Қирғизистон Олий суди 2010 йилги Ўш воқеалари иши бўйича 2014 йилда сиртдан 16 йилга озодликдан маҳрум этилган Караматхон Абдуллаеванинг ҳукмини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда 24.kg агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар беради.
«Қарор якуний ва шикоят қилиниши мумкин эмас. Караматхон Абдуллаева Степной қишлоғидаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида. У 16 йиллик қамоқ жазосини ўтайди. У айбдор деб топилган жиноят учун даъво муддати йўқ», — дея тушунтиради манбалар.
ℹ️ 72 ёшли Карамат Абдуллаева этник ўзбек бўлиб, 2010 йилнинг июнигача «Евроосиё» жамғармаси ва Қирғизистон аёллар конгрессининг Ўш вилояти бўлими кўмагида Ҳуқуқий ахборот марказини бошқарган.
2010 йил 11 июнида мамлакат жанубида бошланган тартибсизликлар вақтида Абдуллаева хорижда бўлган: дастлаб бизнеси бўлган Туркияда, сўнгра 12 июнь куни ватанига қайтиш учун Тошкентда учиб келган. Лекин йўллар аллақачон ёпиқ бўлган. У жўнаб кетишидан бироз аввал ўзбек миллий маданий марказлари раҳбарларининг «2010 йил апрель инқилоби»дан кейин ўтказилиши белгиланган референдум ва парламент сайловларига тайёргарлик кўриш масалалари бўйича йиғилишида иштирок этган.
Қирғиз ҳукумати тўрт юзга яқин одам ҳалок бўлган мазкур тартибсизликларни уюштирганликда ўзбек жамияти етакчилари Қодиржон Ботиров ва Ином Абдурасуловни айблаган, улар сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2018 йил декабрида Қодиржон Ботиров Одессада 62 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди.
Карамат Абдуллаева Ўш воқеалари ташкилотчиларидан бири сифатида 16 йил сиртдан жазо олган. У қидирувга берилган ва орадан 13 йил ўтиб, шу йилнинг 22 апрелида ҳибсга олинган. Ўш шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, Абдуллаева Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ва Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Бироқ «Фарғона» манбасининг айтишича, фаол Қирғизистонга ўз ихтиёри билан келган ва назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган. «Хавфсизлик кучлари уни ҳибсга олиш учун ҳеч қандай ҳаракатга муҳтож эмас эди. Абдуллаева узоқ вақтдан бери Ўшга келмоқчи эди, бу унинг ўйлаб босилган қадами эди», — дея таъкидлайди манба.