Қирғизистонда «Вагнер» сафида хизмат қилган йигит қўлга олинди

Қирғизистон МХДҚ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК)да хизмат қилган ватандошни қўлга олди. Бу ҳақда Kloop.kg хабар берди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълум қилишича, қўлга олинган шахс 2022 йил 22 феврал куни Россияга ишлаш учун келган. Кўп ўтмай, у ҳибсга олиниб, колонияга жўнатилган, сўнгра «Вагнер»га ёлланиб, Украинага юборилган.

Ўтган йил 1 август куни Қирғизистонда йигит қўлга олинган, иш судга ўтказилган. Бу борада Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси

бошқа давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган қирғизистонлик мол-мулки мусодара қилиниб, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинишини эслатади.

Аввалроқ «Азаттиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) Қирғизистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳибсга олинган эркакнинг рафиқаси нашрга маълум қилишича, у 27 ёшда, Норин вилоятида туғилган, уларнинг икки фарзанди бор. Эркак 2020 йили Россияга ишлаш учун кетган. 2021 йили у гиёҳванд моддалар савдосида гумонланиб ҳибсга олиниб, 10 йилга қамалган.

«Эрим сохта айбловлар билан ҳибсга олинган ва судланган. Унинг айтишича, Россия қамоқхоналарида аҳвол жуда ёмон. Кейинчалик чорасизликдан «Вагнер»га қўшилган ва Украинага жўнаб кетган, — дейди ҳибсга олинган шахснинг рафиқаси.

Қирғизистонлик 8 июль куни ватанига қайтган.

«Қишлоққа етиб келдиб у ерда қурбонлик қилдик. Шундан сўнг Бишкекка жўнаб кетдик ва 31 июль куни Норинга қайтдик. 1 август куни соат 7:40 да ўзини МХДҚ ходимларимиз деб таништирган шахслар келиб, турмуш ўртоғимни қўлга олишди», — дейди ҳибсга олинган шахснинг рафиқаси.

ℹ️ Бу Россия томонидан Украинада эълон қилинган махсус ҳарбий операция иштирокчисининг Қирғизистонда қўлга олиниши билан боғлиқ иккинчи ҳолат. 2023 йил май ойида Бишкек суди 31 ёшли Асқар Кубаничбек уулини 10 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ