизистон фуқароси деб тан олишни сўраймиз», — дея қўшимча қилади ҳимоячи.

Прокурор ҳукмларни қонуний ва асосли деб атаган ҳолда, уларни ўзгаришсиз қолдиришни сўраган. Олий суд судялар ҳайъати якунда давлат айбловчисини қўллаб-қувватлаган.

Ўз навбатида, маҳкум журналист халқаро судга мурожаат қилишини айтди.

ℹ️ Болот Темиров шу йилнинг январь ойида ҳибсга олинган эди. 22 январь куни кечқурун полиция ходимлари ва махсус кучлар журналистнинг офисига бостириб киришган. Улар томонидан тинтув ўтказилиб, Темиров чўнтагидан 7,79 грамм гашиш моддаси топилган. Болот ва унинг ҳамкасблари гиёҳванд моддалар унинг чўнтагига яширин солиб қўйилгани ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг қариндошлари қандай қилиб «нефть магнатига» айланганига доир текширувлар олиб борилгани учун ундан ўч олиш мақсадида январь ойида жиноий иш қўзғатилганини айтишган.

Май ойида Темиров Ички ишлар бўлими қарори билан терговчи унинг паспортини бекор қилганини хабар қилган эди. Журналистнинг адвокатлари терговчининг қарори устидан шикоят қилган, бироқ прокуратура буни қонуний деб топган.

Сентябрь ойида Свердловск туман суди Темировни наркотик моддалар сақлаш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари бўйича оқлаган. Журналист икки эпизод бўйича —ID-карта олиш учун ҳарбий гувоҳномани ва паспорт олиш учун вақтинчалик гувоҳномани қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Аммо даъво муддати ўтганлиги сабабли суд унга нисбатан жазо чораларини қўлламаган ва Темиров суд залида қўйиб юборилган.

Бишкек шаҳар суди 23 ноябрь куни апелляцияни кўриб чиқиб, биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган, бироқ Темировни Қирғизистондан чиқариб юборишга қарор қилган. Суд қарори эълон қилингач, журналистни мажбуран бинодан олиб чиқишган ва Москвага депортация қилишган. Декабрь ойида Ички ишлар вазирлиги Темировнинг Қирғизистонга кириши беш йилга тақиқлангани ҳақида хабар берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ