Қирғизистон Хитойнинг ТВEА компаниясини Сари-Жаз дарёси бўйлаб ГЭСлар каскади қурилишига жалб қилди

Акилбек Жапаровнинг Сари-Жаз дарёсига қилган парвози видеосидан кадр

Қирғизистон ҳукумати Хитойнинг ТВEА компанияси билан Сари-Жаз дарёсида гидроэлектр станциялар (ГЭС) каскадини қуришда ҳамкорлик қилиш ниятида меморандум имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаровнинг Шинжон-Уйғур автоном районига (ШУАР) ташрифи доирасида имзоланди.

«Қирғизистон ва Хитой ўртасида, хусусан ШУАР билан энергетика соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи биринчи ўринда туради. Қирғизистон томони Сари-Жаз дарёсида ГЭС қурилиши лойиҳасини биргаликда амалга оширишдан манфаатдор», — деди Жапаров Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, ШУАР партия қўмитаси котиби Ма Синжуй билан учрашувда.

Томонлар яна бир қанча ҳужжатларни, жумладан меморандумларни имзоладилар:

👉 электр энергиясини етказиб бериш учун энергетика инфратузилмасини улаш борасида;

👉 режалаштирилган Бедел назорат пунктидан ўтувчи йўл қурилиши борасида;

👉 500 кВли «Кемин-Торугарт» электр узатиш линиясини қуриш борасида.

ℹ️ Трансчегаравий Сари-Жаз дарёсида (Қирғизистондан орқали Хитойга оқиб ўтади) олтита гидроэлектр станциясини қуриш режаси 1982-1987 йилларда ишлаб чиқилган. Мустақиллик йилларида уни амалга ошириш бўйича ишлар тўхтатилган бўлса, эндиликда уларни қайта тиклашга қарор қилинди.

Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраевнинг Tazabek нашрига маълум қилишича, Сари-Жаздаги ГЭСнинг умумий қуввати 1160 МВтни, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 4,6 миллиард кВт/соатни ташкил этади. ГЭСларни беш-олти йил ичида қуриш режалаштирилган. 2014 йили ГЭС каскадининг қиймати 3 миллиард долларга баҳоланган эди.

ℹ️ Июль ойида Қирғизистон 1160 МВт қувватга эга Қазарман ГЭСлар каскади қурилишида иштирок этиш бўйича Хитойнинг учта компанияси билан келишиб олгани хабар қилинган эди. Консорциум таркибига PowerChina Northwest Engineering Corporation Ltd, Green Gold Energy ва China Railway 20th Bureau Group Co Ltd киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ