Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатнинг постсовет давридаги тараққиётини акс эттирувчи китоб чоп этди.
24.kg ахборот агентлигининг ёзишича, «Жаңы Кыргызстанды куруунун багыты» («Янги Қирғизистонни қуриш йўли») китоби тўрт қисмдан иборат. Биринчи қисм мамлакатни янгилаш ғоясининг туғилишига бағишланган бўлса, иккинчи қисмида республиканинг асосий ғоявий йўналишлари, учинчи қисмида халқнинг миллий урф-одатлари, хусусиятлари ва маданияти, тўртинчи қисмида эса халқнинг миллий анъаналари, хусусиятлари ва маданияти баён этилган.
Китоб қирғиз тилида 41 минг нусхада чоп этилиб, вилоят кутубхоналари ва Қирғизистондаги турли муассасаларга жўнатилган.
ℹ️ «Жаңы Кыргызстанды куруунун багыты» Садир Жапаров муаллифлигида нашр этилган иккинчи китобдир. Биринчиси 2015 йили «Сиёсатда 10 йил» деб номланган. 24.kg эслаганидек, унда 2005 йилдан бери Қирғизистонда содир бўлган асосий сиёсий воқеалар тасвирланган. Хусусан, унда мамлакатнинг биринчи президенти Асқар Акаевнинг қочиб кетиши, Қурманбек Бакиевнинг ҳокимиятга келиши, Феликс Қулов билан тандем ташкил этилгани, Садир Жапаровнинг Коррупцияга қарши кураш агентлигидаги фаолияти, мухолифатнинг норозилик намойишлари ва бошқалар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.