Қирғизистон Хитойнинг учта компанияси билан Қозарман ГЭСи каскади қурилишида инвестор сифатида иштирок этиш бўйича келишиб олди. Инвестицияларнинг умумий қиймати дастлабки тахминларга кўра 2,4-3 миллиард долларни ташкил этади, дея хабар берди Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.
Хитойнинг учта компанияси консорциуми билан инвестиция шартномаси имзоланди:
▶️ PowerChina Northwest Engineering Corporation Ltd;
▶️ Green Gold Energy (GGE);
▶️ China Railway 20th Bureau Group Co Ltd.
Ҳужжатларни имзолаш маросими 27 июл куни «Иссиқкўл 2023” VI Халқаро иқтисодий форумида бўлиб ўтди.
Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаровнинг сўзларига кўра, тузилган сармоявий битим республика тарихидаги энг йирик шартномадир.
«Айни пайтда давлат раҳбари раҳнамолигида бир хил кўламдаги яна ўнлаб лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Келгуси йилларда биз нафақат электр энергияси ишлаб чиқаришдаги тақчилликни қоплаймиз, балки электр энергияси экспортидан йилига юзлаб миллион доллар даромад олиш имконини берадиган қувватларга эришамиз», — деди Жапаров.
Жалолобод вилояти Тоғуз-Торо тумани, Қазарман қишлоғи яқинидаги Норин дарёсида Қозарман ГЭСи каскади қурилади. У 2030 йилгача фойдаланишга топширилади. Умумий қуввати 1160 МВт бўлган каскад тўртта гидроэлектростанцияни ўз ичига олади:
👉 Ола-Буқа ГЭСи — 600 МВт;
👉 Қора-Булун-1 ГЭСи — 149 МВт;
👉 Қора-Булун-2 — 163 МВт;
👉 Тоғуз-Торо ГЭСи — 248 МВт.
ℹ️ Бу Қирғизистон ҳукуматининг Қазарман ГЭСи каскади лойиҳасига хорижий инвесторларни жалб этишга қаратилган биринчи уриниши эмас. Мисол учун, 2016 йили Хитойнинг State Power Investment Corporation компанияси қурилишда иштирок этишни режалаштираётганини эълон қилганди. Аммо бу ният охир-оқибат амалга ошмаган.
2022 йил август ойида Қозоғистоннинг Orient Trade Investment Company компанияси лойиҳага қизиқиш билдирган. Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси хабарига кўра, компания Қирғизистоннинг «Электр станциялари» ОАЖ билан Казарман ГЭСлар каскадини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича меморандум имзолаган. Кейин қурилиш қиймати 1 миллиард долларга баҳоланган, муддати 5-6 йилни ташкил этган. Қирғизистон оммавий ахборот воситалари Orient Trade Investment Company кичик корхона бўлиб, унда 10 га яқин ходими кенг турдаги товарлар билан савдо қилиш билан шуғулланишини аниқлаган.